
«Янги банк»нинг лицензияси чақириб олинди
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади.

Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарори билан «Янги банк» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
Бу қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмаганлиги, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмаганлиги сабабли қабул қилинди.
Регулятор томонидан тегишли тартибда банк фаолиятини тугатиш белгиланди ва тугатиш комиссияси тайинланиб унга тугатиш ишларини бошқариш ваколатлари ўтказилди.
Марказий банк «Янги банк»ка лицензияни 2023 йил май ойида тақдим қилган эди. Шу тариқа Ўзбекистонда фаолият юритаётган банклар сони 34 тагача қисқарди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади. Аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади.
373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
Марказий банк бу масала доимий эътиборида бўлиб, жараён босқичма-босқич кузатиб борилиши ва жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот берилишини маълум қилди.
Банк нега ёпилмоқда?
Марказий банк талабларига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги банкларда устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўмни ташкил қилиши керак.
Бироқ, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, «Янги банк»нинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этган. Регулятор томонидан устав капитали бўйича талабларни бажариш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилган.
Шунга қарамасдан, «Янги банк» ушбу масала бўйича етарли амалий чоралар кўрилмаган. Бу эса банк лицензиясини чақириб олиш учун асос бўлган.
«Янги банк»даги аҳоли омонатларининг 200 млн сўмгача қисми давлат томонидан кафолатланади.
Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаш юзасидан Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан жамоатчиликка доимий равишда расмий ва ишончли ахборот бериб борилади.
Омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши бўйича батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг +998-55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкин.





