Logo

7 миллиондан 135 миллионгача: Ўзбекистоннинг энг қиммат хусусий ва халқаро университетлари рейтинги

Bugun 19:103 daqiqa

Vaqt.uz  энг қиммат хусусий ва халқаро университетлардаги контракт миқдорларини соҳалар кесимида таҳлил қилди

7 миллиондан 135 миллионгача: Ўзбекистоннинг энг қиммат хусусий ва халқаро университетлари рейтинги © Фото: Кирилл Зыков / АГН «Москва»

Ўзбекистонда хусусий олий таълим муассасалари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу ўз ўрнида бозорда рақобатни кучайтириб, таълим дастурларидан ташқари, контракт нархларида ҳам сезиларли фарқларни шакллантирди.

Хусусан, айни вақтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 215 та олий таълим ташкилотининг 97 таси ёки 45 фоизи нодавлат ОТМ ҳисобига тўғри келади.

Охирги беш йилда,  республикада олий таълим ташкилотлари сони 127 тадан 215 тага етган. Гарчи 2025/2026-ўқув йилида уларнинг сони аввалги йилга нисбатан 7 тага камайган бўлса-да, беш йиллик кесимда ОТМлар сони 88 тага ёки қарийб 69 фоизга ошган. Ўсишда, асосан, нодавлат ва халқаро олий таълим муассасалари сонининг кўпайиши муҳим роль ўйнайди.     Бундай университетларда йиллик контракт нархлари қанча ва бу нималар ҳисобига шаклланган?

Хусусий университетларда контракт нархлари

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хусусий олий таълим муассасалари контракт миқдорини мустақил белгилайди. Шу сабабли университетлар ўртасида нархлар сезиларли даражада фарқ қилади. Контракт нархининг қанча бўлиши бино, шарт-шароитлар, таълим йўналиши, ўқитиш тили  ҳамда университетнинг ўз нарх сиёсатига қараб шаклланади. 2026/2027-ўқув йилида бакалавриат босқичи учун 10 та энг юқори йиллик контракт  миқдорлари қуйидагича:

2

Жадвалдан кўриш мумкинки, хусусий университетларда контракт нархлари ўртасидаги тафовут  катта. Central Asian Университйнинг тиббиёт йўналишида йиллик контракт 135 миллион сўм этиб белгиланган бўлса, TEAM Университйда бу кўрсаткич 41,5 миллион сўм, Stars International Университйда эса 30 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, энг юқори контрактлар асосан тиббиёт, ахборот технологиялари, бизнес ва сунъий интеллект каби йўналишларида қайд этилган.

Халқаро университетлар кесимида контрактлар

Халқаро университетларда контракт миқдори фақат таълим йўналишига эмас, балки  халқаро талим модели билан ҳам боғлиқ. Халқаро стандартлар асосида тузилган ўқув дастурлари, қўшма диплом бериш тизими, инглиз тилидаги таълим ва хорижий профессор-ўқитувчилар иштироки контракт нархининг нисбатан юқори бўлишига сабаб бўлади. Хусусан, ТОП-10 та хориж университетларида бакалавриат босқичи учун йиллик контракт миқдорлари қуйидагича шаклланган:

1

Рўйхатда энг юқори йиллик контракт 53 миллион сўм –Webster Университйъда қайд этилган бўлиб,  кейинги ўринларда Inha University (42,3 млн сўм) ва Bucheon University (40,2 млн сўм) жойлашган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу рўйхатга баъзи университетлар контракт нархларини очиқ эълон қилмагани сабабли киритилмаган.

Олий таълимга талаб юқорилигича қолмоқда

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, 2026/2027-ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида 677минг 907 нафар абитуриент иштирок этади. Уларнинг 451 минг 744 нафари ёки 66,6 фоизи жорий йил мактабни тамомлаган мактаб ўқувчилари ҳиссасига тўғри келади.

Бундай юқори талаб олий таълим муассасалари ўртасидаги рақобатни ҳам кучайтирмоқда. Натижада хусусий ва халқаро университетларга ҳам қизиқиш ортмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, 2025/2026-ўқув йили бошида Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етган. Бу кўрсаткич аввалги ўқув йилига нисбатан 102,2 минг нафарга ёки 7,1 фоизга кўп дегани.

Гарчи нодавлат ОТМлар сони ортиб бораётган бўлса-да, талабалар сони бўйича давлат олий таълим муассасалари ҳануз етакчилик қилмоқда. Хусусан, давлат ОТМларида қарийб 884 минг нафар, нодавлат ОТМларда эса 606 минг нафардан ортиқ, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида эса 39 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Нодавлат сектор ривожланиши ортидан университетлар нафақат таълим дастурлари, балки контракт нархлари бўйича ҳам рақобатлашмоқда.

Маълумот учун, давлат олий таълим муассасаларида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт миқдорлари 7,4 миллион сўмдан 14 миллион 627 минг сўмгача этиб белгиланган. Ушбу базавий контракт миқдорлари 2026-йилги қабулда ҳам ўзгаришсиз сақланиб қолган.

Муаллиф: Диёра Хабибуллаева

 

 

 

Teglar

Mavzuga oid