Йирик P2P ўтказмаларини назорат қилиш ғояси Конституцияга зид — Марказий банк
Марказий банк йирик P2P ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига бериш таклифига муносабат билдирди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк ойлик йирик P2P ўтказмалар бўйича маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни назарда тутувчи таклиф Конституциянинг 41-моддасига зид эканини маълум қилди. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев «Kursiv Uzbekistan» сўровига берган изоҳида билдирди.
Регуляторга кўра, бундай механизм фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига таъсир қилиши, нақд пул айланмаси ошиши ва маблағларнинг банк тизимидан ташқари норасмий муомалага ўтишига олиб келиши мумкин.
Конституциянинг 41-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.
Банк сири масаласи
Марказий банкнинг қайд этишича, таклиф этилаётган тартиб нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ўртасидаги фарқни янада ошириши ҳамда яширин иқтисодиёт улуши ўсишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, регулятор ойига 500 БҲМ миқдоридаги чегара нима сабабдан танлангани бўйича маълумотга эга эмаслигини, ушбу лойиҳа Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилганлигини билдирди.
Марказий банк амалдаги қонунчилик доирасида банк сири ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун зарур техник ҳамда ташкилий чоралар мавжудлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ қўмитаси жамоатчилик муҳокамасига қўйган қарор лойиҳасида «Банк-солиқ» махсус ахборот алмашиш модулини жорий этиш таклиф қилинганди.
Лойиҳага кўра, агар жисмоний шахснинг битта картасига бир ой давомида бошқа шахсларнинг банк карталари ёки электрон ҳамёнларидан БҲМнинг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ маблағ — ҳозирги ҳисобда 206 млн сўм келиб тушса, банк ушбу маълумотни Солиқ қўмитасига тақдим этиши белгиланган.
Таклиф эълон қилингач, у жамоатчилик орасида кенг муҳокамалар ва турли эътирозларга сабаб бўлди.
Кейинроқ Солиқ қўмитаси банклар томонидан солиқ органларига маълумот тақдим этиш тартибини белгиловчи қарор лойиҳаси юзасидан расмий изоҳ берди.
Идорага кўра, ҳужжат банк ҳисобварақлари ёки омонатлар устидан янги назорат механизмларини жорий этишни эмас, балки банклар ва солиқ органлари ўртасидаги мавжуд ахборот алмашинуви жараёнларини ягона тартибга солишни мақсад қилган.
Қўмита айрим оммавий ахборот воситаларида лойиҳа аҳоли омонатларини назорат қилишга қаратилган ташаббус сифатида талқин қилинаётгани унинг мазмунини тўлиқ акс эттирмаслигини билдирди.
«Лойиҳа солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ҳамда фуқаролар ёки тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини назарда тутмайди. Банклар солиқ органларига маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этишга ҳақли», — дейилади қўмита баёнотида.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси «Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, солиқ солиш билан боғлиқ айрим маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши мумкинлигини эслатди. Бунда олинган маълумотлар солиқ сири ҳисобланади ҳамда уларни ошкор қилиш, учинчи шахсларга бериш ёки белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланиш тақиқланади.
Идора бундай ахборот алмашинуви механизмлари халқаро амалиётда, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларда қўлланилишини таъкидлади.
Қарор лойиҳаси ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилиши мумкин.





