Миллионлаб долларлик «ёлғон машинаси»: Исроилнинг рақамли уруш аппарати «Ҳасбара» қандай барбод бўлди?
Ғазодаги қирғинбарот уруш Исроилнинг дунёга айтган ёлғонларини фош қилди. Фаластинликлар воқеа жойидан реал ҳолатни тўғридан-тўғри кўрсатишга муваффақ бўлишди.
© PressTVДунё лаҳзалик ахборот урушлари даврига қадам қўйди. Давлатлар дунё жамоатчилиги олдида ўзларини ҳақ томон сифатида кўрсатишга интилмоқда ва уларнинг ахборот яратиш салоҳияти энг ҳал қилувчи қуролга айланди.
Ушбу ҳақиқатни биринчилардан бўлиб англаган Исроил «ҳасбара» деб номланувчи қадимий амалиётни XXI асрнинг рақамли инфратузилмаси билан бирлаштириб, уни тизимли ахборот уруши машинасига айлантирди.
«Ҳасбара» ўзи нима?
Иврит тилида «тушунтириш» деган маънони англатувчи ҳасбара тушунчаси Исроил давлати томонидан расман ўз сиёсати ва ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказиш фаолияти сифатида таърифланади.
Бироқ амалиётда бу таъриф шунчаки чиройли парда вазифасини ўтайди, холос. Бугунги кунда ушбу аппарат ҳукуматнинг расмий баёнотларидан тортиб ижтимоий тармоқларда кенг тарқаладиган кампанияларгача, оммавий ахборот воситаларидаги мувофиқлаштирилган хабарлардан тортиб сояда иш олиб борадиган пуллик блогерлар (инфлюэнсерлар)нинг махфий тармоғигача бўлган улкан қамровга эга.
Илмий адабиётларда жамоатчилик дипломатияси ва тарғибот (пропаганда) ўртасида назарий чегара мавжуд. Аммо реал ҳаётда Исроилнинг ҳасбара операциялари холис ҳақиқатни кўрсатишга эмас, балки муайян бир «ҳақиқатни» — сунъий равишда яратилган воқеликни шакллантиришга қаратилган.
Бу босқичда ўзини жамоатчилик дипломатияси сифатида тақдим этаётган тизим аслида манипуляция ва тарғиботга анча яқин эканини яққол намоён қилади.
Рақамли трансформация: 2006 йилдан ҳозирги кунгача
Исроилнинг бугунги кундаги ахборот уруши инфратузилмаси бир кечада пайдо бўлгани йўқ — у босқичма-босқич ва мақсадли эволюция орқали шаклланди.
2006 йилги Ливан уруши бу борада ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Исроил «Ҳизбуллоҳ» томонидан бевосита жанг майдонидан узатилган видеотасвирлар халқаро жамоатчилик фикрини қанчалик кескин ўзгартириб юборганини ўз кўзи билан кўрди.
Бу тажриба рақамли алоқанинг стратегик аҳамиятини эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини кўрсатди. 2008–2009 йиллардаги Ғазо ҳужуми эса давлат томонидан молиялаштириладиган рақамли тарғиботнинг янги даврини бошлаб берди.
Шундан сўнг Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда турли хорижий тилларда мониторинг олиб бориш ва хабарлар тарқатиш вазифаси юклатилган махсус бўлинма тузилганини расман эълон қилди.
2012 йилга келиб, ижтимоий тармоқлар ахборот урушининг асосий майдонига айланди. 2014 йилги Ғазо ҳужуми пайтида эса Исроилни жабрдийда қилиб кўрсатишга қаратилган, ўзаро мувофиқлаштирилган контент кампаниялари ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.
Айнан шу даврда «Act.IL» иловаси яратилди. Бу — кўнгилли фаолларга мақсадли контентни кенг ёйиш ёки номақбул материалларни ўта аниқлик билан ўчириб ташлаш учун шикоят қилиш имконини берувчи, ўхшаши йўқ биринчи оммавий рақамли сафарбарлик воситаси эди. Ўша даврда Исроил ҳатто университет талабаларига онлайн ҳасбара операцияларини амалга оширгани учун махсус стипендиялар таклиф қилишгача борди.
7 октабр воқеаларидан сўнг Исроилнинг рақамли тарғибот инфратузилмаси ҳам кўлам, ҳам мураккаблик жиҳатидан кескин сакрашни бошдан кечирди.
Жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ҳасбара операциялари учун ажратилган давлат бюджети 2023 йилгача бўлган даврга нисбатан қарийб йигирма баробарга ошиб, 2025 йилда 150 миллион долларга етди.
2026 йилга келиб эса Исроил ўз рақамли тарғибот аппаратига мисли кўрилмаган маблағ — 730 миллион доллар йўналтиришини эълон қилди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Диаспора ишлари вазирлиги таркибида махсус мувофиқлаштирувчи бўлинмалар ташкил этилди.
LAPAM номи билан танилган Исроил ҳукуматининг реклама агентлиги 2024 йил давомида тахминан 2000 та реклама эълон қилган бўлса, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ярим ойи ичида бу кўрсаткич 4000 дан ошди. Эътиборлиси, бу рекламаларнинг тенг ярми халқаро аудиторияга қаратилган эди.
Бу маълумотлар оммага ошкор бўлар экан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Ню-Йоркда бир гуруҳ яҳудий-америкалик инфлюэнсерлар (тармоқ фаоллари ва блогерлар) билан учрашиб, уларга аниқ бир чақириқни етказди: «Биз бу рақамли майдонда, ижтимоий тармоқларда албатта жавоб зарбасини беришимиз керак».
Туркия мисоли
Исроил олиб бораётган рақамли урушнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — мақсадли аудиторияга унинг ўз она тилида мурожаат қилиш стратегиясидир. Бу тактика, айниқса, Исроил билан дипломатик муносабатлари ўта кескинлашган мамлакатларга нисбатан қўлланилганда яққол кўзга ташланади.
2025 йилнинг март ойида Исроил ҳарбийлари «Х» ва «Telegram» платформаларида турк тилидаги расмий саҳифаларини ишга туширди. Мазкур саҳифаларнинг муқова суратида Исроил ва Туркия байроқлари фонида ёнма-ён туриб ҳарбийча салом бераётган Исроил аскарлари акс эттирилган эди.
7 октабр воқеаларидан сўнг Туркия ва Исроил муносабатлари чуқур инқирозга юз тутган бир пайтда, Исроил армиясининг айнан турк тилида канал очиш қарори ҳеч қандай хайрихоҳлик ишораси эмасди. Аксинча, бу очиқдан-очиқ жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш операцияси эканидан далолат беради. Зеро, Туркия Исроилга нисбатан кенг қамровли савдо чекловларини жорий қилган, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса халқаро майдонда Исроилни энг кескин ва изчил танқид қилувчи етакчилардан бири сифатида намоён бўлган эди.
Шунингдек, ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Исраэл Кац томонидан «Х» тармоғида Эрдўғонга қарата ёзилган постлар халқаро илмий доираларда «рақамли дипломатия ва дипломатик инқироз» мавзуси доирасида тадқиқотчиларнинг эътиборини торта бошлади. Кацнинг визуал материаллар билан бойитилган твитлари провокацион рақамли дипломатиянинг яққол намунаси сифатида тарихга кирди — бунда бир давлат вазири ижтимоий тармоқлар орқали бошқа бир суверен давлат раҳбарини тўғридан-тўғри ва тажовузкорлик билан нишонга олган эди.
Исроил армиясининг ўнлаб тилларда фаол ижтимоий тармоқ саҳифаларини юритиши ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди: бу шунчаки тасодиф эмас, балки саноат миқёсида амалга оширилаётган, марказдан туриб мувофиқлаштириладиган мақсадли стратегик ҳаракатдир.
Ғазо воқелиги ва сохта талқинларнинг барбод бўлиши
Бироқ барча ресурслари ва мукаммаллигига қарамай, Исроилнинг рақамли тарғибот машинаси жиддий тўсиқларга дуч келдики, бу тўсиқлар чуқурроқ ўрганишга арзийди.
Биринчиси — реал воқеликни инкор этиб бўлмайди. Талқин қанчалик кучли бўлмасин, у ҳақиқатни тўлиқ яшира олмайди. Ғазодаги ўлим ва вайронагарчиликлар кўлами шу қадар кенг эдики, бу Исроил «ҳасбараси» сақлаб қолишга уринган бир ёқлама ҳикояга тўғридан-тўғри зарба берувчи реал воқеликни юзага келтирди.
Қўлида смартфони бор фаластинликлар воқеа жойида аслида нималар бўлаётганини миллионлаб одамларга реал вақт режимида узатишга муваффақ бўлди.
Иккинчи тўсиқ — ишончнинг йўқолиши. Мунтазам берилаётган баёнотлар ёлғон ёки ўта бўрттирилган бўлиб чиқавергач, манбанинг ишончлилиги ҳам шунга мос равишда қулайди.
Дастлаб Исроил манбаларига қаттиқ таянган кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари кейинчалик ўз хабарларига тузатишлар киритишга мажбур бўлди. Бу эса танқидий фикрловчи аудиторияни тақдим этилаётган маълумотларга аввалгидан-да кучлироқ шубҳа билан қарашга ундади.
Учинчи тўсиқ эса халқаро ҳуқуқий жараёнлар ортидан пайдо бўлди. БМТнинг Халқаро суди ва Халқаро жиноий суд томонидан эгалланган қатъий позиция рақамли манипуляция ҳуқуқий воқеликни ўзгартира олмаслигини аниқ кўрсатиб берди.
Энг кутилмаган ҳолат шу бўлдики, рақамли контентнинг суд материалларига далил сифатида киритилиши «ҳасбара» кампаниялари ўзлари ҳимоя қилиши керак бўлган манфаатларга тўғридан-тўғри қарши ишлайдиган ашёвий далилларни ўз қўли билан яратиб берганини англатар эди.
«Ҳасбара»нинг рақамли даврдаги кўриниши давлатлар ахборотни қандай қилиб қуролга айлантириши мумкинлиги бўйича энг яхши ҳужжатлаштирилган амалий мисол бўлиб хизмат қилади.
Совуқ уруш давридаги радио тарғиботидан фарқли ўлароқ, анчагина шахсийлаштирилган, кўлами тез кенгаядиган ва шаффофлиги ўта паст даражада ишлайдиган ушбу ёндашув халқаро коммуникация муҳити учун жиддий ва муттасил ўсиб бораётган муаммони келтириб чиқармоқда.
Мазкур операциялар атрофидаги сиёсий ва ахлоқий баҳсларни бир четга суриб қўйганда ҳам, барча учун умумий бўлган битта хулоса юзага чиқади: ижтимоий тармоқларда биз истеъмол қилаётган контентни ким, қандай мақсадда ва кимнинг молиявий кўмагида яратганини сўроқ остига олиш энди шунчаки ихтиёрий танлов эмас. Бу — ҳаётий заруратдир.





