«Чегарасиз» ваколатли ҳокимлар: Карманадаги воқеа нимани кўрсатди?
Карманада ҳоким ўқитувчиларни соатлаб тик оёқда ушлаб тургани ва мактаб кўрсаткичлари ҳақида ёлғон маълумот бергани ортидан ҳокимлар ваколати чегараси яна муҳокамалар марказига чиқди.

Карманa тумани ҳокими мактаб ўқитувчиларини ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйгани ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлди. Жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва экспертлар вазиятга турли нуқтаи назардан фикрларини билдиришди.
Нима бўлган эди?
«Kun.uz»нинг маълум қилишича, 12-март куни Кармана тумани ҳокими Шоҳруҳ Болтаев Ҳазора қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашув вақтида Шоҳруҳ Болтаев ўқувчи ва ўқитувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Бироқ ўқувчилар ҳокимнинг кетма-кет саволларидан ҳаяжонланиб, шеър айтиб беролмаган.

Манба: Kun.uz
Учрашувдан сўнг ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини соат 17:00 да ҳокимлик биносига олиб боришни буюрган. Асосий қисми хотин-қизлардан иборат бўлган 46 нафар ўқитувчи автобусда 30 км йўл босиб, айтилган вақтда ҳокимлик биносига борган.

Манба: Kun.uz
«Соат 17:00 да етиб бордик. Кутиб ўтирдик. Ярим соатлардан сўнг ҳоким келди. Барча ўқитувчини тик оёқда турғизиб қўйиб, мажлис ўтказди. Қаттиқ гапирди, «РайОНО» вакилларига мактабимизда текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берди, директор ўринбосарларининг аризасини оласан, деди. Кўпимиз рўзадор эдик», – дейди ўқитувчилардан бири.
Ҳоким шу зайлда бир соатга яқин ўқитувчиларни турғизиб қўйиб мажлис қилган.
«Қайтишда йўлдан сув сотиб олиб оғзимизни очдик. Ҳокимнинг бу ҳаракати барча ўқитувчиларни хафа қилди, чунки мактабимиз туманнинг олди мактабларидан бири. Ҳа, энди бола ҳоким олдида ҳаяжонланиб, билганини ҳам айта олмаган бўлиши мумкин», – деган яна бир ўқитувчи.
Сувдан қуруқ чиқиш учун ёлғон ахборот берган ҳоким
Карманa тумани ҳокими билан боғланилганда, у ўқитувчилар ва ўқувчилар унинг саволларига жавоб беришолмаганини иддао қилган.
«Шеър сўрасам жавоб беришолмади, бирортаси жавоб беролмади. Айтиб бўлмайдиган ҳар хил ҳолатлар бор», – дейди туман ҳокими.
Етмаганига мактабда битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдирки 50 фоиздан ошмаслигини айтиб, ёлғон маълумот берган. Бошқача қилиб айтганда, шу йўл билан «сувдан қуруқ чиқмоқчи» бўлган. Аммо ёлғоннинг умри узоқ эмас.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, 2025-йилда Карманa тумани 9-мактабнинг битирувчиларининг 61 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Туман миқёсида 6-ўринда турибди. Ўртача балл кўрсаткичи 98,7 баллни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8 баллга ошган. Айни вақтда 39 нафар мактаб битирувчиларининг 38 нафари турли фан йўналишлари бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга.
Шунингдек, Kun.uz тақдим этган маълумотга кўра битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдан буён 65–70 фоиз атрофида бўлган.
«Мактабимизда жиноятчилик йўқ, таълим сифатимиз яхши, ҳатто туманда вазирлик устамасига лойиқ кўрилган икки мактабнинг биримиз. Туман рейтингида юқори ўринларда турамиз. Албатта, бу натижалар замирида ўқитувчиларнинг меҳнати ётибди. Шунча меҳнатимиз бўлган ҳолда ҳокимнинг бизга нисбатан бундай муносабати барчамизни хафа қилди», — дейди ўқитувчилардан бири.
Маълумот учун ҳокимнинг топшириғидан кейин мактаб директорининг 2 ўринбосаридан ариза ёздириб олинган.
Жамоатчилик нима дейди?
Фикр етакчилари, мутахассислар ва изоҳларда билдирилган муносабатлар турлича бўлса-да, умумий хулоса битта — бу ҳолат кескин танқид қилинмоқда.
Айримлар ҳокимларни мактабларга аралашмаслиги кераклигини айтмоқда, бошқалар раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиши лозимлигини таъкидлайди. Яна бир қисм фойдаланувчилар эса бундай ҳаракат учун амалдорни ишдан олиш кераклигини илгари сурмоқда.
«Жойлардаги ижро ҳокимияти — тизимдаги муаммоларнинг кичик акси» — таълим эксперти Комил Жалилов
Фикр етакчиси Комил Жалилов бу ҳолатни тизимли муаммо сифатида баҳолаб, жойлардаги ижро ҳокимияти давлат даражасидаги бошқарув моделининг аксини кўрсатишини таъкидлайди. Унинг фикрича, ваколат ва вазифалар аниқ чегараланмагани сабабли раҳбарлар ўзларига тегишли бўлмаган соҳаларга ҳам аралашмоқда.
«Бирор нормал давлатда кўрганмисиз, ижро ҳокимияти раҳбарияти кунда-кун ора мажлис ўтказиб, педагогларга қайси дарсликдан дарс ўтишни, ўқувчилар билимни қандай баҳолашни ёки ички органларга терговни қандай олиб боришни айтганини? Мен, масалан, кўрмаган», – ёзмоқда Жалилов.
Унга кўра, муаммо фақат битта ҳолат эмас, балки тизимнинг ўзида. Раҳбарлар стратегик қарорлар билан шуғулланиши керак бўлган бир пайтда, улар техник ва тор соҳаларга ҳам аралашмоқда. Раҳбарларнинг вазифаси — тўғри мутахассисларни танлаш ва уларни ўз ўрнига қўйишдан иборат.
Аммо амалда бу тамойиллар ишламаяпти: турли соҳаларни бир-бирига алоқаси бўлмаган мутахассислар бошқараётгани, натижада ҳар бир қарорни қўлда назорат қилишга уриниш кучайгани тизимни издан чиқармоқда. Шу сабабли муаммолар кўпинча фақат ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганда ёки юқори даражадаги эътибор қаратилгандагина ҳал бўлаётгани кузатилмоқда.
Унинг фикрича, Кармана туманидаги ҳолат ҳам айнан шу тизимли камчиликларнинг маҳаллий кўриниши. Жойлардаги ижро ҳокимиятига ҳаддан ташқари кенг ваколатлар юкланган: улар бир вақтнинг ўзида таълим сифати, инвестиция, озиқ-овқат хавфсизлиги, ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа кўплаб йўналишларга жавоб бериши керак.
Бунинг устига, сайёр қабуллар ўтказиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва турли ташрифларга тайёргарлик кўриш ҳам уларнинг зиммасида. Жалилов бу шароитда битта раҳбарнинг барча соҳани чуқур тушуниши ва самарали бошқариши деярли имконсиз эканини таъкидлайди.
«Шунинг учун Кармана ҳокими ўзича таълим сифатини ўрганган ва ўзича, ақли етганча “таълим сифатини ошириш” чораларини кўрган. Таълим сифати билан шуғулланишни бу соҳани тушунадиган мутахассисларга топшириш кераклигини ўйламаган — чунки тизим тепадан шундай бўлиб келяпти», — дейди у.
«Ўқитувчига босим қилиш шармандаликка етаклашини тушунсин» — фикр етакчиси Шокир Турсун
Шокир Турсун эса вазиятга кескинроқ ёндашди. Унга кўра, бундай ҳолатларда фақат танқид билан чекланиб қолиш етарли эмас. У масъуллар томонидан қатъий чоралар кўрилиши, жумладан, амалдор жазоланиб, бу очиқ кўрсатилиши кераклигини таъкидлайди. Бу бошқа раҳбарлар учун ҳам огоҳлантирувчи сигнал бўлиши лозим.
«Мана шундай пайт вазир бош вазирга чиқиши, ҳокимга жойини кўрсатиб қўйиши, буни қаттиқ PR қилиши керак. Токи бошқалар қадамни ўйлаб босcин, ўқитувчига босим қилиш шармандаликка етаклашини тушунсин», – деб ёзмоқда.
Шунингдек, у Кармана тумани ҳокимини лавозимидан озод этиш тарафдори эканини ҳам очиқ билдирган.
«Вазирнинг маоши шарт эмас — лекин ўқитувчига дахлсизлик бера олайлик» — журналист Муҳрим Аъзамхўжаев
Муҳрим Аъзамхўжаев бу масалага киноя билан муносабат билдирган. У ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва уларга бўлган муносабат кескин номутаносиб эканини таъкидлайди.
«Бир пайтлар Японияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси ва депутатнинг дахлсизлиги берилгани боис, Япония шундай гуркираб ривожланиб кетган экан, дейишарди… бизда ҳам шундай қилайлик деганларга “бизда ҳам шундай бўлади”, деб жавоб беришарди қайсидир масъуллар», — деб ёзмоқда.
Унинг фикрича, амалда эса бу ваъдалар ўзини оқламаган. Ҳатто ўқитувчиларнинг энг оддий ҳимояси ҳам таъминланмаган.
«Майли, вазирнинг маоши шарт эмас — беролмаймиз барибир… лекин депутатларда йўқ дахлсизликни шу ўқитувчиларга беролсак, уларнинг обрўси жуда Япония императориникидек бўлмаса ҳам, мана бу шеърхўр райкомникидан баландроқ бўлса, Ўзбекистон ўқитувчилари ҳам сал эркинроқ, сал одамдек нафас олармиди, ким билсин», – дейди Аъзамхўжаев.
«Ҳоким шу мантиқ билан ўзи ҳам жамоатчилик олдида жавоб бериши керак» — фикр етакчиси Лазиз Ҳамидов
Лазиз Ҳамидов масалага икки томонлама мезон билан қаралади. Унинг фикрича, агар ҳокимлар бошқа соҳаларга аралашиб, жавобгарлик талаб қилаётган бўлса, ўз фаолияти учун ҳам худди шундай очиқ жавоб бериши керак.
«Ҳокимнинг мантиғидан келиб чиқилса, у ҳолда туманда юзага келадиган ҳар қандай муаммо — асфальтнинг етарлича ётқизилмаслиги, лой кўчалар, дарахтларнинг кесилиши, ноқонуний ёки сифатсиз қурилишлар учун ҳам айнан ҳоким жавобгар бўлиши керак», — деб ёзмоқда шахсий каналида.
Унга кўра, шу мантиқ давом эттирилса, жавобгарлик ҳам бир томонлама бўлмаслиги лозим.
«Шундай экан, агар юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан бири юзага келса, шу мантиққа кўра ҳоким ҳам жамоатчилик олдида жавоб бериши, туман бўйлаб сазойи қилиниши керак-да, тўғрими? Шунда адолат бўлади, назаримда», – дейди у.
«Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрўси давлат ҳимоясида бўлади» — қонунчилик
Шаҳар бедарвоза эмас — педагогларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ қонунчилик асослари мавжуд. Шавкат Мирзиёев томонидан 2024-йил 1-феврал куни «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун имзоланган.
Мазкур қонуннинг 3-моддасида очиқ белгиланганидек, педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. Бу эса ўқитувчига нисбатан ҳар қандай ноқонуний босим ёки аралашув қонунга зид эканини англатади.
Шунингдек, 6-модда педагогларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим енгилликлар беради.
«Педагог ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган, шунингдек ўз ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод қилинади».
Бундан ташқари, қонун педагогга бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ҳам беради.
Умуман олганда, Кармана туманида юз берган ҳолат тасодиф эмас — бу тизимдаги муаммолар, бошқарувдаги чегараларнинг ноаниқлиги ва педагогларга бўлган муносабатни яна бир бор очиқ кўрсатди.
Энг эътиборлиси, педагогларни ҳимоя қилувчи қонунлар мавжуд бўлса-да, амалда улар ҳар доим ҳам ишламаётгани кўринмоқда. Натижада ўқитувчи ҳимояланган эмас, балки босим остида қолаётган тизим шаклланмоқда.
Ўзининг асоссиз «шеърхонлик имтиҳони»дан ўта олмаган ўқувчиларни баҳона қилиб, бутун бошли педагогик жамоани 30 км йўл босиб келишга мажбурлаш, рўза тутган устозларни соатлаб тик оёқда турғизиб, мажлис қилиш — бу нафақат оддий инсоний ахлоқ меъёрларига, балки давлатнинг таълим сиёсатига ҳам зид.
Боз устига, ҳоким ўзининг ножўя хатти-ҳаракатларини оқлаш учун мактаб кўрсаткичлари ҳақида нотўғри маълумот тарқатгани, рақамларни камайтириб талқин қилиб «сувдан қуруқ чиқишга» урингани вазиятни янада оғирлаштирди.
Жамоатчиликнинг кескин реакцияси ҳам бежиз эмас: бу нафақат битта ҳоким ёки битта мактаб масаласи, балки бутун тизимга берилган жиддий сигнал.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида Кармана тумани ҳокими маҳалладаги 4−5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрганини танқид қилганди.
Teglar






