Logo

Марказий Осиёда ислом молияси бўйича рақамли платформа ишга тушиши мумкин

Бугун 13:453 дақиқа

«Исломий дарча»ларни очаётган ёки ривожлантираётган тижорат банклари учун мўлжалланган ушбу платформа маҳсулотларни нолдан ишлаб чиқмасдан ва узоқ муддатли жорий этишсиз бозорга тез олиб чиқиш имконини беради.

Марказий Осиёда ислом молияси бўйича рақамли платформа ишга тушиши мумкин © vaqt.uz

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ислом молияси бўйича рақамли платформа ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

Ушбу платформа «Исломий дарча»ларни очаётган ёки ривожлантираётган тижорат банклари учун мўлжалланган. У алоҳида IT-инфратузилмасини яратмасдан, маҳаллий тартибга солувчи органнинг талабларини инобатга олган ҳолда ишга туширилади. Исломий маҳсулотларни ишга тушириш ва масштаблаш учун рақамли платформа маҳсулот линиясини созлашдан тортиб операциялар ва ҳисоб юритишгача қамраб олади. Ўзбекистондаги қатор микромолия ташкилотларда у қўлланилмоқда ва реал бизнес жараёнларига мослаштирилган.

Айтилишича, «FB Islamic Finance» Марказий Осиё банклари ва микромолия ташкилотларида исломий банк хизматларини ишга тушириш учун мўлжалланган тайёр ечим ҳисобланади. У Ислом молия институтлари учун ҳисоб ва аудит ташкилоти (AAOIFI) стандартларига мос бўлиб, маҳсулотларни нолдан ишлаб чиқмасдан ва узоқ муддатли жорий этишсиз бозорга тез олиб чиқиш имконини беради.

Платформа исломий молиялаштиришнинг асосий моделларини қўллаб-қувватлайди ҳамда банклар ва микромолия ташкилотларига шариат тамойилларига мос маҳсулот линиясини шакллантириш имконини беради.

Платформанинг имкониятлари қандай?

Кредит конвейери — мижознинг молиявий хизмат олиш учун ариза топширишидан тортиб, шартнома тузишгача бўлган жараённи автоматлаштирадиган тизим. Унда мижоз анкетани тўлдиради, унинг молиявий ҳолати ва тўлов қобилияти баҳоланади, тақдим этилган маълумотлар текширилади. Шундан сўнг молиялаштириш шартлари бўйича таклиф берилиб, тегишли актив расмийлаштирилади ва шартнома тузилади. Бу жараёнларни рақамли платформа орқали амалга ошириш ортиқча қоғозбозликни камайтириш, аризаларни кўриб чиқишни тезлаштириш ва молиявий хизматларни тақдим этишни соддалаштиришга ёрдам беради.

CRM ва битимлар — мижозлар билан ишлашнинг барча босқичларини ягона тизим орқали бошқариш имконини берувчи восита. У мижозлар ҳақидаги маълумотларни юритиш, ҳисобварақларни бошқариш, касса операцияларини амалга ошириш, депозитларни расмийлаштириш ҳамда молиявий операцияларни тасдиқлаш жараёнларини қамраб олади. Бу тизим мижозларга хизмат кўрсатишни соддалаштириш, операцияларни тезлаштириш ва молиявий жараёнларни самарали бошқаришга ёрдам беради.

Инвестицион операциялар — исломий молия тамойиллари асосида маблағларни инвестиция қилиш ва олинган фойдани тақсимлаш жараёнларини бошқариш имконини беради. Бунда мудараба, яъни ишончли бошқарув механизми қўлланилади: бир томон маблағ ажратади, иккинчи томон эса уни бошқариб, тадбиркорлик фаолиятига йўналтиради. Олинган фойда олдиндан келишилган нисбат асосида томонлар ўртасида тақсимланади. Рақамли платформа фойдани ҳисоблаш ва тақсимлаш жараёнларини автоматлаштиришга ёрдам беради.

Ҳисобот ва назорат — молиявий операцияларни кузатиш, ҳисоботларни шакллантириш ва кундалик иш жараёнларини назорат қилиш имконини беради. Тизим орқали баланс ҳисоботлари тайёрланади, қарздорлик ҳолати мониторинг қилинади ва амалга оширилаётган операциялар текшириб борилади. Шунингдек, операцион кунни очиш ва ёпиш жараёнларини бошқариш мумкин. Бу молиявий маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш, қарздорликни ўз вақтида кузатиш ва кундалик операцияларни тартибли юритишга ёрдам беради.

Локализация ва интеграциялар — платформани маҳаллий банкларнинг автоматлаштирилган банк тизимлари (ABS) ва тўлов тизимларига улаш, шунингдек, унинг Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ ишлашини таъминлаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк раҳбари исломий молияни ривожлантиришнинг кейинги босқичи нималарни ўз ичига олишини айтганди.

Теглар

Мавзуга оид