Logo

Москва «TRIPP» лойиҳаси бўйича огоҳлантирди: «Трамп йўли» Ўзбекистон учун нимани англатади?

Bugun 10:106 daqiqa

Мария Захарова Россия ва Эрон манфаатлари инобатга олинмаса, лойиҳа муваффақиятсизликка учрашини айтди. Арманистон эса аллақачон амалий босқични бошлаган.

Москва «TRIPP» лойиҳаси бўйича огоҳлантирди: «Трамп йўли» Ўзбекистон учун нимани англатади? © Ijtimoiy tarmoqlar

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 26 ноябр куни АҚШ ва Арманистон ҳамкорлигида амалга оширилаётган «TRIPP» транспорт лойиҳаси юзасидан огоҳлантириш билан чиқди. Унинг таъкидлашича, лойиҳада Россия ва Эрон манфаатлари ҳисобга олиниши шарт — акс ҳолда ташаббус минтақада янги ажратувчи чизиқларни юзага келтириб, барбод бўлиши мумкин.

Москванинг бу баёноти лойиҳанинг амалий босқичи бошлангани ва уни бошқарадиган компанияни ташкил этиш бўйича келишув маъқуллангани ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Шунга қарамай, «TRIPP» ҳали тўлиқ ишга тушган транспорт йўлаги эмас: ҳозирча ташкилий масалалар ҳал этилмоқда, қурилишга тайёргарлик ва лойиҳалаш ишлари давом этяпти.

Москва қандай хавфлардан хавотирда?

26 ноябрдаги брифингда Мария Захарова Москва «TRIPP» лойиҳаси атрофидаги жараёнларни диққат билан кузатаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташаббус юзасидан ҳали жавобини кутаётган саволлар бор.

Захарова бу лойиҳа моҳиятан Россия, Арманистон ва Озарбойжон бош вазир ўринбосарлари иштирокида аввал ишлаб чиқилган уч томонлама транспорт-иқтисодий алоқаларни очиш механизмига ўхшашини қайд этди. Ўша музокараларда Озарбойжоннинг асосий ҳудуди билан Нахичеван автоном республикаси ўртасидаги алоқани тиклашдан ташқари, Арманистон темирйўл тармоғини Туркия, Эрон ва Россия йўналишларида очиш масаласи ҳам кўриб чиқилган эди.

Россия ТИВ вакилининг фикрича, «TRIPP» ташаббусида қурилиш муддатлари, инфратузилмадан фойдаланиш шартлари ва юк ташиш истиқболлари ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. У Эрон томони ҳам лойиҳани танқид қилаётганини эслатиб ўтди.

«Трамп йўли»га нисбатан, айниқса, эронлик ҳамкорларимиз томонидан аллақачон танқидий фикрлар билдирилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Эроннинг шимолий чегарасида Америка ҳарбий кучларининг ҳар қандай жисмоний иштироки Теҳрон асло қабул қилмайдиган ҳолатдир. Биз лойиҳани амалга оширишда мамлакатимиз манфаатлари, қолаверса, бу ҳақда очиқ баёнот бераётган Эроннинг ҳам манфаатлари эътибордан четда қолмаслигини принципиал жиҳатдан муҳим деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади Захарова.

«TRIPP» қандай лойиҳа ва у қаердан ўтади?

«TRIPP» — инглизча «Trump Route for International Peace and Prosperity» иборасининг қисқартмаси бўлиб, «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли» деган маънони беради. Лойиҳа Озарбойжоннинг асосий ҳудудини Арманистон орқали Нахичеван автоном республикаси билан боғлаш, шунингдек, минтақада транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришни кўзда тутади.

Ташаббуснинг сиёсий асоси 2025 йил 8 августда Вашингтонда эришилган келишувларга бориб тақалади. Ўшанда АҚШ президенти Доналд Трамп гувоҳлигида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян қўшма декларация имзолаган эди.

Ҳужжатнинг учинчи бандида икки давлат ўртасида ички, икки томонлама ва халқаро транспорт алоқаларини очиш муҳимлиги белгиланган. Унда Озарбойжоннинг асосий қисми билан Нахичеван ўртасида Арманистон ҳудуди орқали тўсиқсиз алоқани йўлга қўйиш, айни пайтда Арманистон учун ҳам ички ва халқаро транспорт имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.

Тўртинчи бандга мувофиқ, Арманистон «TRIPP» лойиҳаси бўйича АҚШ ва ўзаро келишилган учинчи томонлар билан ҳамкорлик қилиши лозим. Декларацияда бу жараён давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва юрисдикциясини ҳурмат қилиш тамойили асосида амалга оширилиши қайд этилган.

Марказий Осиё ва Каспий минтақаси учун имконият

«TRIPP» шунчаки автомобил йўлаги эмас. 2026 йил 14 январда Арманистон ва АҚШ ҳукуматлари лойиҳани амалга ошириш механизмларини белгиловчи ҳужжатни эълон қилди.

Унга кўра, «TRIPP» Арманистон ҳудудида мултимодал транспорт алоқасини йўлга қўйиши, Озарбойжоннинг асосий қисми билан Нахичеванни боғлаши ҳамда Транскаспий савдо йўналишининг муҳим бўғинига айланиши керак. Ҳужжатда Марказий Осиё ва Каспий минтақасини Европа билан боғлайдиган янги транзит имкониятларини яратиш ҳам асосий мақсадлардан бири сифатида кўрсатилган.

Шу доирада темирйўл, автомобил йўллари, электр узатиш тармоқлари, нефт ва газ қувурлари, шунингдек, оптик толали алоқа инфратузилмасини барпо этиш имкониятлари қайд этилган. Лойиҳанинг аниқ ҳудудлари ва инфратузилма таркиби кейинги техник ва лойиҳалаш ишлари жараёнида белгиланади.

Шу жиҳатдан, «TRIPP» фақат Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги алоқани тиклаш эмас, балки Каспий орқали ўтадиган савдо йўлларини Европа билан туташтиришга қаратилган кенг кўламли инфратузилма ташаббуси сифатида тақдим этилмоқда.

Лойиҳани ким бошқаради?

«TRIPP» атрофидаги энг муҳим саволлардан бири — инфратузилма ва бошқарув кимнинг қўлида бўлиши. Арманистон ва АҚШ бу масалага 2026 йил 26 майда эълон қилинган келишувда аниқлик киритган.

Унга кўра, лойиҳани юритиш учун Арманистонда «TRIPP Development Company» қўшма корхонаси тузилади. Компаниянинг 74 фоиз улуши АҚШга, 26 фоизи эса Арманистонга тегишли бўлади. Америка томонининг улуши АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси — «DFC»га тўлиқ қарашли шўъба компания орқали бошқарилади.

Келишувга биноан, компанияга дастлабки 49 йилга лойиҳа ҳудудларидан фойдаланиш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳуқуқи берилади. Томонлар ўзаро келишиб бу муддатни яна 50 йилга узайтирса, Арманистоннинг улуши 49 фоизгача ошади.

Келишувда Арманистон ўз ҳудудидаги «TRIPP» инфратузилмаси устидан суверенитет ва юрисдикцияни тўлиқ сақлаб қолиши белгиланган. Чегара назорати, божхона, миграция, ҳуқуқ-тартибот, миллий хавфсизлик ва солиқ йиғимлари Арманистон давлат органлари ихтиёрида қолади.

Келишув маъқулланди, аммо компания ҳали иш бошлагани йўқ

Лойиҳанинг амалий босқичига ўтишдаги навбатдаги қадам 26 ноябр куни ташланган: Арманистон ҳукумати «TRIPP Development Company» акциядорлари ўртасида имзоланадиган келишувни маъқуллади.

Бош вазир матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳужжат компаниянинг бошқарув тамойиллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, инвесторларни танлаш ҳамда концессияларни бошқариш тартибини белгилайди.

Никол Пашинян келишув матни тайёрлигини ва уни бир ҳафта ичида имзолаш режалаштирилаётганини билдирди. Шундан сўнг компания Арманистонда давлат рўйхатидан ўтказилиб, фаолиятини бошлайди.

Эроннинг хавотирлари ва АҚШ ҳарбийлари масаласи

«TRIPP» лойиҳасига нисбатан эътирозлар фақат Россиядан чиқаётгани йўқ. Эрон ҳам ташаббуснинг минтақадаги геосиёсий мувозанатга таъсири ва АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий иштироки юзасидан хавотир билдирган.

9 ноябр куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Бақоий Теҳрон транспорт алоқаларининг очилишини қўллаб-қувватлашини, аммо бу жараён минтақанинг геосиёсий ҳолатини ўзгартирмаслиги шартлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Арманистон томони мамлакат ҳудудида АҚШ ҳарбийлари жойлаштирилмаслиги ва лойиҳани Арманистон компаниялари амалга ошириши ҳақида Теҳронга кафолат берган. Шунга қарамай, Эрон жараённи яқиндан кузатиб боришини билдирган.

Арманистон бош вазири ҳам 2026 йил августида «TRIPP» доирасида хорижий ҳарбий ёки қуролли кучлар иштироки кўзда тутилмаганини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, АҚШ ва Арманистон ўртасидаги келишувда хавфсизлик, чегара ва божхона назорати Арманистон ихтиёрида қолиши мустаҳкамлаб қўйилган. Инфратузилма хавфсизлиги режалари Арманистон томонидан тасдиқланади.

«TRIPP» Ўзбекистон учун нимани англатиши мумкин?

Лойиҳанинг Ўзбекистон учун аҳамияти Марказий Осиё ва Каспий минтақасини Европа билан боғлаш режаларига бориб тақалади. Арманистон ва АҚШнинг 2026 йил январдаги ҳужжатида ҳам бу йўналишда янги транзит имкониятларини яратиш асосий мақсадлардан бири сифатида қайд этилган.

Агар «TRIPP» амалга ошса, минтақавий транспорт тармоқларини ўзаро боғлаш учун янги имконият очилади. Бу эса Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун Каспий орқали Кавказ ва Европа бозорларига чиқиш йўлларини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим.

Teglar

Mavzuga oid