Logo

Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади

23.08.2026 | 19:552 daqiqa

Ўз навбатида, Озарбойжон раҳбарига Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Дўстлик» ордени топширилди.

Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади © president.uz

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбойжон президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Озарбойжон президентининг қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси сифатида Илҳом Алиевга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти — «Олий Даражали Дўстлик» ордени топширилди.

«Сиз улуғ отангиз — атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбойжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда», — деди Мирзиёев.

Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбойжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Алиев юксак эътироф учун Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Озарбойжоннинг олий давлат мукофоти — «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирланди. Мукофотни Алиевнинг ўзи топширди.

Ўзбекистон етакчиси Озарбойжон президенти ва қардош Озарбойжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.

«Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбойжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Озарбойжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилди.

Маълумот учун, «Ҳайдар Алиев» орденига турли йилларда Франция президенти Жак Ширак, Қувайт амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия президенти Ражап Тоййиб Эрдўған, Италия президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
Kecha 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.