Logo

Ўзбекистонда 2027-йил аҳоли даромадларини ошириш учун фавқулодда ишлаш йили деб эълон қилинди

Bugun 14:063 daqiqa

Аҳоли жон бошига ўртача даромадни яқин 10 йилда 5 минг доллардан 10 минг долларга етказиш, ўрта синф улушини эса 90 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда 2027-йил аҳоли даромадларини ошириш учун фавқулодда ишлаш йили деб эълон қилинди © Foto: president.uz

Ўзбекистон ҳукумати 2027-йилда аҳоли даромадларини ошириш учун фавқулодда ҳолатда ишлашни кўзда тутмоқда, яқин 10 йил ичида эса аҳоли жон бошига ўртача даромадни икки баробарга ошириб, 5000 доллардан 10 000 долларга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов 25-ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган йиғилиш якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.

Ишметовнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда 11,5 млн киши камбағалликдан чиқарилган, ишсизлик даражаси эса 4 фоиздан пастга тушиши кутилмоқда.

У белгиланган мақсадга эришиш учун келгуси йилда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

«Аҳоли даромадларини кескин ошириш бўйича берилган топшириқлардан келиб чиқиб, бунинг учун замин яратиш мақсадида, келгуси 2027 йилни фавқулодда ишлаш йили деб эълон қилинди. Асосий масала — тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш. Бу гал — сон жиҳатидан эмас, балки сифат жиҳатидан», — деди Марказий банк раиси.

Унинг тушунтиришича, гап микрокорхоналарнинг кичик бизнес тоифасига, кичик корхоналарнинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирикроқ бизнесга ўтиши, шунингдек, компанияларнинг экспорт бозорларига чиқиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳақида бормоқда.

Камбағаллик даражасини 3 фоиздан пастга тушириш режалаштирилмоқда


Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов йиғилиш якунларига кўра, жорий йил охиригача камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб олинганини маълум қилди.

«Йил бошидан алоҳида дастур тузиб, сўнгги уч ой ичида президент бошчилигида бир неча бор алоҳида йиғилишлар ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Янги тизим асосида йил охиригача бу кўрсаткични 3 фоиздан паст даражага туширишни режа қилганмиз», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, вилоят ва туманларда махсус штаблар ташкил этилган бўлиб, 2026 йил тўртинчи чорагининг ўзида бу йўналишдаги ишларга 3 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

«Ўйлайманки, қилинаётган ишлар аввал белгиланган мақсадни тўлиқ рўёбга чиқариш — йил якунига қадар мутлақ камбағалликка барҳам бериш имконини яратади… 2027-йилда фавқулодда ҳолатда ҳамма кучни сафарбар қилган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш билан боғлиқ режалар қилинди. Ўрта даромадли аҳоли улушини 90 фоиздан оширишдек катта маррани ўз олдимизга қўйганмиз», — деди Зоҳидов.

Вазир микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, улар томонидан яратилаётган иш ўринлари сонини ҳамда юқори даромадли иш ўринлари улушини кўпайтиришни ушбу мақсадга эришишнинг асосий воситаларидан бири сифатида кўрсатди. Шунингдек, президент бир ҳафта муддатда экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида чора-тадбирларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқишни топширган.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси изчил қисқариб борган. Октябр ойида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026 йилнинг тўққиз ойида камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайгани ҳақида хабар берганди.

Teglar

Mavzuga oid