Logo

Ўзбекистондаги илк АЭСнинг биринчи энергоблок пойдеворини қуйиш йил охиригача якунланади

Йил якунига қадар энергоблок пойдеворига 10 минг куб метр бетон қуйилади ва 30 минг кишилик шаҳарча барпо этилади.

Ўзбекистондаги илк АЭСнинг биринчи энергоблок пойдеворини қуйиш йил охиригача якунланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв 23 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Жиззах вилоятида қурилаётган биринчи атом электр станцияси (АЭС) бўйича амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди. Унга кўра, 2026 йил охиригача биринчи энергоблок реактор бўлимининг пойдевор плитасини қуриб битказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ва «Росатом» корпорацияси маълум қилди.

Ўн минг куб метр бетон ва қурилиш жараёни

«Росатом» матбуот хизмати хабарига кўра, биринчи энергоблок пойдеворини тиклаш учун қарийб 10 минг куб метр бетон ётқизиш талаб этилади ва бу жараён жорий йил якунига қадар ниҳоясига етади. Алексей Лихачёв 22 октябрь куни Жиззах вилоятидаги қурилиш майдонига шахсан ташриф буюриб, ишларнинг бориши билан танишган. Учрашувда давлат раҳбарига қурилишнинг жорий ҳолати, станцияни лойиҳалаштириш ва яқин келажакдаги ишлаб чиқариш вазифалари бўйича батафсил ҳисобот тақдим этилган.

30 минг кишилик «атомчилар шаҳарчаси» ва кадрлар тайёрлаш

Музокараларда бўлажак АЭС яқинида 30 мингдан ортиқ мутахассис ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган «атомград» (атомчилар шаҳарчаси)ни барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Президент матбуот хизмати қайд этишича, ушбу шаҳарчада энергия тежамкор уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари барпо этилади.

Шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ҳамда «Росатом» объектларидаги имкониятлардан фойдаланиш ишлари изчил давом эттирилаётгани маълум қилинди.

Ҳудуднинг иқтисодий ва саноат салоҳиятини ривожлантириш мақсадида АЭС қурилиш майдончасидан 25 километр узоқликда янги саноат кластерини яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, томонлар ядровий тиббиёт ва аддитив технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.

Алексей Лихачёв «Росатом» корпорацияси ҳамкорликни янада кенгайтириш ва Ўзбекистондаги стратегик лойиҳалар бўйича қабул қилинган мажбуриятларни тўлиқ бажаришга тайёрлигини айтди.

Teglar

Mavzuga oid