Зеленскийнинг «ўнг қўли» — Андрей Ермак қамоққа олинди

Бугун 21:142 дақиқа

Украина Олий аксилкоррупция суди Президент офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Суд жараёнида унинг фолбин билан маслаҳатлашгани ҳақида ҳам сўз борди.

Зеленскийнинг «ўнг қўли» — Андрей Ермак қамоққа олинди

Украина Олий аксилкоррупция суди бугун, 14 май куни Президент офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакни пул ювиш иши бўйича икки ойга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Суд унинг озодликка чиқиши учун 140 миллион гривна миқдорида гаров белгилади. Бу ҳақда «Би-би-си» рус хизмати хабар бермоқда.

10 миллион долларлик схема

Тергов маълумотларига кўра, Ермак бир гуруҳ сиёсатчи ва бизнесменлар билан биргаликда Киев яқинидаги «Династия» коттеж шаҳарчасида элита турар-жойларини қуриш орқали тахминан 460 миллион гривна (10,5 миллион доллар) маблағни ноқонуний ўзлаштирган ва ювган.

Айтилишича, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда жиноий йўл билан топилган маблағлар тўртта ҳашаматли резиденция қурилишига йўналтирилган бўлиб, Ермак улардан бирининг эгасига айланиши керак бўлган.

Фолбин маслаҳати

Суд жараёнида терговчилар Ермакнинг фаолиятига доир шов-шувли деталларни очиқлади. Прокурорларнинг таъкидлашича, Ермак давлат лавозимларига номзодларни тайинлашда «Вероника Феншуй» номи билан рўйхатга олинган астролог (фолбин) билан маслаҳатлашган.

Ермак номзодларнинг туғилган санасини фолбинга юбориб, уларнинг «келажагини» текширтирган. Масалан, Президент офиси раҳбари ўринбосари Олег Татаровнинг тайинланиши ҳам айнан шундай «маслаҳат» асосида бўлган бўлиши мумкин.

Ермакнинг ҳайдовчисининг автомобилидан Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) раҳбариятига тайинланадиган шахсларнинг махфий режалари ёзилган қоғозлар топилган.

Қулашнинг бошланиши

Андрей Ермак беш йил давомида Украинанинг энг қудратли амалдори бўлиб келган. Унинг қулаши ўтган йилнинг ноябр ойида «Энергоатом» давлат компанияси атрофидаги йирик коррупция жанжали — «Миндичгейт» билан бошланди.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг собиқ бизнес шериги Тимур Миндич марказида бўлган бу жанжалдан сўнг Ермак лавозимидан бўшатилган эди. Ермакнинг адвокати Игор Фомин белгиланган гаров миқдорини «ақлга сиғмайдиган» деб атади.

«180 миллион (прокуратура сўраган сумма) — бу бир жип тўла пул дегани. Прокурор Ермакнинг бункерда ўтказган 6 йилини «ҳашаматли ҳаёт» деб баҳоладими?», - деди у.


Ҳозирда Ермак ҳибсда қолмоқда. Агар гаров пули тўланса, унга Киевдан чиқиб кетмаслик, чет элга чиқиш паспортларини топшириш ва иш бўйича гувоҳлар, жумладан, фолбин Вероника Аникиевич билан мулоқот қилмаслик мажбурияти юкланади.

Теглар

Мавзуга оид