Банклар олийгоҳларда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этади
Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект соҳаси учун йилига 2 минг нафар мутахассис тайёрлаётган олийгоҳларнинг бирортасида сунъий интеллект лабораторияси йўқлигини танқид қилди.

21 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда сунъий интеллект соҳасидаги муҳим муаммога эътибор қаратди — йиллик 2 мингга яқин мутахассис тайёрлаётган олий таълим муассасаларининг бирортасида ҳам сунъий интеллект лабораторияси мавжуд эмас. Шу муносабат билан келгуси ўқув йилига қадар 10 та олийгоҳни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш режаси билдирилди.
Йиғилишда банклар томонидан ҳам ташаббус кўрсатилиб, уларнинг ҳар бири биттадан олийгоҳда сунъий идрок лабораторияси ташкил этиши маъқулланди. Жами 9 та шундай марказ очилиши режалаштирилган бўлиб, бу давлат банкларининг амалиётини бошқа молиявий ташкилотлар учун ҳам намунага айлантиради.
«Янги Ўзбекистон» университети базасида «тормоқ – олийгоҳ – ҳамкор» тамойили асосида «сунъий интеллект кластери» ташкил этилади. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан «TOP-300» рўйхатидаги етакчи университетлар билан ҳамкорликда сунъий интеллект бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилади.
Президент сунъий интеллект, финтех, киберхавфсизлик, ахборот муҳандислиги, аэро-космик ва булутли технологиялар бўйича давлат грантлари квоталарини 35 фоизга оширишни таклиф этди. Талабаларнинг қизиқишини ошириш мақсадида олийгоҳлар ўртасида умуммиллий танлов ташкил этилади.
Шунингдек, маҳаллий стартаплар учун қулай экотизим яратилгани ва йил бошидан буён уларга 264 миллион доллар сармоя йўналтирилгани қайд этилди. Бироқ сунъий интеллект йўналишидаги лойиҳалар улуши ҳали ҳам паст экани таъкидланди. Шу сабаб, «Сунъий идрок соҳасидаги энг яхши стартап» номинациясида мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган танлов ўтказиш таклифи билдирилди.





