Logo

+48 даража: Ёз ёндиряпти

Bugun 20:067 daqiqa

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +48 даражагача кўтарилиши маълум қилинди. Бу йилги ёз мавсуми ҳам «Энг иссиқ ёз» сифатида эсланадиган бўлди. Лекин, нега ҳаво ҳарорати йилдан-йилга бунчалик қизиб бормоқда? Бундай иқлим ўзгариши Ўзбекистон ва унинг иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Энг муҳими, олдинда бизни нималар кутмоқда? Vaqt.uz таҳлили билан танишинг.

Аномал иссиқ ва дастлабки чекловлар

Гидрометеорология хизмати прогнозига кўра, 15–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, энг иссиқ кунлар кузатилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳарорат +47 даражагача, айрим чўл ҳудудларида эса +48 даражагача етиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрида +44, водий вилоятларида +43, одатда салқин бўладиган тоғли ҳудудларда эса +34 даража бўлиши кутилмоқда.

1

Ушбу аномал жазирама аллақачон ижтимоий - ҳаётга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ортидан мамлакатнинг бир қанча вилоятларида болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Энг йирик чеклов Тошкент вилоятида жорий этилди: 16 июлдан бошлаб вилоятдаги барча давлат, хусусий ва идоравий мактабгача таълим ташкилотлари номаълум муддатга ёпилди. Боғчалар фақат об-ҳаво меъёрига келгач ва ҳокимликнинг алоҳида қарори билан қайта очилади. Бундан ташқари, бошқа ҳудудларда ҳам қуйидаги чекловлар ўрнатилган:

·         Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги барча давлат боғчалари — 17 июлгача;

·         Сурхондарё вилоятида — 18 июлгача;

·         Жиззах вилоятининг кўплаб туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги жами 103 та давлат боғчаси — 15–17 июль кунлари фаолиятини тўхтатди;

·         Бухоро вилояти, Навоийнинг айрим ҳудудлари ҳамда Қорақалпоғистоннинг катта қисмида ҳам аномал иссиқ сабабли боғчалар вақтинча ёпилган.

Йўл инфратузилмасини асраш мақсадида транспорт тизимида ҳам чекловлар ўрнатилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида 9:00 дан, Сурхондарё вилоятида эса 10:00 дан 19:00 гача бўлган вақт оралиғида оғир юк автомобилларининг ҳаракати вақтинча чекланди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги ҳозирги иссиқ ҳавонинг инсон организмига таъсири Африка, Арабистон яримороли, Покистон ва Эроннинг энг жазирама ҳудудларидаги шароитга яқинлашган. Гарчи ҳарорат +44...+45 даражани кўрсатса-да, тана уни янада оғирроқ қабул қилади. Натижада аҳоли ўртасида иссиқ уриши, сувсизланиш, қон босимининг ўзгариши ҳамда юрак-қон томир тизимига юклама тушиши каби хавфлар ортади. Ёз мавсумидаги бундай аномал иссиқ ва қиш мавсумидаги аномал совуқ об-ҳавонинг сабаби сифатида иқлим ўзгаришини келтириш мумкин.

Иқлим ўзгариши

2

Манба БМТ

Иқлим ўзгариши, бу – жуда узоқ давом этадиган жараён бўлиб, маълум бир ҳудуд ёки бутун Ер юзидаги ўртача ҳарорат, ёғингарчилик ва бошқа об-ҳаво шароитларининг аста-секин ўзгаришини англатади. Бу ўзгаришлар эса табиатга, иқтисодиётга ва инсонлар ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгариши Қуёш фаоллигининг ўзгариши ёки йирик қулқон отилишлари каби табиий сабаблар орқали ҳам юз бериши мумкин. Бироқ, бугунги кунда кузатилаётган глобал исишнинг асосий сабабчиси табиат эмас, балки бевосита инсон омилидир. Иқлимшунос олимларга кўра, XIX асрдан бошланган саноатлашув давридан буён, яъни сўнгги 200 йил ичида кузатилган иқлим ўзгаришларининг деярли барчаси инсон фаолияти натижасида юзага келган. Энг оддий мисол, дунёда ишлатилаётган энергиянинг 86 фоизи ҳали ҳам кўмир, нефть ва табиий газ ҳисобига ишлаб чиқарилмоқда. Айнан шу газларни ёққанимизда атмосферага жуда зарарли газлари ажралиб чиқади. Газлар эса ер атрофини ўраб олади, натижада қуёшдан келаётган иссиқлик чиқиб кетмасдан, атмосферада қолади ва сайёрадаги ҳарорат кўтарилиб кетаверади.

Ҳарорат ошиб бораркан, иқлимшуносларга кўра, ер юзида яшовчи барча тирик организмлар ҳаёт фаолиятида бузилиш, ўзгаришлар кузатила бошлайди. Бу худди тана ҳарорати кўтарилганда, организмнинг ҳолсизланиб қолишига ўхшайди. Бундан ташқари, кучли қурғоқчилик сув танқислиги, ўрмон ёнғинлари, денгиз сатҳининг кўтарилиши, сув тошқинлари, қутб музликларининг эриши ҳам иқлим ўзгаришинг аянчли оқибатларидир. Охирги йилларда Ўзбекистонда ҳам нега чанг бўронлари тез-тез бўлётганини иқлим ўзгариши билан изоҳлаш мумкин. Шундай давом этсак, афсуски, ҳарорат янада кўтарилаверади, яшашимиз эса қийинлашаверади.

Масалан, жазирама сабаб шу йил Европада жами 10 мингдан ортиқ одам вафот этди. Кўплаб давлатлар, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ёки тошқинлардан азият чекмоқда. Ўзбекистон дунё бўйича қурғоқчилик хавфи энг юқори 20 та мамлакат қаторига кириши, мамлакатнинг бу каби хавфлардан ҳоли эмаслигини кўрсатади.

Иқлим ўзгаришининг иқтисодиётга таъсири

Иқлим ўзгаришининг оқибатлари фақатгина экологик муаммолар, қурийдиган дарёлар ёки иссиқ ҳаво билан чекланмайди. У энг аввало давлат иқтисодиётига, бизнес ривожига, аҳолининг даромади ва яшаш шароитига бевосита зарба беради.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, агар Ўзбекистон иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини зудлик билан кучайтирмаса, 2050 йилга бориб мамлакат иқтисодиёти кутилган ҳажмдан 10 фоизга қисқаради. Бу — макроиқтисодий тилда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, янги иш ўринларининг қисқариши ҳамда одамлар даромадининг пасайишини англатади.

Муаммолар кўлами шу билан тугамайди. Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб 8 миллионга яқин ўзбекистонлик иқлим хавфи ўта юқори бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлиши мумкин. Иссиқ тўлқинлари, қурғоқчилик ва сув танқислигининг кучайиши фонида аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпаяди. Натижада соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган юклама ортади ва давлат аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун бюджетдан янада кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлади. Ушбу қўшимча харажатлар якунда барибир мамлакат иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Сув танқислиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги

Олдимизда турган энг жиддий инқирозлардан бири — сув танқислигидир. Бугунги кунда Ўзбекистон сув манбаларининг деярли 80 фоизи мамлакат ташқарисида шаклланади. Ҳаво ҳароратининг исиб бориши ортидан тоғлардаги музликлар қисқармоқда, буғланиш даражаси ва қурғоқчилик хавфи ортиб бормоқда. Жаҳон банки прогнозига кўра, келажакда Ўзбекистондаги сув ресурслари 30–40 фоизгача камайиши, аксинча, аҳоли ва иқтисодиётининг сувга бўлган эҳтиёжи эса 25 фоизга ошиши мумкин.

Сув тақчиллигидан энг катта зарарни, ҳеч шубҳасиз, қишлоқ хўжалиги кўради. Боиси, мамлакатдаги мавжуд сув захираларининг қарийб 90 фоизи айнан экинларни суғоришга сарфланади.

Бу ердаги мантиқий занжир жуда оддий ва хатарли: сув камайган сари ҳосилдорлик пасаяди. Ҳосил қисқаргач, фермер ва деҳқонларнинг харажатлари кескин ошади. Харажатнинг ортиши эса занжир реакцияси орқали бозордаги мева, сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг қимматлашишига олиб келади. Демак, иқлим ўзгариши бевосита бозордаги нарх-навога ва ҳар бир оиланинг яшаш сифатига дахл қилади.

Энергетикадаги муаммолар

Иқтисодий таъсирлар рўйхатида энергетика муаммосини ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Ҳаво қизиб боргани сари, миллионлаб одамлар бир вақтнинг ўзида ҳаво совутгичларидан (кондиционерлардан) фойдаланишни бошлайди. Натижада электр истеъмоли кескин ошиб, бутун тизимга тушадиган юклама ортиб кетади. Бунинг оқибатида трансформаторларда носозликлар кузатилиб, чироқ ўчиш ҳолатлари кўпаяди.

Рақамларга эътибор қаратсак, вазиятнинг нақадар жиддийлиги намоён бўлади. Хусусан, 13 июль куни ўзбекистонликларнинг суткалик электр истеъмоли 278,6 миллион киловатт-соатга етган. Бу — аввал қайд этилган рекорд кўрсаткичдан 6 миллион киловатт-соатга (ёки 2,2 фоизга) кўп деганидир.

UNDP келтирган рақамлар энергиядан самарасиз фойдаланиш Ўзбекистонга ҳар йили ЯИМнинг тахминан 4,5 фоизи миқдорида зарар келтирётганини кўрсатмоқда. Ҳозирги ялпи ички маҳсулотнинг 4,5 фоизи деярли 83 триллион сўм дегани. Шулардан ҳам тушуниш мумкинки, иқлим ўзгариши ҳақидаги гаплар фақат қоғозлардаги статистика ёки узоқ келажак эмас, буларни ҳаммаси бугунимиз ҳақида ва иқлим ўзгариши оқибатларини энди ҳар биримиз ўз танамизда ҳис қиляпмиз.

Жазирамадан қандай ҳимояланиш мумкин?

Касби юзасидан ёки зарурат сабаб кўчада ҳаракатланадиган одамлар учун мутахассислар қуйидаги оддий, аммо ҳаётий муҳим қоидаларга амал қилишни қатъий тавсия этади:

·         Бош кийимсиз кўчага чиқманг: Агар ташқарига чиқишга тўғри келса, албатта бош кийим кийиш зарур. Бошдан қуёш ўтиши бутун организм фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилади, бош оғрийди, кўнгил айниши ёки ҳатто инсон ҳушдан кетиши ҳам кузатилиши мумкин.

·         Сув баланси ва тўғри овқатланиш: Кун давомида тез-тез сув ичиб туриш қоида бўлиши керак. Овқатланиш рационида ҳам оғир ва ёғли таомлар ўрнига енгил овқатлар, шунингдек, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

·         Тўғри кийим танлаш: Иссиқ кунда тўғри рангдаги кийимларни танлаш энг муҳим омиллардан биридир. Оч рангли, пахтадан тикилган, ҳавони яхши ўтказадиган ва кенгроқ кийимлар танани камроқ қиздиради. Шунингдек, ҳеч қачон болаларни, кексаларни ёки уй ҳайвонларини ёпиқ машина ичида ёлғиз қолдириб кетманг. Қуёш остида турган автомобилнинг ичкариси бир неча дақиқадаёқ ҳаёт учун хавфли даражагача қизиб кетиши мумкин.

3

Табиат бизсиз яшай олади, биз-чи?

Бугунги кузатилаётган аномал жазирама иқлим ўзгариши шунчаки хавотир эмас, балки ҳаётимизга аллақачон ўзининг салбий таъсирини ўтказа бошлаган мутлақ реаллик эканини исботламоқда. Гарчи инсоният глобал исиш жараёнларини бутунлай тўхтатиб қолиш имкониятини бой берган бўлса-да, унинг ҳалокатли оқибатларини юмшатишга ҳали имкон бор.

Бунинг учун ҳар биримиздан атроф-муҳитга бироз эътиборли бўлиш ҳамда мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш талаб этилади. Масалан, кераксиз хоналардаги чироқларни ўчириб юриш, ишлатилмаётган электр қурилмаларини ва техникаларни токдан узиб қўйиш орқали энергетика тизимига тушётган юкламани бироз бўлсада камайтириш мумкин. Экологик ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан, табиат бизсиз яшай олишини, лекин биз табиатсиз яшай олмаслигимизни унутмаслик лозим.

Teglar

Mavzuga oid

+48 даража: Ёз ёндиряпти | Vaqt.uz