Ёш оилаларга уй-жой олишда ипотека имтиёзи берилади
Ёш оилаларга бериладиган уй-жой ипотека кредити бўйича 14 фоиздан юқори ставкани бюджет ҳисобидан қоплаш режалаштирилмоқда.

Ҳар йили мамлакатда қарийб 270 минг янги оила ташкил топаётгани шароитида ёшларни уй-жой билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти давомида маълум қилинди.
«Ёш оилалар учун энг аввало нима керак? Албатта, қулай ва шинам уй-жой зарур. Шуни ҳисобга олиб, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасини 14 фоиздан ошган қисми буджетдан қоплаб берилади», деди Президент.
«Китобхонлик маданиятини ривожлантириш» жамғармаси ташкил этилади
Ёшлар сиёсати доирасида ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги шароитда китобхонликни рағбатлантириш муҳим масала сифатида қайд этилди. Шу мақсадда «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш» жамғармаси ташкил этилган бўлиб, у орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртмалар берилади. Танланган муаллифларга бир йил давомида ҳар ой 20 миллион сўм миқдорида ҳақ тўланади.
Шунингдек, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига, миллий асарларни эса хорижий тилларга таржима қилиш ва нашр этиш харажатларининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу миллий адабиётни халқаро майдонга олиб чиқиш ва китоб бозорини кенгайтиришга хизмат қилади.
Янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат китоблар тўпламини тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш вазифаси юклатилди. Энг фаол китобхон ўқувчилар 10 миллион сўмлик мукофот билан тақдирланади.
Бундан ташқари, кутубхона, «book cafe» ва китоб дўконлари очиб, ойлик савдони 10 минг донадан оширган тадбиркорларга уч йилгача 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда ажратилади.





