Logo

Ўзбекистон 2027-йилда сунъий интеллектга яна 70 млн доллар ажратмоқчи

Bugun 10:443 daqiqa

Сунъий интеллект лойиҳалари учун ҳисоблаш қувватларини кенгайтириш режаси амалга ошса, ускуналар харидининг жами қиймати 100 млн долларга етади.

Ўзбекистон 2027-йилда сунъий интеллектга яна 70 млн доллар ажратмоқчи © Raqamli texnologiyalar vazirligi

Ўзбекистон 2027-йилда сунъий интеллект лойиҳалари учун ҳисоблаш ускуналарига яна 70 млн доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 24 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида маълум қилди.

Шерматовнинг айтишича, Ўзбекистон АҚШ билан сиёсий алоқалари туфайли Nvidia’нинг энг янги чипларини харид қилиш имконига эга. Ускуналар қиммат бўлгани учун ҳисоблаш қувватлари уларга бўлган талабга қараб босқичма-босқич оширилади.

«Биринчи кластерни 24 млн долларга олдик. Яна қўшимча 6 млн долларлик ускуна оляпмиз. Кейинги йил, насиб қилса, яна 70 млн долларга режа қиляпмиз», — деди Шерматов.

Nvidia технологиялари асосида ишлайдиган биринчи суперкомпьютер июль ойида «Рақамли ҳукумат» маълумотлар марказида ишга туширилган. Август ойида эса амалдаги ҳисоблаш кластерини кенгайтириш учун қўшимча 70 млн доллар йўналтириш таклифи президентга тақдим этилган.

Вазирнинг айтишича, ҳозирги ҳисоблаш қуввати амалдаги лойиҳаларга етади. Кластер юкламаси 90 фоизга етганда у кенгайтирилади. Ҳозир мамлакатда сунъий интеллектдан фойдаланишга доир 100 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар давлат хизматлари, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва жамоат хавфсизлиги каби соҳаларни қамраб олади. Ўз СИ лабораторияси бўлмаган стартаплар, илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳлар марказий кластердан бепул фойдаланиши мумкин.

Мажлисда хорижлик инвесторлар иштирокида қурилаётган маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳақида ҳам сўз борди. Саудия Арабистонининг «DataVolt» компанияси Тошкентдаги IT Park’да қураётган дата-марказнинг биринчи босқичини 2027-йил январда ишга туширишни режалаштирган. Биринчи босқич қуввати 12 МВт бўлади. Шерматов бутун лойиҳа қийматини камида 3 млрд долларга баҳолади. Марказни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Вазир Қорақалпоғистонда ҳам бундай марказларни қуриш бўйича хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борилаётганини айтди. Ҳудудда қиймати 100 млн доллардан ортиқ рақамли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширадиган инвесторлар учун имтиёзлар, жумладан, электр энергиясининг ҳар киловатт-соати учун 5 сентлик тариф мўлжалланган. Шерматовнинг айтишича, айрим компаниялар марказ қурилганидан кейин унинг хизматларини давлат сотиб олишини таклиф қилган. Вазир бундай мажбуриятни олишга эҳтиёж йўқлигини билдирди.

Депутат Ойбек Ота Муратовнинг айтишича, депутатларга тақдим этилган маълумотларда хорижий инвесторлар билан умумий қуввати 800 МВтгача бўлган марказлар қуриш режалари келтирилган. У бу марказлар катта ҳажмда электр ва сув истеъмол қилишини айтиб, инвесторларга қандай талаблар қўйилишини сўради. Шерматов совитиш тизимида сувни қайта айлантириб ишлатиш ва шу орқали сув сарфини камайтириш бўйича талаблар қўйилишини айтди.

«Ҳаммаси келиб, истаганча ёқилғи ёқиб, экологияни бузиб, бизга дата-марказ қилиб бериши керак эмас», — деди вазир.

Шерматов IT Park резидентлари орасида сунъий интеллект соҳасида ишлаётган компаниялар сони 240 тага етганини ҳам маълум қилди. Улар 2026-йил бошидан 895 млрд сўмлик хизмат кўрсатган. Саккизта давлатга экспорт қилинган хизматлар қиймати 75 млн долларни ташкил этган. IT Park резидентларининг жами хизматлар экспорти 2025-йилда илк бор 1 млрд доллардан ошган. 2030-йилга бориб IT Park резидентларининг йиллик хизматлар экспортини камида 5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган.

Стартапларни қўллаб-қувватлаш учун «President Tech Award» танловининг мукофот жамғармаси 1 млн доллардан 5 млн долларга оширилган. Хорижий стартапларни ҳам Ўзбекистонга жалб қилишга қаратилган «Land of Startups» лойиҳасига эса йилига 5 млн доллар йўналтириш режалаштирилмоқда.

Вазир сунъий интеллект IT соҳасида мутахассисларга қўйиладиган талабларни ҳам ўзгартираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект ёрдамида амалий муаммони ҳал қила оладиган ва лойиҳани якунигача олиб борадиган мутахассисларга талаб ортмоқда.

Шунингдек, мулоқот давомида сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидалари ҳам муҳокама қилинди. Депутат Зиёдбек Юнусов шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва сунъий интеллект асосида қабул қилинган қарорлар учун жавобгарлик масаласини кўтарди. Шерматов сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари вазирлик буйруғи билан тасдиқланганини, келгусида улар алоҳида қонун ҳужжатида мустаҳкамланишини айтди.

Teglar

Mavzuga oid