Logo

Микроқарз шартномаларини ўқимаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Bugun 12:572 daqiqa

Рақобат қўмитаси микроқарз олувчиларнинг мурожаатларини таҳлил қилиб, истеъмолчилар учун муҳим огоҳлантириш берди.

Микроқарз шартномаларини ўқимаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Микроқарзни мобил илова орқали бир неча дақиқада расмийлаштириш мумкин. Бироқ жараённинг осонлиги истеъмолчиларни шартнома шартларини тўлиқ ўрганмасдан молиявий мажбурият олишга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмитага келиб тушган мурожаатлар таҳлили истеъмолчилар кўп ҳолларда шартномани тўлиқ ўқимаслиги, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарлича билмаслиги ҳамда тўловни кечиктириш оқибатларини олдиндан баҳоламаслигини кўрсатган.

Қўмита келтирган мисоллардан бирида микроқарз шартномаси бўйича 19 млн 656 минг сўм қарз белгиланган. Аммо ушбу маблағнинг 13 млн 650 минг сўми фуқаронинг банк картасига ўтказилган.

Қолган 6 млн 6 минг сўм эса маблағ ажратилган пайтда оператор ҳақи сифатида автоматик ундирилган. Натижада шартномада кўрсатилган қарз миқдори билан фуқаро амалда фойдаланиши мумкин бўлган маблағ ўртасида сезиларли фарқ юзага келган.

Қарзни олдиндан талаб қилиш

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддасига кўра, қарзни қисмларга бўлиб қайтариш белгиланган бўлса ва қарз олувчи навбатдаги тўлов муддатини бузса, қарз берувчи қолган суммани муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бу қоида қарз олувчи учун қўшимча молиявий хавф туғдиради. Яъни тўлов жадвалига риоя қилмаслик фақат навбатдаги тўловнинг кечикиши билан чекланмаслиги, қолган қарзни ҳам олдинроқ қайтариш мажбуриятини келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли микроқарз расмийлаштиришдан олдин шартномадаги барча бандларни, жумладан, комиссиялар, тўлов муддатлари ва кечиктириш оқибатларини диққат билан ўрганиш муҳим.

Нималарни текшириш керак?

Рақобат қўмитаси микроқарз олишдан олдин фуқароларга қарзни ўз вақтида қайтариш имкониятини баҳолашни тавсия қилди. Бунда шартнома бўйича амалда қанча маблағдан фойдаланиш мумкинлиги ва жами қанча пул қайтарилиши аниқланиши керак.

Шунингдек, ойлик тўлов миқдори, тўлов санаси ва муддатни бузиш оқибатларини олдиндан билиб олиш зарур. Қолган қарзни муддатидан олдин талаб қилиш шарти бор-йўқлигини ҳам текшириш лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк мамлакатдаги тижорат банклари таклиф қилаётган микроқарз ва автокредитларнинг янгиланган фоиз ставкаларини маълум қилганди.

Teglar

Mavzuga oid