«Бепул» суиқасднинг аччиқ баҳоси: Исроил АҚШни «ботқоққа ботирди»

Kecha 21:306 daqiqa

Лорижонийнинг ўлими ортидан АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув эҳтимоли йўққа чиқди. Исроилнинг сўнгги уч ҳафтадаги ҳаракатлари мантиғига таянилса, «ўлим рўйхати»даги навбатдаги нишонлар — Арақчи ва Пизишкиён.

«Бепул» суиқасднинг аччиқ баҳоси: Исроил АҚШни «ботқоққа ботирди»

16-март тунида Исроил авиацияси Эрон миллий хавфсизлик кенгаши котиби, Оятуллоҳ Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг мамлакатнинг амалдаги раҳбарига айланган Али Лорижонийни ўлдирди.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бунга ўзига хос тарзда муносабат билдириб: «Унинг боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинган эди. Биз эса бу ишни мутлақо бепул амалга оширдик», — деди.

Ушбу баёнотнинг кескин ва кинояли оҳанги шунчаки ҳарбий ҳисоботдан кўра чуқурроқ маънони англатади. Исроил гўёки АҚШнинг пулини тежаб, унга катта ёрдам бергандек кўринмоқда. Аслида эса, бу «ёрдам» АҚШ учун жуда қимматга тушди: Исроилнинг бу қадами туфайли тинчлик музокаралари тўхтади, муҳим денгиз йўллари ёпилди ва нефт нархи кескин кўтарилиб кетди.

1

Икки марта ўлдирилган одам

Али Лорижоний аслида жисмоний ўлимидан анча аввал сиёсий жиҳатдан «ўлдирилган» эди. Эрон ултраконсерваторлари йиллар давомида унинг президентликка бўлган интилишларига тўсқинлик қилиб, охир-оқибат уни парламент спикери лавозимидан кетишга мажбурлашди. Бунинг сабаби шундаки, мафкурага асосланган ҳар қандай тузум энг кўп чўчийдиган хавф — бу прагматик фикрлайдиган шахсдир ва консерваторлар Лорижоний тимсолида айнан шундай «хавф»ни кўришган эди.

Оятуллоҳлар бошқарадиган мамлакатда у костюм кийиб юрарди, Кант ҳақида китоблар ёзди. У келишувларга тайёр эди — ва уларни тузишни ҳам қойиллатарди. 2015-йилда Обама билан тузилган ядровий битимнинг Эрон парламентида қўллаб-қувватланишини айнан у таъминлаган эди. Ўшанда айрим депутатлар Америка билан тузилган ҳар қандай шартнома хоинлик эканини айтиб ҳайқиришганда, Лорижоний улар билан баҳслашиб ўтирмади. У шунчаки керакли овозларни тўплади.

У Оқ уй учун мақбул музокарачи ва Вашингтон илгари ҳам мулоқот ўрнатган тажрибали сиёсий арбоб эди.

Уруш бошланишидан аввалги кунларда Ўмон музокаралар ташкил этишга уринган пайтда Эрон позициясининг шартларини айнан Лорижоний белгилаб берган. Оятуллоҳ Хоманаий вафоти ҳамда унинг ўғли Мўжтабонинг сиёсий саҳнадан ғойиб бўлиши ортидан Лорижоний ҳукуматнинг бош вакили ва асосий сиёсий фигурасига айланди. У давлат бошқарувининг барча ричагларини ўз қўлида жамлаган марказий шахс сифатида намоён бўлди. 

«Биз ўйлаган одамларнинг аксарияти ҳалок бўлди»

Афтидан, Доналд Трамп бу урушга аниқ режа билан киришган эди. Унга кўра, тезкор зарба орқали тузумни бошсиз қолдириш ва ҳокимиятда юзага келган бўшлиқни Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга тайёр прагматиклар билан тўлдириш мақсад қилинганди. Бу худди Венесуэла сценарийсига ўхшарди: Мадурони ҳокимиятдан четлатиб, ўрнига содиқ ворисни олиб келиш ва нефтга эгалик қилиш.

Бироқ урушнинг дастлабки соатларидаёқ нимадир режадагидек кетмаётгани ойдинлашди. 28-феврал кунги зарбалар кутилганидан-да аниқроқ чиқди. Оятуллоҳ Хоманаий мудофаа вазири, бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони ва хавфсизлик бўйича маслаҳатчи билан биргаликда ҳалок бўлди. Улар билан бир қаторда, Вашингтон келажакда ҳамкорлик қилишни кўзда тутган шахслар ҳам қурбон бўлди.

«Биз ўйлаган одамларнинг аксарияти ҳалок бўлган. Энди бизда бошқа бир гуруҳ бор. Хабарларга қараганда, улар ҳам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Тез орада учинчи тўлқин ҳам келади. Яқин орада биз умуман ҳеч кимни танимай қоламиз», — деди Трамп орадан бир неча кун ўтиб.

Оддий қилиб айтганда бу ҳолат том маънода «лойга ботиш» дейилади.

Лорижонийнинг ўлимидан сўнг эса бу ботқоқ янада чуқурлашди. Эрон стратегияни тизимли сиёсатга айлантира оладиган, катта тажриба ва таъсир доирасига эга бўлган, шунингдек, барча ҳокимият марказлари билан бирдек алоқа ўрната оладиган прагматик шахсдан айрилди.

2

Исроил ҳар доимгидек келишувга қарши

Бинямин Нетаньяху ўз вақтида бу ҳақда эҳтиётсизлик билан (ёки атайлаб) оғзидан гуллаб қўйган эди. Исроил оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Нетаняху ёпиқ мулоқотлар чоғида Ғазо секторида ҲАМАСнинг ҳокимият тепасида бўлиши Исроилнинг манфаатларига мос келишини тан олган. Бунинг сабаби оддий: Фаластин миллий маъмуриятидан фарқли ўлароқ, ҲАМАС билан мустақил Фаластин давлатини тузиш бўйича музокаралар олиб боришнинг ҳожати йўқ. Мулоқот учун муносиб шерикнинг йўқлиги эса Исроилга нисбатан халқаро сиёсий босимнинг кескин камайишини англатарди.  

Айни пайтда ҳам худди шу мантиқ иш бермоқда.

Қачонки АҚШ ва Эрон ўзаро келишувга яқинлашмасин — хоҳ 2015 ёки 2022-йилларда бўлсин, хоҳ жорий йилнинг бошида Женевада ядровий дастур бўйича музокаралар ўтказилаётган пайтда бўлсин — Исроил уни барбод қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилди. Нетаняхунинг шахсан ўзи АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, Обама давридаги битимга кескин қаршилик билдирганди. Маълумотларга кўра, Теҳрон ва Вашингтон ўзаро дастлабки келишувга эришиш арафасида турганда, айнан Исроил биринчи бўлиб зарба берган.

Ва мана энди навбат Лорижонийга келди. MEE нашри манбаларига кўра, у сўнгги кунларда собиқ президент Руҳоний билан биргаликда Мўжтабо Хоманаийнинг олий раҳбар этиб тасдиқланишини кечиктириш ва мўътадилроқ муқобил вариантни топиш устида ишлаган.   

Ўлимидан саноқли соатлар олдин ҳам у «Ал-Қудс куни» муносабати билан ўтказилган намойишлар сафида олдинда борди. У шу йўл билан Вашингтонга Эрондаги тизим ҳамон жипслигини ва бошқарув жилови қўлдан кетмаганини намойиш этаётган марказий фигура эди.

Исроил эртаси куниёқ уни — Трамп билан битим тузиб, бу қон тўкилишини тўхтата оладиган ягона инсонни ўлдирди. Навбатдаги нишонлар ким экани кундай равшан: Пизишкиён, Арақчи — хуллас, музокаралар учун телефон гўшагини кўтаришга қодир бўлган ҳар қандай шахс.

Трамп алданган

Шу билан бирга, Трамп маъмуриятининг ичида «хавотирли сигналлар» деб аталувчи ҳолатлар тобора кўпаймоқда.

Миллий аксилтеррор маркази директори, ўн битта жанговар сафарни ўтаган ва Трампнинг ўзи «террорчилар овчиси» деб таърифлаган Жо Кент истеъфога чиқди. У ўзининг очиқ хатида Эрон АҚШ учун бевосита таҳдид туғдирмаганини, бу уруш эса Исроил ва унинг Вашингтондаги лоббиси босими остида бошлаб юборилганини ёзиб қолдирди.

«Исроилнинг юқори мартабали мулозимлари ва АҚШнинг нуфузли оммавий ахборот воситалари ёлғон маълумотлар тарқатиш кампаниясини бошлаб, Эрон гўёки тўғридан-тўғри хавф солаётганига ва ғалаба тез қўлга киритилишига сизни ишонтиришди. Бироқ бу ёлғон. Исроил худди шу тактикадан фойдаланиб, вақтида бизни Ироқдаги ҳалокатли урушга тортиб кирган ва бу минглаб энг сара йигитларимизнинг ёстиғини қуритган эди», — деб ёзди у Трампга мурожаатида.

Жо Кент учун Эрон уруши чуқур шахсий фожиа ҳам ҳисобланади: унинг турмуш ўртоғи, ҳарбий криптолог Шеннон Кент 2019-йилда Сурияда ҳалок бўлган эди. У ўша урушни ҳам Исроил томонидан уюштирилган фитна деб билади.

Трамп уни «иродасиз» деб атади.

Бироқ боши берк кўчага кириб қолганлик белгилари тобора кўпайиб бормоқда. АҚШ «Tomahawk» қанотли ракеталарининг кўп йиллик захирасини сарфлаб юборди. THAAD ракетага қарши мудофаа тизимлари Жанубий Кореядан олиб чиқиб кетилди. Денгиз экспедиция корпуси Тинч океани ҳудудидан Яқин Шарққа ташланди. Нефт нархи бир баррел учун 100 доллардан ошиб кетди. Ҳўрмуз бўғози эса тўсиб қўйилган.

Трамп урушда «аллақачон ғалаба қозонилди» демоқда. Аммо сайловлар яқинлашяпти, чўзилиб кетган урушлар эса одатда Америка президентларининг «бошига етади».

Исроил танлаётган якун

Трамп Вашингтонда тилга олишни унчалик хуш кўрмайдиган ҳақиқатни очиқ айтди: ушбу урушда АҚШ ва Исроилнинг мақсадлари «бир оз фарқ қилиши мумкин». У бу фарқ айнан нимада эканига аниқлик киритмади.

Бироқ АҚШ президентининг мантиғи кундай равшан.

АҚШ бу жараёндан чиқиб кетмоқчи. Трампга «биз ғалаба қозондик» деб айтиш имконини берадиган ва оралиқ сайловлар олдидан бор эътиборни ички сиёсатга қаратишга йўл очадиган ҳар қандай натижа — хоҳ у ҳарбий зафар, хоҳ сиёсий битим бўлсин — Оқ уй учун ҳозирда айни муддаодир.

Исроил эса уруш давом этишини хоҳлайди. Эроннинг ҳар бир қурбон бўлган прагматик сиёсатчиси — Исроил учун музокаралардан бош тортиш йўлидаги навбатдаги баҳонадир. Уларнинг ўрнини эгаллаётган ҳар бир ашаддий сиёсатчи эса — «кўриб турибсизлар, музокара ўтказадиган муносиб шерикнинг ўзи йўқ» деб ўзини оқлаш ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун қўшимча далил бўлиб хизмат қилади.

Лорижонийнинг ўлдирилиши бир ҳақиқатни тасдиқлади: уруш Трамп истаган пайтда эмас, балки Исроил хоҳлагандагина тўхтайди. Бу — бутун бир вазиятга берилган якуний ва қатъий хулосадир.

Teglar

Mavzuga oid