Logo

Омонатларга солиқдан кешбекни бекор қилишгача: Фискал мулоқотда нималар таклиф қилинди?

Bugun 21:056 daqiqa

Банк омонатларига 5 фоизлик солиқ жорий этиш, 1 фоизлик кешбекни бекор қилиш, углерод солиғи, палма ёғига акциз ва минимал иш ҳақини ошириш: Фискал таҳлиллар институти 2027 йил учун илгари сурган энг муҳим таклифларни Vaqt.uz бир мақолага жамлади.

Омонатларга солиқдан кешбекни бекор қилишгача: Фискал мулоқотда нималар таклиф қилинди?

30 июль куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти ўтказган Фискал мулоқотда 2027 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатига оид қатор таклифлар тақдим этилди.

Улар орасида солиқ тизими, субсидиялар, ижтимоий тўловлар ва меҳнат бозорига тааллуқли таклифлар ҳам бор. Vaqt.uz муҳокама қилинган асосий таклифларни бир жойга жамлади.

Омонатларга 5 фоизлик солиқ таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институтининг энг кўп муҳокама қилинган таклифларидан бири банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини солиққа тортиш бўлди. Институтга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда пассив даромадлар ичида фақат банк омонатларидан олинадиган фоизлар солиқдан озод қилинган.

Шу муносабат билан институт банк депозитларидан олинадиган даромадларга дивидендлар каби 5 фоизлик солиқ жорий этишни таклиф қилди. Тақдимотда келтирилган ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари ҳажми 170 триллион сўмни ташкил этади.

Марказий банк маълумотларига асосан, омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 16 фоизни ташкил қилган. Агар ушбу фоиз даромадлари 5 фоиз ставкада солиққа тортилса, давлат бюджетига қўшимча 1,4 триллион сўм тушум келиши мумкин. Шунингдек, институт бу каби амалиёт кўплаб давлатларда мавжудлигини таъкидлади.

Аввалроқ, Vaqt.uz иқтисодчиларнинг хавотирлари, Марказий банк муносабати ва халқаро тажрибани таҳлил қилган эди.

1 фоизлик кешбек бекор қилиниши мумкин

Тақдимотда энг баҳсли масалалардан яна бири барча учун амал қилаётган 1 фоизлик кешбек тизими бўлди. Институт таҳлилларига кўра, мазкур механизм чек талаб қилиш маданиятини шакллантириш вазифасини бажариб бўлган, бироқ давлат бюджети учун харажатлар йилдан йилга ошиб бормоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, агар амалдаги тартиб сақланса, 2027 йилда 1 фоизлик кешбек учун 2,1 триллион сўм ажратилиши кутилмоқда. Шу боис институт барча учун тўланадиган кешбекни бекор қилишни, Ижтимоий реестрга киритилган аҳоли учун айрим товарлар бўйича 12 фоизлик кешбекни сақлаб қолишни ҳамда унинг ўрнига қимматбаҳо совғалар ўйналадиган мақсадли лотерея тизимини жорий этишни таклиф қилди.

Институтга кўра, бу бюджет харажатларини қарийб 20 баробар қисқартириш имконини беради.

Даромадга қараб солиқ тўлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди

Институтнинг яна бир муҳим таклифи жисмоний шахслар даромад солиғини келажакда прогрессив тизим асосида ҳисоблашга ўтиш билан боғлиқ бўлди.

Тақдимотда таъкидланишича, 2019 йилдан буён амал қилаётган ягона 12 фоизлик ставка ўрта ва узоқ муддатли истиқболда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Институт фикрича, юқори даромадли фуқаролар кўпроқ, паст даромадлилар эса камроқ солиқ тўлайдиган тизим солиқ адолатини кучайтиришга хизмат қилади.

Бироқ муҳокама давомида институт вакиллари бу ҳозирча фақат концептуал таклиф эканини таъкидлади. Прогрессив солиқ бўйича аниқ ставкалар ва уни жорий этиш муддати ҳали белгиланмаган.

Углерод солиғи жорий этилиши мумкин

Фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда йирик саноат корхоналари учун углерод солиғини босқичма-босқич жорий этишни таклиф қилди. Институт бунга тайёргарлик 2027 йилда бошланиши, 2028 йилдан эса иссиқхона газларини кўп чиқарадиган корхоналар ушбу солиқни тўлашни бошлаши мумкинлигини билдирди.

Таклифга кўра, дастлаб корхоналарнинг иссиқхона газлари чиқиндилари ҳисобга олинади, солиқ базаси ва ставкалари ишлаб чиқилади. Кейинчалик эса ушбу солиқ босқичма-босқич кенгайтириб борилади. Институт вакилларининг таъкидлашича, асосий мақсад бюджетга кўпроқ маблағ йиғиш эмас, балки корхоналарни атмосферага чиқарилаётган зарарли газларни камайтиришга рағбатлантиришдан иборат.

Палма ёғига акциз солиғи таклиф қилинди

Институт яна бир баҳсли таклиф сифатида палма ёғига 10 фоизлик акциз солиғи жорий этишни илгари сурди. Тақдимотда айтилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти палма ёғини тўйинган ёғлар миқдори юқори бўлган маҳсулот сифатида баҳолайди.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон қарийб 12,8 минг тонна палма ёғи импорт қилган. Агар унга 10 фоизлик акциз солиғи жорий этилса, давлат бюджетига қўшимча 22 миллиард сўм тушиши мумкин. Шу билан бирга, институт бу таклифнинг асосий мақсади бюджет даромадини ошириш эмас, балки палма ёғи истеъмолини камайтириш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш эканини таъкидлади.

Алкоголь маҳсулотлари учун акцизни ошириш таклиф этилди

Институт алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкасини ҳам оширишни таклиф қилди. Унга кўра, амалдаги 48 минг сўмлик ставкани 70 минг сўмга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, этил спирти учун акциз ставкасини ҳам ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚСдаги каби ҳисобга олиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди. Институтнинг фикрича, бу бир томондан Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлашса, иккинчи томондан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг солиқ юкини камайтириб, импорт маҳсулотлари билан рақобатини кучайтиришга хизмат қилади.

Иссиқлик ва транспорт субсидияларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Институт давлат бюджетидан ажратилаётган иссиқлик ва жамоат транспорти субсидияларини ҳам қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Таклифга кўра, иссиқлик таъминотида субсидия барча истеъмолчиларга бир хил берилиши ўрнига, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам шаклига ўтказилиши керак. Шунингдек, 60 квадрат метргача бўлган уйлар учун амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиш, ундан катта майдонга эга уй-жойлар учун эса босқичма-босқич тўлиқ тарифни жорий этиш тавсия этилди.

Жамоат транспортида эса субсидияларни йўловчилар оқими ва хизмат сифати билан боғлаш, паст йўловчили йўналишларни оптималлаштириш ҳамда бўшайдиган маблағларни ҳудудларда транспорт тизимини ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилинди.

Банклар учун фойда солиғини камайтириб, айрим хизматларга ҚҚС жорий этиш таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институти банклар, мобил алоқа операторлари, полиэтилен гранулалари ишлаб чиқарувчилари ҳамда бозор ва савдо мажмуалари учун амалдаги 20 фоизлик фойда солиғи ставкасини 15 фоизга туширишни таклиф қилди.

Институт вакилларининг таъкидлашича, аксарият давлатларда фойда солиғи барча корхоналар учун ягона ставкада қўлланилади. Шу сабабли айрим тармоқлар учун оширилган ставкани сақлаб қолиш солиқ тизимидаги адолат ва рақобат тамойилларига тўлиқ мос келмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу таклиф амалга оширилса, давлат бюджети фойда солиғи ҳисобидан 859 миллиард сўм даромаддан маҳрум бўлади. Институт бу йўқотишни банкларнинг айрим комиссия хизматларини қўшилган қиймат солиғига (ҚҚС) тортиш орқали қоплашни таклиф қилди.

Хусусан, банк карталарини юритиш, ҳисобварақларни юритиш, касса хизматлари, валюта айирбошлаш бўйича комиссиялар ҳамда банк карталари операцияларини процессинг қилиш хизматларини ҚҚСга тортиш таклиф этилди. Институт фикрича, бундай амалиёт кўплаб давлатларда аллақачон қўлланилади.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий бадални 4,5 баробарга ошириш таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институти ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун ижтимоий тўловлар тизимини ўзгартиришни таклиф қилди.

Институт маълумотига кўра, ҳозирда ЯТТлар ҳар ой 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Сентябрдан бошлаб бу ойига 440 минг сўмни, йилига эса 5,28 млн сўмни ташкил этади.

Ўзини ўзи банд қилганлар эса меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига бир марта 1 БҲМ, яъни 440 минг сўм тўлайди. Натижада икки тоифа тўлайдиган бадаллар ўртасида 12 баробар фарқ юзага келган.

Шу сабабли институт ижтимоий бадалларни ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни таклиф қилди. Унга кўра, бадаллар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) эмас, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭК) асосида ҳисобланади. Бу ҳолда ойлик бадал 163,2 минг сўмни ташкил этади.

Институт вакилларининг айтишича, янги тизим бирданига эмас, босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган. Дастлаб ойлик тўлов 50 минг сўм атрофида белгиланиб, кейинчалик босқичма-босқич 163,2 минг сўмгача оширилиши мумкин. Ҳозирча бу фақат таклиф бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган.

Минимал иш ҳақини босқичма-босқич ошириш таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институти 2030 йилгача меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини (МҲТЭК) мамлакатдаги медиан иш ҳақининг 40 фоизигача етказишни таклиф қилди.

Институт вакилларининг айтишича, бу ўзгариш бир йўла эмас, балки босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Дастлаб тизим қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш каби айрим соҳаларда синов тариқасида жорий этилиши, кейинчалик эса бошқа тармоқларга ҳам кенгайтирилиши мумкин.

Таклиф муаллифлари бу ёндашув энг кам иш ҳақи миқдорини иқтисодиётдаги ҳақиқий иш ҳақлари даражасига яқинлаштириш ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур таклифларнинг барчаси ҳозирча Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳисобланади. Улар ҳукуматнинг қабул қилинган қарори эмас.

Таклифлар давлат органлари, экспертлар ҳамжамияти ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши кутилмоқда. Уларнинг қайси бири амалга оширилиши, қайси бири эса қайта ишланиши ёки рад этилиши бўйича якуний қарорлар кейинги босқичларда қабул қилинади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 177

Barchasi

Mavzuga oid