Logo

Энергетика соҳаси бўйича 4,7 млрд долларлик 6 та йирик лойиҳа имзоланди

Bugun 17:253 daqiqa

2030-йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратилиб, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 129 млрд киловатт-соатдан оширилиши ва қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилиши режалаштирилмоқда.

Энергетика соҳаси бўйича 4,7 млрд долларлик 6 та йирик лойиҳа имзоланди © Foto: president.uz

Ўзбекистонда умумий қиймати 4,7 млрд доллар бўлган олтита йирик энергетика лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш ва 400 мегаватт энергия сақлаш қуввати яратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Давлат раҳбари энергетикани мамлакат тараққиётининг асосий таянчи деб атади. Унинг таъкидлашича, барқарор электр таъминоти нафақат аҳоли турмуши, балки тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун ҳам муҳим.

Сўнгги йилларда энергетика соҳасига 35 млрд доллар инвестиция киритилди. Ҳамкор давлатлар сони эса икки-учтадан ўнтадан ортиққа етди. Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами генерациядаги улуши 31 фоизга кўтарилди. «Яшил» энергия ишлаб чиқариш қувватлари 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда.

Энергетикада янги қоидалар

Президентнинг айтишича, дастлабки босқичда қайта тикланувчи энергия лойиҳалари кўпинча инвесторлар таклиф қилган ҳудудларда жойлаштирилди. Бу сармоя жалб қилишга ёрдам берган бўлса-да, айрим жойларда қувватлар тўпланиши ва электрни бошқа ҳудудларга узатиш харажатлари ошишига олиб келди.

«Бизга алоҳида-алоҳида электр станциялари эмас, узвий боғланган энергетика тизими керак», — деди давлат раҳбари.

Энди янги қувватлар ҳудудларнинг эҳтиёжи ва электр тармоқларининг имкониятларидан келиб чиқиб режалаштирилади. Лойиҳалар очиқ танлов асосида танланади. Ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва муддати, электрни харид қилиш ҳамда тўлов шартлари олдиндан эълон қилинади.

Яқинда умумий қуввати 2 200 мегаватт бўлган олтита қуёш ва шамол станцияси лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади. Инвесторлар учун тенг талаблар ва келишилган шартларни бажариш механизмлари жорий этилади.

Миллий бош режа


Ўзбекистон 2030-йилгача 22 минг мегаватт янги электр ишлаб чиқариш қувватини яратишни режалаштирган. Натижада йиллик генерация ҳажми 129 млрд киловатт-соатдан ошиши, қайта тикланувчи энергия улуши эса 54 фоизга етиши кутилмоқда.

Шунингдек, энергетика соҳасининг 2050-йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, очиқ эълон қилинади. Келгуси йил 1-мартгача электр тармоқларига уланиш имкониятлари харитаси, 1-июлга қадар эса тўлиқ бош режа тақдим этилиши белгиланган.

Янги режалаштириш тизими инвесторларга лойиҳаларни узоқ муддатга мўлжаллаб тайёрлаш имконини беради. «Яшил» энергия ишлаб чиқарувчилар учун сертификатлар ва карбон кредитлари орқали қўшимча даромад олиш механизмлари ҳам жорий этилади.

Тармоқлар ва дата-марказлар


Давлат раҳбари генерация қувватларини ошириш билан бирга электр узатиш тармоқлари ва энергия сақлаш тизимларини ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида электрга талабнинг бир қисми бошқа ҳудудларда ишлаб чиқарилган энергия ҳисобидан қопланмоқда. Янги саноат зоналари ишга тушиши бу юкламани янада ошириши мумкин.

Сунъий интеллект ва маълумотлар марказлари ҳам электр истеъмолини тез ошираётган йўналишлар қаторида. Бундай объектлар учун ер, тармоққа уланиш имконияти ва «яшил» энергия манбалари олдиндан белгиланади. Йирик дата-марказларда асосий ва захира электр таъминоти, энергия сақлаш ҳамда совитиш тизимларини биргаликда режалаштириш талаб этилади.

Сўнгги беш йилда электр тармоқларини модернизация қилишга 2 млрд доллардан зиёд йўналтирилди. Навбатдаги катта вазифа тармоқларни янгилаш ва энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришдир. 

2030-йилгача 5 минг километр тармоқ ва 16 та йирик подстанция қуриш, энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг катта қисми Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. 

Бундан буён устуворлик генерация, сақлаш ва тармоқларни биргаликда қамраб оладиган комплекс лойиҳаларга берилади. Узоқ муддатли энергия сақлаш учун гидроаккумуляция станцияларини қуришда ҳам инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон энергетикада ички бозор билан чекланмайди. Озарбайжон ва Қозоғистон билан Каспий орқали «яшил» энергияни Европага етказиш лойиҳаси амалий босқичга ўтмоқда. Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорлари ҳам истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТБ Ўзбекистонга электр тармоқларини яхшилаш учун 200 млн доллар қарз бермоқчилиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid