Ўзбекистонликлар карталардаги пулни камроқ нақд қилмоқда
2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда нақд пул айланмаси ва пул тушумлари сезиларли даражада ошди, бироқ нақдлаштириш улуши пасайишда давом этмоқда.
© iStock2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда нақд пул муомаласи ва банклар орқали пул айланмаси барқарор ўсиш тенденциясини намоён этди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган нақд пул муомаласи бўйича шарҳда кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг 3 ойида умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминал орқали тушумлар) 316 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ўсди. Шу билан бирга, банкларга тушумларда терминаллар ва мобил иловалар орқали амалга оширилган тўловлар улуши 43 фоиздан 47 фоизгача кўтарилди. Савдо ва хизматлар соҳасида эса ушбу кўрсаткич 49 фоиздан 51 фоизга етди.

Нақд пул айланмаси
2026 йил январ–март ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 330 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кўпдир. Шундан 166 трлн сўм банкларга тушган нақд пуллар, 164 трлн сўм эса берилган нақд пуллар ҳиссасига тўғри келади.
Нақд пул тушумлари ўтган йилга нисбатан 34 трлн сўмга ёки 26 фоизга ошди. Бу ўсиш асосан банк хизматлари, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар кўпайиши ҳисобига таъминланган.

Нақд пул чиқимлари
Банк кассалари ва банкоматлар орқали берилган нақд пуллар ҳам сезиларли ошди. Хусусан, 2026 йил биринчи чорагида жами 164 трлн сўм нақд пул берилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 24 фоизга кўпдир.
Ушбу ўсишга асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 13 трлн сўмга, аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун ажратилган маблағларнинг 11 трлн сўмга ва омонат ҳисобварақларидан нақд пул ечишнинг 6 трлн сўмга ошгани таъсир кўрсатган.

Карталар ва нақдлаштириш
Шу билан бирга, банк карталари орқали тушумлар ҳам сезиларли ўсди. Жорий йил биринчи чорагида карталарга кирим қилинган маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди.
Бироқ, карталардан нақд пул ечиш улуши пасайишда давом этмоқда. Ушбу даврда 71 трлн сўм маблағ нақдлаштирилган бўлиб, бу карталарга тушган маблағларнинг 17 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 фоиз бандга камайган.






