Logo

Фарғонада 1,1 млн аҳоли даромадини икки баробар ошириш режалаштирилмоқда

Bugun 14:553 daqiqa

Вилоятда 2027-йилда 6,1 млрд доллар инвеститсия жалб қилиш, экспортни 2 млрд долларга етказиш ва 1,1 млн аҳоли даромадини икки баравар кўпайтириш мақсад қилинган.

Фарғонада 1,1 млн аҳоли даромадини икки баробар ошириш режалаштирилмоқда © Foto: president.uz

Фарғона вилоятида 2027-йилда 1,1 млн нафар аҳолининг даромадини икки баробар оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган вилоятда ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, маҳаллий саноатни жадал ривожлантириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш юзасидан йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2027-йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини камида 10 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 9 фоизга ошириш режалаштирилган.

2026-йил якунига кўра эса ялпи ҳудудий маҳсулот 9,6 фоизга, саноат 8,5 фоизга, хизматлар ҳажми 16,3 фоизга ўсиши, ишсизлик даражаси 3 фоизга, камбағаллик даражаси эса 2,7 фоизга тушиши кутилмоқда. Вилоятда энергетика, қурилиш материаллари саноати, электротехника ва фарматсевтика тармоқларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати камида 20 млрд долларлик инвеститсия лойиҳалари портфели шакллантирилган.

Йиғилишда Ўзбекистон, Бешариқ ва Фарғона туманларидаги қарийб 1,5 минг гектар самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларида махсус саноат зоналарини ташкил этиш таклифи маъқулланди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида кимё саноати корхоналарининг бўш турган 24 гектар майдонида инноватсион технопарк ташкил этиб, 300 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштириш, «Элтехсаноат» технопарки ҳудудини қўшимча 70 гектарга кенгайтириш ва Данғара туманида унинг филиалини очиш таклифлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, хорижлик шериклар билан ҳамкорликда қурилиш материаллари, кабел маҳсулотлари, шамол турбиналари, электробуслар, қуёш панеллари учун микрочиплар, электроскутерлар учун аккумуляторлар, автомобил эҳтиёт қисмлари ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ва туризм лойиҳалари


Йиғилишда вилоятда боғларнинг катта қисми эски усулда парваришланаётгани, ҳосилдорлик пастлиги, сув сарфи юқорилиги ва маҳсулотлар сифати йирик халқаро савдо тармоқлари талабларига тўлиқ жавоб бермаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис Фарғона, Қува ва Олтиариқ туманларидаги агростар компаниялари билан ҳамкорликда жами 37 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, вилоятда 100 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган йирик лойиҳаларни амалга ошириш, Бағдод ва Фурқат туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш ҳамда Туркия тажрибаси асосида аҳоли хонадонларида паррандачиликни ривожлантириш таклифлари кўриб чиқилди.

Туризм йўналишида Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида йирик туристик мажмуаларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, «Чимён-сой» бўйида, Данғара, Ёзёвон, Олтиариқ ва Сўх туманларида Паркент туманидаги тажриба асосида замонавий туристик ва оилавий дам олиш масканларини барпо этиш режалари тақдим этилди.

Бандлик, касбга тайёрлаш ва шаҳарсозлик

Давлат раҳбари эндиликда аҳоли даромадларини ошириш ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири бўлишини таъкидлади. Бунинг учун ҳар йили вилоятнинг биттадан туман ёки шаҳрида 10 тадан маҳаллани саноат, савдо ва хизмат кўрсатишга чуқур ихтисослаштириш кўзда тутилмоқда.

Ёзёвон, Бешариқ, Фурқат ва Риштон туманларининг камида 10 тадан маҳалласида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаларини амалга ошириш, Олтиариқ ва Фарғона туманларидаги 41 та маҳаллада жами 8,5 минг гектар майдонда ўрикчилик ва узумчилик кооператсияларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Учкўприк туманидаги тўртта техникумда фуқароларни Германия ва Жанубий Корея стандартлари асосида касбга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу орқали йилига 6 минг нафар фуқарони хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда аҳолиси 4,2 млн нафардан ошган Фарғона вилоятида Марғилон ва Фарғона шаҳарларида 600 минг нафар аҳолига мўлжалланган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, янги таълим, тиббиёт муассасалари ва замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш режалари тақдим этилди. Йиғилиш якунида вилоят ҳокимлиги ва ислоҳотлар штабига режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid