
Ер курраси ўқи 80 сантиметрга силжиди: инсон сабаб бўлган геофизик жараён
Ерости сувлари истеъмоли Ернинг ўқини ҳам «силжитаяпти». Олимлар Ернинг оғиши инсон томонидан сарфланган сувлар орқали юзага келганини исботлади.

Сўнгги тадқиқотлар Ердаги сув захираларининг номутаносиб сарфи фақат қурғоқчилик ва денгиз сатҳига эмас, балки Ернинг ўзига хос «мувозанати» — айланиш ўқига ҳам таъсир кўрсатаётганини аниқлади.
Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети профессори Ки-Вён Со раҳбарлигидаги олимлар жамоаси 1993–2010 йиллар оралиғида Ер ости сувларидан 2150 гигатонна (2,15 трлн тонна) сув тортиб олингани ва бунинг натижасида Ер ўқи 80 сантиметрга силжиганини маълум қилди. Бу глобал геофизик жараённи илк бор рақамларда кўрсатган тадқиқот сифатида қайд этилди.
Бундай улкан миқдордаги сув массаси асосан Америка ва Ҳиндистоннинг шимолидаги ҳудудларидан тортиб олинган ва охир-оқибат океанларга қўшилган. Бунинг ўзи, денгиз сатҳининг 0,24 дюймга кўтарилишига сабаб бўлган. Олимлар бу жараён гарчи бир қарашда «денгизга томчи»дек кўринишга эга бўлса ҳам, Ердаги сув массасининг қайта тақсимланиши унинг айланишига таъсир кўрсатишини айтишмоқда.
NASAнинг 2016 йилдаги ҳисоботларида бу таъсир назарий жиҳатдан кўрсатилган эди, аммо сўнгги тадқиқот илк бор бу силжиш миқёсини аниқ рақамлар билан тасдиқлади. Энг катта таъсир сув омборлари эмас, балки Ер ости сувларининг тортиб олиниши билан боғлиқ экан.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Ер ўқининг ўзгариши қайтариб бўлмайдиган жараён эмас, аммо жаҳон миқёсида сув захираларини оқилона бошқариш орқали бу жараён секинлаштирилиши мумкин. Қисқа муддатда бу ўзгариш кундалик ҳаётда сезилмаслиги мумкин, бироқ узоқ муддатда у иқлим ўзгариши, сув айланиши ва денгиз сатҳи учун жиддий хавф туғдиради.
Ки-Вён Со ўз хулосасида «Олим сифатида топилмадан мамнунман, аммо ота ва Ер сайёраси аҳолиси сифатида ташвишдаман», деди.





