Дунёнинг 113 давлати таълимдан кўра қарздан қутилишга кўпроқ маблағ сарфламоқда — UNESCO
Бугунги кунда дунё давлатларининг катта қисми ўз келажаги бўлган маорифдан кўра, ташқи қарз тўловларига кўпроқ пул сарфлашга мажбур бўлмоқда.

UNESCO ҳукуматлар ва халқаро кредиторларни таълим соҳасидаги молиявий инқирозни ҳал қилиш учун давлат қарзини таълим лойиҳаларига алмаштириш (debt-for-education swaps) амалиётини кенгайтиришга чақирмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг Парижда бўлиб ўтган таълим бўйича глобал саммитида маълум қилинди.
Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда дунёнинг 113 та давлати (уларда 6,1 миллиард аҳоли яшайди) таълим тизимидан кўра ўз давлат қарзларига хизмат кўрсатиш учун кўпроқ маблағ сарфламоқда. Кам даромадли мамлакатларда қарз тўловлари таълим харажатларидан қарийб тўрт баробар кўпни ташкил қилса, энг кўп қарздор 18 та давлатда бу кўрсаткич таълим бюджетидан камида беш баробарга ошиб кетган.
UNESCO Бош директори Холид Ал-Ананий таълим энг кучли сармоя бўлишига қарамай, тизимли равишда молиялаштирилмаётганини таъкидлаб, инновацион молиялаштириш воситаларини кенгайтиришга чақирди.
«Қарз ўрнига таълим» механизми давлатларга қиммат қарзларни қайта молиялаштириш ва бундан тежалган маблағларни мактаблар қуриш, ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш имконини беради.
Масалан, 2023 йилда Франция ва Кот-д'Ивуар ўртасидаги шундай келишув доирасида 30 дан ортиқ мактаб қурилиши молиялаштирилган бўлса, Испания ва Перу ўртасидаги дастур ўн йил ичида 50 та таълим лойиҳасини амалга оширишга ёрдам берган.
Таълим учун халқаро ёрдамнинг кескин қисқариши
UNESCO 2023 йилдан 2027 йилгача таълим учун ажратиладиган глобал ёрдам ҳажми 30 фоизгача қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
2024 йилда таълим учун халқаро ёрдам ўтган йилга нисбатан 8 фоизга, асосий таълимни молиялаштириш эса 15 фоизга камайган.
Хусусан, Афғонистон, Либерия, Мали ва Нигер каби давлатларда бу пасайиш 40 фоиздан ошган. Таълимнинг жами ривожланиш ёрдамидаги улуши 7,5 фоизга тушиб, сўнгги 20 йил ичидаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, кам ва ўртача даромадли мамлакатлар ҳар йили таълим соҳасида 97 миллиард долларлик молиявий тақчилликка дуч келмоқда.





