Logo

Банк соҳасида 11,3 млн, таълим ва тиббиётда 3,2 млн сўм: Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи эълон қилинди

Bugun 21:054 daqiqa

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача маош Тошкент шаҳрида (12 миллион 300,8 минг сўм), энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида (4 миллион 969,7 минг сўм) қайд этилди.

Банк соҳасида 11,3 млн, таълим ва тиббиётда 3,2 млн сўм: Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи эълон қилинди © ijtimoiy tarmoqlar

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 18 фоизга ўсиб, 7 миллион 274,1 минг сўмга етди, январь-август ойлари якунлари бўйича ҳисобланган медиана иш ҳақи эса 4 миллион 166,3 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 2026 йил 27 октябрда эълон қилинган дастлабки маълумотларида қайд этилди.

Қўмита маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олмаган ҳолда шакллантирилган ўртача ойлик номинал иш ҳақи кўрсаткичи ўтган йилларнинг мос даврида (январь-сентябрь) 2022 йилда 3 миллион 734,5 минг сўмни, 2023 йилда 4 миллион 424,2 минг сўмни, 2024 йилда 5 миллион 172,1 минг сўмни ҳамда 2025 йилда 6 миллион 166,2 минг сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик номинал иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ўсган ҳолда 12 миллион 300,8 минг сўмга тенг бўлди. Кейинги ўринларни Навоий вилояти (8 миллион 820,5 минг сўм, ўсиш суръати — 115,5 фоиз) ва Тошкент вилояти (6 миллион 889,9 минг сўм, ўсиш суръати — 119,1 фоиз) эгаллади.

Энг паст номинал иш ҳақи миқдори эса Қашқадарё (4 миллион 969,7 минг сўм) ва Сурхондарё (4 миллион 988,9 минг сўм) вилоятларида кузатилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Наманган (120,3 фоиз — 5 миллион 395,9 минг сўм), Жиззах (119,8 фоиз — 5 миллион 506,4 минг сўм), Тошкент (119,1 фоиз — 6 миллион 889,9 минг сўм) ва Бухоро (118,4 фоиз — 5 миллион 840,9 минг сўм) вилоятларида қайд этилди.

Шунингдек, бу кўрсаткич Фарғона вилоятида 5 миллион 383,3 минг сўмни (117,7 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида 5 миллион 676,8 минг сўмни (116,2 фоиз) ташкил этган.

Бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ бўлган вилоятлар қаторидан Қашқадарё (116,1 фоиз — 4 миллион 969,7 минг сўм), Андижон (115,6 фоиз — 5 миллион 765,4 минг сўм), Сирдарё (115,6 фоиз — 5 миллион 736,0 минг сўм), Хоразм (115,6 фоиз — 5 миллион 623,2 минг сўм), Навоий (115,5 фоиз — 8 миллион 820,5 минг сўм), Сурхондарё (114,8 фоиз — 4 миллион 988,9 минг сўм) ҳамда Самарқанд (111,5 фоиз — 5 миллион 373,4 минг сўм) вилоятлари жой олди.

Медиана иш ҳақи кўрсаткичи

Статқўм ҳисоботида халқаро тажриба асосида амалиётга жорий этилаётган синов (экспериментал) ҳисоб-китоблари натижасида аниқланган медиана иш ҳақи кўрсаткичлари ҳам келтирилган.

Қўмита тушунтиришига кўра, медиана иш ҳақи — ходимларнинг ярми ундан кам, қолган ярми эса ундан кўп маош оладиган миқдор бўлиб, у жуда юқори иш ҳақи олувчи кичик гуруҳ таъсирига камроқ боғлиқ бўлади ва меҳнат бозоридаги «оддий ходим» ҳолатини аниқроқ кўрсатади.

Ҳисоб-китобда фойдаланилган «Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар» маъмурий маълумотлари сентябрь ойи бўйича шахслар кесимида ҳали тўлиқ шаклланмагани сабабли, медиана иш ҳақи 2026 йилнинг январь-август ойлари учун (даромад солиғи чегирилмаган ҳолда) тақдим этилган ва уни январь-сентябрь ойлари учун берилган ўртача иш ҳақи билан бевосита таққослаб бўлмайди.

2026 йилнинг 8 ойи якунларига кўра, республика бўйича медиана иш ҳақи 4 миллион 166,3 минг сўмга тенг бўлди. Ҳудудлар кесимида медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида (6 миллион 791,2 минг сўм), энг паст кўрсаткичи эса Сирдарё вилоятида (2 миллион 998,4 минг сўм) қайд этилди. Қолган ҳудудларда медиана иш ҳақи миқдори қуйидагича шаклланди:

— Навоий вилояти — 6 213,8 минг сўм;
— Тошкент вилояти — 4 317,7 минг сўм;
— Андижон вилояти — 3 601,1 минг сўм;
— Бухоро вилояти — 3 558,7 минг сўм;
— Самарқанд вилояти — 3 500,0 минг сўм;
— Қорақалпоғистон Республикаси — 3 487,9 минг сўм;
— Жиззах вилояти — 3 409,2 минг сўм;
— Хоразм вилояти — 3 373,8 минг сўм;
— Фарғона вилояти — 3 293,3 минг сўм;
— Сурхондарё вилояти — 3 137,5 минг сўм;
— Наманган вилояти — 3 034,8 минг сўм;
— Қашқадарё вилояти — 3 028,1 минг сўм.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида (11 миллион 363,9 минг сўм), энг паст кўрсаткичи эса яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (2 миллион 860,0 минг сўм) кузатилди. Соҳалар кесимида медиана иш ҳақи кўрсаткичлари қуйидаги кўринишга эга бўлди:

— Ахборот ва алоқа — 8 752,4 минг сўм;
— Ташиш ва сақлаш — 8 300,5 минг сўм;
— Саноат — 5 858,5 минг сўм;
— Савдо — 4 654,9 минг сўм;
— Қурилиш — 3 942,8 минг сўм;
— Санъат, кўнгил очиш ва дам олиш — 3 647,4 минг сўм;
— Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш — 3 267,0 минг сўм;
— Таълим — 3 207,6 минг сўм.

Номинал ҳисобланган иш ҳақи солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи пул шаклидаги даромадлардан иборат. Республиканинг барча корхона ва ташкилотлари, жумладан, кичик корхоналар, микрофирмалар ва фермер хўжаликлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги умумий маълумотлар йилда бир маротаба шакллантирилиб, эълон қилинади.

Teglar

Mavzuga oid