Газ, «свет» нархи ошди: расмийлар буни тежамкорлик билан изоҳламоқда
Ёзнинг илк куни ўзбекистонликлар учун яна бир қимматлашув билан бошланди. Жумладан, 1-июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари, шунингдек, метан шохобчаларида метан нархлари ошиши кузатилди.
Энг қизиғи, тарифлар оширилишига изоҳ бераётган мутасаддилар буни аҳолининг тежамкор бўлишига хизмат қиладиган чора сифатида айтмоқда.
«Свет», газ ва метан нархи ошди
Ҳукуматнинг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида»ги қарорига асосан, бугун, 1 – июндан бошлаб электр энергияси ва табиий газ тарифлари нархи оширилди.
Аниқроқ қилиб айтганда, аҳоли учун: табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди. Илгари оддий маиший истеъмолчилар электр энергиясининг 200 кВт гача бўлган лимити учун 600 сўмдан тўлаган бўлса, энди 200 кВт соатгача бўлган ҳажм учун 650 сўмдан тўлайди. Электр плиталари билан жиҳозланган уйларда эса бу кўрсаткич 325 сўмни ташкил этади.
Истеъмолчиларнинг бошқа гуруҳлари: I, II ва IV гуруҳ истеъмолчилари учун 1 кВт электр энергияси нархи 1 100 сўм бўлади.
Табиий газ нархида ҳам ўзгариш бор. Лимит доирасида, яъни иситиш мавсумида 500 кубгача, ёзда эса 100 кубгача газнинг ҳар бир метри 1000 сўм эди. Энди эса 1100 сўм тўлайсиз. Бу лимитдан ошганлар учун нарх 2000 сўмга чиқади.
Қолаверса, электр таъминотида узилишлар бўлиши ҳақида фуқароларга олдиндан СМС-хабарнома юбориш амалиёти жорий қилинмаслиги маълум қилинди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъул ходими Малика Расуловага кўра, бу қўшимча молиявий харажат талаб қилади ва бевосита электр энергияси тан нархи ошишига олиб келади.
Шунингдек, метан нархи айрим ҳудудларда 10 фоизгача ошди. Ижтимоий тармоқларда Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги айрим метан шохобчаларида газ нархи 5 минг 700–5 минг 750 сўмгача кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунгача метаннинг чакана нархи аксарият шохобчаларда 5 минг 250 сўм атрофида эди. Янги нархлар эса ҳудудларга қараб 8,5–10 фоиз атрофида ўсганини кўрсатмоқда. Энергетика вазирлиги VAQT.UZ'га бу ҳолат энергия ресурслари тарифлари оширилгани билан боғлиқлигини билдирди.
Муносабат
Бу кўрсаткичлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Энергетика вазирлиги мутасаддилари эса нархлар қимматлашиши сабабини доимгидек бир қатор қизиқ сабаблар билан изоҳламоқда.
Масалан, вазирлик мутахассиси Элбек Саидовга кўра, электр энергияси нархи ошиши орқали аҳолининг кундузи чироқ ёқмаслиги ва кирилмаган хоналарни иситмаслигига эришилади. У бу ҳақда УзРепорт телеканалининг «Ҳуқуқий нигоҳ» подкастидаги чиқишида гапирган.
«Электр тармоқларига тушаётган юклама ортиб бормоқдава бу масала буджет харажатларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташласак, электр энергияси нархлари анча юқори эканини кўрамиз. Масалан, Хитойда ҳам электр энергияси нархи юқори.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳолининг электр энергиясидан фойдаланишини чеклаш ёки турли чекловлар жорий этиш ниятимиз йўқ. Бизнинг асосий мақсадимиз — электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишни рағбатлантиришдир. Одатда нарх ошганда истеъмолчи тежамкорликка кўпроқ эътибор қаратади. Масалан, кундуз куни кераксиз жойларда чироқларни ёқиб қўймаслик, фойдаланилмаётган хоналарни иситмаслик каби одатлар шаклланади», — деди Элбек Саидов.
Вазирлик бош мутахассиси Насибулла Муҳаммаджоновга кўра, Ўзбекистондаги электр энергияси нархлари жаҳондаги энг арзон кўрсаткичлардан бири бўлиб, аҳоли ўртасида тарифлар аввалдан юқори бўлгани ҳақидаги қарашлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«globalelectric.org сайтига кириб кўрсангиз, Ўзбекистондаги энергия нархлари дунёдаги энг арзон топ-20 давлатлар қаторига киришини кўрасиз. Яъни Ўзбекистонда электр энергиясининг ўртача нархи 4-5 центни ташкил қилади. Халқимизнинг «Шунсиз ҳам юқори эди, яна оширилди», деган фикрини тўғрилаш учун бунга тўғри изоҳ бериш керак», — деди у.
Истисодчи Отабек Бакиров эса, ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида юқорида айтилган статистикага муносабат билдириб, мана шу каби тўқима энергоёлғонларни холис ва мустақил манбаларга асосланмасдан чиқармаслик кераклигини айтди.
Унутилган «уч йиллик» барқарорлик
Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва тарифларни эркинлаштириш сиёсати илк бор кун тартибига чиққанда, ҳукумат ва тегишли мутасаддилар томонидан жамиятга жуда муҳим бир ваъда берилган эди: нархлар бир марта бозор тамойилларига мослаштирилгач, камида уч йил давомида ўзгаришсиз қолади.
Бу ваъда нафақат аҳолининг ижтимоий хотиржамлигини таъминлаши, балки тадбиркорлик субектлари учун узоқ муддатли бизнес-режаларни тузишда пойдевор бўлиши кўзда тутилганди. Бироқ, амалдаги воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги учун «тарифларни ҳар йили ошириш» ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан қилинадиган анъанага айланиб қолди.
Охирги йилларда энергетика тарифлари нархининг ошиб бориши эса аввалги ваъдаларнинг «унутилганидан» далолат беради. Таассуфки, берилган кафолатлар буджет дефицитини ёпиш, иқтисодий кўрсаткичлардаги камчиликларни тўлдириш ва энергетика тизимидаги самарасиз бошқарув харажатларини қоплаш мақсадида қурбон қилинмоқда.
«Ғалати» тавсиялар
Энергетика, газ масаласида масъуллар томонидан билдирилаётган бу сафарги изоҳлар ҳам жамоатчиликка бегона эмас. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматовнинг 2025-йилдаги чиқиши кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда ҳоким газ тақчиллиги шароитида аёлларни газ талаб қилавермасдан, чалма чопиш ва тезакдан таппи тайёрлашга чақирганди.
Энергетика вазирининг собиқ матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг ҳайдовчиларга газ бўлмаса, бензин қуйиш ёки электромобил сотиб олиш борасидаги маслаҳати ҳам ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак.
«Айтиш керакки, метан заправка ёпиқ бўлган тақдирда, ҳайдовчиларимизда бошқа муқобил вариант бор. Яъни улар бемалол бензин қуйишлари мумкин. Хабаринглар бор, бензин биржага 2 баравар кўп миқдорда чиқариляпти. Агар талаб қилинса, балки 3 баравар кўп ҳам чиқарамиз, бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, – деган эди у.
Сўнгги йилларда энергетика тизимидаги муаммолар, тарифлар ошиши ёки ресурслар тақчиллиги билан боғлиқ вазиятларда жамоатчилик кўпинча бир хил мазмундаги изоҳларга дуч келмоқда. Масалан, шундай изоҳлардан бирида аёлларга таппи тайёрлаш тавсия этилади, бошқасида ҳайдовчиларга электромобил сотиб олиш маслаҳат берилади, яна бошқасида эса электр энергияси қимматлашиши одамларни кераксиз чироқларни ўчиришга ўргатиши айтилади. Аммо одамлар-чи, улар навбатдаги тавсия ёки баҳонани эмас, балки, тизимнинг барқарор ишлашини хоҳлайди.
Teglar






