Logo

Кетма-кет ўзгараётган нархлар: АЕС Ўзбекистонга қанча тушади?

Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси лойиҳаси қарийб саккиз йил давомида бир неча бор қайта кўриб чиқилди. Қурилиш расман бошланган бўлса-да, лойиҳа қиймати, молиялаштириш манбалари ва якуний харажатлар атрофидаги саволлар ҳануз долзарблигича қолмоқда. VAQT.UZ АЭС қурилиши бўйича қабул қилинган қарорлар, ўзгарган режалар ва эълон қилинган миллиардлаб доллар ҳақидаги баёнотларни бир жойга жамлади.

Кетма-кет ўзгараётган нархлар: АЕС Ўзбекистонга қанча тушади?

4 июнь куни Ўзбекистон ва Россия президентлари мамлакат тарихидаги биринчи атом электр станцияси қурилишига расман старт берди. Шу куни «Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмадхўжаев лойиҳанинг базавий қиймати 9,5 млрд долларга баҳоланганини маълум қилди.

Бу рақам биринчи марта интеграллашган АЭСнинг умумий қиймати сифатида расман тилга олинмоқда. Бироқ лойиҳанинг турли босқичларида эълон қилинган рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилади.

Хўш, бугун қурилиши бошланган АЭС аслида қанчага тушади ва рақамлар нега доим турлича кўрсатиб келинмоқда?

АЭС ҳақидаги биринчи йирик ҳисоб-китоблар 2018 йилда пайдо бўлганди. Ўша вақтда Ўзбекистон ва Россия ҳар бири 1200 MW қувватга эга иккита энергоблок қуриш режасини эълон қилган эди.

Ўшанда лойиҳанинг тахминий баҳоси 11 млрд доллар деб баҳоланган, станциянинг ўзини эса 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган.

Бироқ кейинги йилларда музокаралар чўзилиб кетди. 2019 йилда қабул қилинган атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси қурилишни 2022 йилда бошлашни назарда тутган бўлса-да, асосий шартнома имзоланмади.

COVID-19 пандемияси ва Россия–Украина уруши ҳам лойиҳанинг секинлашишига таъсир қилди. Шундай бўлса-да, олти йиллик музокаралардан кейин 2024 йилда жиддий ҳаракатлар бошланган.

Владимир Путиннинг 2024 йил май ойидаги Тошкентга ташрифи вақтида томонлар кичик қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича шартнома имзолади. Дастлабки режага кўра, ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор қурилиши кўзда тутилган эди.

Ўша пайтда «Ўзатом» раҳбарият кичик АЭС қурилиши 2 млрд доллардан ошмаслигини билдирган. Бу аввал тилга олинган 11 млрд долларлик лойиҳадан бир неча баравар кичик кўрсаткич эди.

Лойиҳа яна ўзгарди

Бироқ орадан бир неча ой ўтиб, 2024 йил октябрида концепция яна қайта кўриб чиқилиши ҳақида баёнотлар пайдо бўлди.

Аввал режалаштирилган олтита реактор ўрнига энди ҳар бири 55 MW қувватга эга иккита RITM-200N реакторини ўрнатиш белгиланди. Натижада станциянинг умумий қуввати 330 MW'дан 110 MW'тгача, яъни уч баравар қисқарди.

Шунга қарамай, лойиҳа қиймати қанчага камайгани расман очиқланмади. Кейинчалик АЭС қурилиши дирекцияси раҳбарияти мазкур лойиҳа 1 млрд доллардан ошмаслигини маълум қилди.

Икки реактор ўрнига тўрт энергоблок

2025 йилда томонлар яна янги форматни танлади. Бу сафар риторика энди фақат кичик АЭС ҳақида эмас, балки интеграллашган атом мажмуасига ўзгарди. Янги лойиҳа иккита RITM-200N реактори ва иккита VVER-1000 реакторидан иборат бўлади.

Айнан шу конфигурация бугун қурилаётган объектнинг асосини ташкил этади.

Шу сабабли аввал тилга олинган 1 млрд ёки 2 млрд долларлик рақамлар энди бутун мажмуа учун эмас, балки кичик АЭС босқичига тегишли ҳисобланади.

4 июнь куни эълон қилинган 9,5 млрд доллар эса айнан интеграллашган лойиҳанинг умумий баҳоси сифатида тақдим этилди.

Аммо айрим манбалар Жиззахда қуриладиган АЭС қиймати учун бошқа рақамларни тақдим қилган. Хусусан, лойиҳани амалга ошираётган Enter Engineering, Eriell Group ва Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) компаниялари 24,4 миллиард долларлик буюртма қабул қилган. Маҳаллийлаштиришнинг 30 фоизлик мақсадли кўрсаткичи инобатга олинганда, кичик АЭС қурилишининг ўзи 35 миллиард долларга етиши мумкинлиги айтилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу фантастик сумма.

«Олтиндан қуриладими, дейсан. Лекин пудрат қироли ва шимолликлар ҳар қандай лойиҳа қийматини бир неча карра оширишга уста эмасми? 2 блокли кичик АЭС 35 миллиард долларгача шишса, 2 блокли катта АЭСлар нархи қанчага етади?» — деганди мутахассис шундай маълумотларга муносабат билдираркан.

Бундан ташқари, Азим Аҳмадхўжаев 4 июндаги баёнотида бутун лойиҳани амалга ошириш учун «маълум бир қисмда» давлат бюджети маблағлари захира қилиниши, бироқ асосий қисми кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъкидлади.

«Биз лойиҳа қийматининг 85–90 фоизини кредит маблағлари шаклида жалб қилмоқчимиз. “Катта тўртлик” (Big Four) таркибидаги халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда олиб борган ҳисоб-китобларимизга кўра, агар лойиҳага шунча миқдорда маблағ киритилса, унинг бюджетга келтирадиган самараси 165 миллиард доллардан ошиб кетади. Турдош хизматлар пайдо бўлади, шунингдек, солиқ ажратмалари туша бошлайди. Шу боис ушбу лойиҳа ўта самарали ҳисобланмоқда», — деди «Ўзатом» раҳбари.

Бундан ташқари, Владимир Путин 4 июнь куни Ўзбекистонда биринчи интегратсиялашган АЭС қурилишининг бошланиш маросимида Россия қурилиш учун имтиёзли экспорт кредити ажратишини маълум қилди.

«Россия нафақат АЭС қуриши, балки ўзбекистонлик ҳамкорларга имтиёзли экспорт кредити ажратиши ҳамда станция фаолиятининг бутун ҳаётий цикли давомида кўмак кўрсатиши муҳим аҳамиятга эга», — деди Россия президенти.

Унинг сўзларига кўра, бунга “реактор ёнилғисини узоқ муддатли етказиб бериш, сервис ва техник хизмат кўрсатиш ҳамда ишлатилган ядровий материал билан ишлаш бўйича мажбуриятлар” киради.

АЭСдан Россия қанча фойда кўради?

2019 йил август ойида «Росатом» бош директори Алексей Лихачёвнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда АЭС қурилишига сарфланган ҳар бир доллар маҳаллий таъминловчиларга 1,9 доллар, мамлакат ялпи ички маҳсулотига 4,3 доллар ва солиқлар шаклида 1,4 доллар фойда келтириши мумкин.

Аммо кейинчалик лойиҳа келишувлари ўзгартирилгани ва станциялар 2 та кичик ҳамда 2 та йирик реакторли форматга ўтгани учун қиймат қайта ҳисобланган.

Хусусан, «Росатом» раҳбари 2026 йилда лойиҳа доирасида Россия корхоналари учун буюртмалар ҳажми 2 трлн рублгача (тахминан 24,7 млрд доллар) етиши мумкинлигини қайд этган.

Қурилиш босқичида киритилган ҳар бир рубль бюджетга 1,5 рубль сифатида қайтади, станция ишга тушгач эса бу кўрсаткич 2 рублгача ошади. Лойиҳа Россиянинг ўзида ҳам мингга яқин мутахассисни иш билан таъминлайди.

Шу ўринда АЭС қурилиши масаласи бошиданоқ жамоатчиликда турли муҳокамалар, хусусан, эътирозларга сабаб бўлиб келаётганини ҳам қайд этиш лозим. Лойиҳа эълон қилинганидан буён унинг иқтисодий самараси, хавфсизлиги, экологик оқибатлари ва муқобил энергия манбаларига нисбатан афзалликлари ҳақида баҳслар давом этмоқда. VAQT.UZ бугунги мақолада лойиҳанинг бу қисмларига тўхталиб ўтмади.

Сўнгги саккиз йиллик жараёнга назар ташланса, лойиҳанинг формати, режалар ва ҳисов-китоблар қуввати ва қиймати бир неча бор ўзгарганини кўриш мумкин. Ҳар сафар янги режалар, янги ҳисоб-китоблар ва янги рақамлар пайдо бўлди. Бу эса жамоатчиликда лойиҳанинг ҳақиқий кўлами ва қиймати бўйича шубҳа ва гумонларни янада кўпайтирмоқда.

Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш учун жалб қилинаётган кредитлар ва бошқа мажбуриятларнинг асосий юки охир-оқибат Ўзбекистон фуқаролари зиммасига тушар экан, жамоатчилик ҳам унинг барча жиҳатлари ҳақида тўлиқ маълумот олишга ҳақли. Бу нафақат кредит шартлари, балки тендерлар, пудратчилар, қурилиш харажатлари, давлат мажбуриятларига ҳам тааллуқли.

Миллиардлаб долларлик лойиҳада очиқлик шунчаки яхши амалиёт эмас, балки жамоатчилик олдидаги масъулият бўлиши керак.

Мафтуна Яхшиликова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid