Logo

Банк картасининг муддати тугаса, нима қилиш керак?

Bugun 13:292 daqiqa

Картанинг амал қилиш муддати тугаган, ҳисобда эса пул бор. Бу пул сақланиб қоладими? Vaqt.uz банкларнинг шартлари ва тарифларини ўрганиб, картани қандай янгилаш ва пулни бошқа картага қандай ўтказиш мумкинлигини тушунтиради.

Банк картасининг муддати тугаса, нима қилиш керак?

Кўп банкларда карта 5 йилга берилади ва кўпчилик бу муддат қандай ўтганини сезмай ҳам қолади. Бир куни тўлов ўтмай қолса, савол туғилади: ҳисобдаги пул нима бўлади ва ўшанда қандай йўл тутмоқ керак? Қуйида Vaqt.uz ана шу саволларга жавоб излади.

Банк картасини қайта расмийлаштириш қанча туради? 

Банк картаси ҳисобварақдаги пулни бошқариш воситаси, шунинг учун унинг амал қилиш муддати тугаши ҳисобварақ ёпилганини англатмайди. Шундай экан пуллар ўз-ўзидан йўқолмайди. Бироқ шуни ҳам айтиш керакки, муддати тугаган карта билан тўлов қилиб ёки банкоматдан нақд пул ечиб бўлмайди. Марказий банкнинг изоҳ беришича, картанинг амал қилиш муддатини техник жиҳатдан узайтириш имконсиз.

Фойдаланишни давом эттириш учун янги картага ариза бериш керак. Буни банкнинг расмий сайтида, мобил иловасида ёки филиалида амалга ошириш мумкин. Янги карта чиқариш тартиби, нархи банкка ва карта турига қараб фарқ қилади, шунинг учун қайта расмийлаштириш шартларини картани чиқарган банкдан аниқлаб олиш керак.

Масалан, «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) ва «Infinbank»ларда Uzcard ва HUMO карталарининг амал қилиш муддати тугаганда уларни қайта расмийлаштириш
бепул. Бизнесни ривожлантириш банкида (BRB) эса муддати тугаган мазкур турдаги карталарни қайта чиқариш жисмоний шахслар учун 30 минг сўм туради.

Картадаги пулни бошқа картага қандай ўтказиш мумкин?

Карта муддати тугаган бўлса-ю, пулни ишлатмоқчи бўлсангиз, уни бошқа картага ўтказиш учун банкингизга мурожаат қилинг.

Марказий банк маълумотига кўра, Uzcard ва HUMO карталари ўртасида пулни банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси, сайти, айрим ҳолларда USSD-сўров ёки Telegram-бот орқали ўтказиш мумкин. Бироқ бу имконият барча банкларда мавжуд эмас.

Эслатма: карта муддати тугаганда унга боғланган автоматик тўловлар, обуналар ва интернет-дўконларда сақланган карта маълумотлари ўчиб кетиши мумкин. Янги карта чиқарилгач, айрим хизматларда унинг маълумотларини қайта киритиш талаб этилади.



Teglar