ЖСТга киришнинг сўнгги муддати, блогерлар тўлаган солиқ миқдори ва Тошкентдаги ижара нархлари — 7 май дажести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистондаги топ блогерлар тўлаган солиқ миқдори маълум қилинди
Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида энергетика ресурслари қазиб олиш ҳажми сезиларли қисқарди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, табиий газ қазиб чиқариш 9,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган.
Шу даврда нефт қазиб олиш 157,3 минг тонна бўлиб, йиллик ҳисобда 2,2 фоизга пасайган. Газ конденсати ишлаб чиқариш ҳажми эса 18,3 фоизга қисқариб, 242,3 минг тоннага тушган. Кўмир қазиб олиш ҳам 8,3 фоизга камайиб, 1,1 млн тоннани ташкил этди.
Шу билан бирга, айрим йўналишларда ўсиш кузатилди. Автомобил бензини ишлаб чиқариш 313,2 минг тоннага, дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш эса 280,9 минг тоннага етди. Портландцемент ишлаб чиқариш 13,9 фоизга ошиб 4,1 млн тоннани ташкил қилган бўлса, электр энергияси ишлаб чиқариш 22,93 млрд kW/hга етди.
Президент ЖСТга аъзоликни 2026 йилда якунлашни топширди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини 2026 йилда якунлаш бўйича топшириқ берди. Президент 6 май куни ўтказилган тақдимотда тўлақонли аъзоликни расмийлаштириш учун қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш ва музокараларни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.
2025 йил давомида Ўзбекистон ЖСТ билан музокараларда салмоқли натижаларга эришди. Хусусан, 40 дан ортиқ музокаралар раунди ўтказилиб, 11 та давлат билан келишувлар якунланди. Натижада музокаралари тугалланган давлатлар сони 33 тага етди. Шу билан бирга, 68 та қонунчилик ҳужжати халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилди, экспорт чекловлари бекор қилиниб, техник ва санитария тўсиқлари қисқартирилди.
Ҳозирги кунда 33 мамлакатдан 31 таси билан протоколлар имзоланган бўлиб, музокараларни фақат Тайван (Хитой Тайпейи) билан якунлаш қолган. Ўзбекистон 2026 йилда ўтказиладиган ЖСТ вазирлар конференциясига қадар ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишни мақсад қилмоқда.
Ўзбекистонда «прописка» тартиби янгиланди
Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш («прописка») тартиби янгиланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 5 майдаги қарори билан тасдиқланган янги низомга кўра, эндиликда рўйхатдан ўтиш жараёни Face-ID ва Mobile-ID орқали рақамли идентификация асосида амалга оширилади.
Янги тартибга мувофиқ, рўйхатдан ўтишда фуқаро ҳамда уй-жой мулкдорининг иштирок этиши ва розилиги мажбурий ҳисобланади. Фуқаролар ички ишлар органларининг миграция бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари ёки «Ақлли миграция» шохобчалари орқали мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, ЯИДХП ва «E-xabar berish» тизими орқали онлайн ариза топшириш имконияти ҳам яратилди.
Низомга кўра, бир нечта уй-жойга эга шахс фақат битта манзилда доимий рўйхатдан ўтиши мумкин. Вояга етмаганлар эса ота-онаси ёки васийси рўйхатда турган манзил бўйича автоматик тарзда рўйхатга олинади. Фуқаролар янги манзилга кўчиб келганидан кейин 10 иш куни ичида рўйхатдан ўтиши шартлиги белгиланди.
Нақдсиз олди-сотди ислоҳотининг ижара бозорига таъсири маълум қилинди
Тошкентда уй-жой олди-сотдисида ҳисоб-китобларнинг нақдсиз шаклга ўтказилиши ижара бозорида кескин ўзгаришларга олиб келмади. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг OLX платформасидаги 1,7 миллиондан ортиқ эълонлар асосида ўтказган таҳлилига кўра, 2026 йил апрелида пойтахтда медиан ижара нархи 550 доллар даражасида сақланиб қолган. Эълонлар сони ҳам деярли ўзгармаган — апрелда 22,8 мингта эълон қайд этилган.
Хоналар кесимида эса турлича динамика кузатилган: 1 ва 2 хонали уйлар нархи йиллик ҳисобда ошган бўлса, 3 ва 4 хонали уйларда пасайиш қайд этилган. Энг қиммат туманлар Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой бўлиб қолмоқда, энг арзон ижара эса Бектемир, Сергели ва Учтепада кузатилган. Мутахассислар бозордаги узоқ муддатли тенденцияларни баҳолаш учун ҳали эрта эканини таъкидлаб, аниқ ўзгаришлар йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида шаклланиши мумкинлигини билдирган.
2026-йилнинг уч ойида бюджетга қанча солиқ тушумлари келиб тушди?
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон давлат бюджетига 63,6 трлн сўм солиқ тушумлари келиб тушди. Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўп. Энг катта тушум фойда солиғи ҳиссасига тўғри келиб, ушбу тур бўйича 20,4 трлн сўм йиғилган. ҚҚС тушумлари 12,5 трлн сўмга, жисмоний шахслар даромад солиғи эса 10,7 трлн сўмга етган.
Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 6 трлн сўм, аксиз солиғи 4,6 трлн сўмни ташкил этган. Ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ҳам ўсиш қайд этилган. Энг юқори ўсиш суръати сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқда кузатилиб, 82 фоизга ошган. Солиқсиз тушумлар ҳажми эса 3,3 трлн сўмни ташкил қилди.





