Исломий молияни кенгайтириш режалари, янги алифбонинг банк шартномаларига таъсири ва крипто-дўкон лицензияси — 27 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Марказий банк раҳбари исломий молияни ривожлантиришнинг кейинги босқичи нималарни ўз ичига олишини айтди
Самарқандда ўтказилаётган исломий молия форумида Марказий банк раиси Тимур Ишметов соҳани ривожлантиришнинг кейинги босқичларига тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, исломий молияни кенгайтиришнинг учинчи босқичи исломий қимматли қоғозлар, хусусан, сукук воситаси учун зарур ҳуқуқий базани яратишни ўз ичига олади. Шу мақсадда ҳукумат томонидан янги капитал бозори тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрлангани ва ушбу ҳужжат деривативлар, секюритизацияланган ҳамда барқарор ривожланиш облигациялари қаторида сукук учун ҳам ҳуқуқий асос яратиши таъкидланди.
Шунингдек, форумда исломий молия стандартларига мувофиқ корпоратив бошқарувни ташкил этиш, ликвидликни бошқариш воситаларини жорий қилиш, халқаро молия институтлари (Ислом тараққиёт банки, ОْتБ ва бошқалар) билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Янги алифбонинг банк соҳасига таъсири: эски шартнома ва пуллар ўз кучини йўқотадими?
Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига ўтишни назарда тутувчи 2026 йил 21 октябрдаги ЎРҚ–1184-сонли қонун қабул қилинди. Унга кўра, 2027 йил 22 апрелдан бошлаб амалдаги 3 та ҳарф бирикмаси ва 26 та ҳарф ўрнини 28 та ҳарф ҳамда 1 та тутуқ белгисидан иборат янги алифбо (хусусан, O‘ → Ö, G‘ → Ğ, Sh → Ş, Ch → Ç) эгаллайди. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши белгиланган бўлиб, банк номларини янги алифбога мослаштириш муддатлари шу асосда ҳал этилади.
Шу билан бирга, қонуннинг 2-моддасига асосан, янги алифбога ўтиш молиявий соҳадаги амалдаги ҳужжатларнинг кучини йўқотмаслигини кафолатлайди:
— Шартномалар: Илгари тузилган кредит, омонат ва бошқа турдаги барча шартномалар тўлиқ юридик кучни сақлаб қолади ва уларни қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
— Миллий валюта: Муомаладаги сўм банкнотлари мажбурий тарзда алмаштирилмайди ва уларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгаришсиз қолади.
— Қимматли қоғозлар: Аввал чиқарилган акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар ўз амал қилишини давом эттиради.
Марказий Осиёда ислом молияси бўйича рақамли платформа ишга тушиши мумкин
Марказий Осиё минтақасида, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда тижорат банклари ҳамда микромолия ташкилотлари учун мўлжалланган «FB Islamic Finance» номли махсус рақамли платформани ишга тушириш режалаштирилмоқда. AAOIFI (Ислом молия институтлари учун ҳисоб ва аудит ташкилоти) стандартларига тўлиқ мос келувчи мазкур тайёр ечим банкларга ўзларининг «исломий дарча»ларини мураккаб IT-инфратузизилмасини нолдан яратмасдан ва узоқ муддатли тайёргарликсиз қисқа фурсатда бозорга чиқариш имконини беради.
Ушбу рақамли платформа кредит конвейерини автоматлаштириш, CRM ва битимларни бошқариш, мудараба каби тамойилларга асосланган инвестицион операцияларни юритиш, шунингдек, молиявий ҳисобот ва назоратни таъминлаш каби қатор муҳим функцияларни ўз ичига олади. Шунингдек, тизим маҳаллий қонунчилик талабларига мослаштирилиб, банкларнинг амалдаги автоматлаштирилган банк тизимлари (ABS) ва тўлов шлюзлари билан осон интеграция қилинади.
Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун яна бир корхонага лицензия берилди
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг маълумотига кўра, 26 октябрь куни «Monetex» МЧЖ корхонасига крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун расмий лицензия берилди. Натижада мамлакатимизда ушбу йўналиш бўйича фаолият юритаётган лицензияга эга корхоналарнинг умумий сони 14 тага етди.
Шунингдек, республикада крипто-биржа соҳасида 2 та («Asterium» ва «Coinpay») ҳамда крипто-депозитарий фаолияти бўйича 6 та корхона лицензия асосида ишлаб келмоқда. Мутасаддилар хавфсизликни таъминлаш мақсадида фуқароларга фақатгина расмий рухсатга эга крипто-платформалар орқали амалиётларни бажаришни тавсия этиб, уларнинг рўйхатини Агентликнинг расмий (napp.uz) сайти орқали текшириш мумкинлигини эслатиб ўтган.





