Logo

Жаҳон банки Тожикистонга 40 млн доллардан кўпроқ пул бермоқчи

Bugun 18:142 daqiqa

Банк ҳузуридаги кўп томонлама глобал шериклик платформаси эса мамлакатга 4,5 млн доллар ажратишга қарор қилган.

Жаҳон банки Тожикистонга 40 млн доллардан кўпроқ пул бермоқчи

Жаҳон банкининг Душанбедаги офиси берган хабарга кўра, банк мамлакатда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун 7,5 миллион доллар ва 30 миллион евро (33 миллион 652 минг доллар) ажратиш ниятида. Бу бўйича 11-октябр куни Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва банкнинг мамлакатдаги менежери Гаэл Рабаллан иккита мавжуд лойиҳани қўшимча молиялаштириш бўйича келишувга эришди.

Айтилишича, бу пуллар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иш ўринлари яратиш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга ажратилади. Халқаро тараққиёт ассоциацияси 7,5 миллион долларлик суммани «Қишлоқ хўжалиги секторининг барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳаси орқали беради.

Маблағлар Данғара туманида агрологистика маркази қурилишини якунлаш, Душанбе марказини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш учун зарур ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда иккала объектнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун ишлатилади. Агрологистика марказлари фермерларга даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг фаолияти Тожикистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Иккинчи келишув Тожикистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантириш ва инсон салоҳиятини ошириш лойиҳасига тааллуқли.

Халқаро тараққиёт ассоциацияси ушбу лойиҳа учун қўшимча 30 млн евро ажратади. Шунингдек, Аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини қўллаб-қувватлаш глобал молиялаштириш механизми (GFF) 4,5 млн доллар беради.

Қўшимча маблағлар мамлакатнинг яна тўртта туманида хизматларни йўлга қўйиш ва 300 та мактабгача таълим гуруҳини очиш имконини тақдим қилади. Шунингдек, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг турли шаклларидан кенгроқ фойдаланиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, болалар саломатлиги ва ривожланишига оид хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун болаларнинг ўсиши ва ривожланишини мунтазам кузатиб бориш дастури жорий этилади, тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади ҳамда болалар ривожланишини баҳолаш ва назорат қилиш тизими рақамлаштирилади.

Кутилишича, бу маблағлар болаларнинг мактабга тайёр бўлиб боришига, соғлом ўсиши ва ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Шу орқали Тожикистонда инсон салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХВЖ Тожикистон иқтисодиётининг 2026 йилдаги ўсиш прогнозини 7,3 фоизга оширганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
13.10.2026 | 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.