Logo

Эски автомобиллар учун бекор қилинган жарима, Конституцияга зид деб топилган P2P назорати ва болаларга зўравонлик қилган педагогларга янги жазо — 9 июл дайжести

Kecha 23:203 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Эски автомобиллар учун бекор қилинган жарима, Конституцияга зид деб топилган P2P назорати ва болаларга зўравонлик қилган педагогларга янги жазо — 9 июл дайжести

Рақобат қўмитаси «Anor Bank»ни жаримага тортди

Рақобат қўмитаси «Anor Bank» АЖга нисбатан реклама қонунчилиги бузилиши сабаб молиявий жарима қўллади. Текширув фуқаро мурожаати асосида ўтказилиб, банкнинг Instagram’даги акция рекламасида шартлар тўлиқ кўрсатилмагани аниқланган.

Қўмитага кўра, рекламада акция шартлари, белгиланган лимитлар ва улардан ошиб кетилганда ундириладиган комиссия ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган. Банкка қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.

30 йилдан ошган эски автомобиллар эгалари учун жарима жорий этилмайдиган бўлди

Ўзбекистонда 30 йил ва ундан эски автомобиллар эгалари ҳар йили БҲМнинг 30 баравари миқдорида экологик компенсация тўлаши ҳақидаги норма қонун лойиҳасидан чиқариб ташланмоқда. Қарор жамоатчилик муҳокамалари ва билдирилган эътирозлардан кейин қабул қилинган.

Янги ёндашувда мажбурий чоралар ўрнига рағбатлантириш механизмлари таклиф этилмоқда. Режага кўра, эски автомобиллар бозор қийматида баҳоланиб, эгаларига нақд пул ёки янги автомобил хариди учун махсус ваучер бериш тизими жорий этилиши мумкин.

Болаларга зўравонлик қилган педагоглар жазоланади

Сенат болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан 6 та кодекс ва 13 та қонунга ўзгартириш киритилиб, таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Янги тартибга кўра, таълим ва тарбия жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш, болани камситиш, хўрлаш ёки таҳқирлаш учун жазо чоралари қўлланилади. Бундай ҳуқуқбузарлик сабаб маъмурий жавобгарликка тортилган педагоглар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юрита олмайди.

Йирик P2P ўтказмаларини назорат қилиш ғояси Конституцияга зид — Марказий банк

Марказий банк ойлик йирик P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш таклифи Конституциянинг 41-моддасига зид эканини маълум қилди. Регуляторга кўра, бундай тартиб фуқароларнинг ҳуқуқларига таъсир қилиши, нақд пул айланмаси ошиши ва маблағларнинг банк тизимидан ташқарига чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Аввалроқ Солиқ қўмитаси бир ойда битта картага бошқа шахслардан БҲМнинг 500 баравари ёки ундан кўп маблағ — ҳозирги ҳисобда 206 млн сўм келиб тушса, бу ҳақдаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни таклиф қилганди. Қўмита лойиҳа банк сирини бекор қилмаслиги ва янги назорат механизмларини жорий этишга қаратилмаганини билдирган.

Ўзбекистонда йил бошидан буён саноат корхоналари сони 2,2 мингтага кўпайди

2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган саноат корхоналари сони 62 мингтага етди. Йил бошидан буён улар сони 2,2 мингтага ошган бўлиб, саноат корхоналарининг энг катта қисми — 12,4 мингтаси озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Январь–май ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 505,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Навоий вилояти 128,5 трлн сўм билан етакчилик қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid