Паркентдаги халқаро «Узум сайли» маҳаллий бюджетни 2,4 млрд сўмга туширмоқда
Ушбу маблағлар вилоят маҳаллий бюджетининг 2026-йил II чорак даромадлар режасинининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қопланган. Пуллар тадбир харажатлари учун бевосита «Паркент туман ҳокимлиги қошидаги хўжалик ҳисобидаги дирекция»га ўтказиб беришга йўналтирилган. Ҳужжатни туман ҳокими имзолаган.

21-август куни Тошкент вилояти Паркент туманида анъанавий тўртинчи «Узум сайли» фестивали бошланди. Заркент қишлоғида ўтказилаётган ушбу халқаро тадбир харажатлари учун маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми ҳисобидан 2 миллиард 453 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.
Паркент тумани ҳокими Элмурод Пўлатовнинг 2026-йил 13-августдаги 192-10-141-Ф/26-сонли фармойишига асосан, «Узум сайли ва виночилик халқаро вино фестивали» тадбирини ўтказиш харажатлари учун жами 2 млрд 453 млн 920 минг 903 сўм ажратилган. Ҳужжатга кўра, ушбу маблағлар вилоят маҳаллий бюджетининг 2026-йил II чорак даромадлар режасинининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қопланган. Пуллар тадбир харажатлари учун бевосита «Паркент туман ҳокимлиги қошидаги хўжалик ҳисобидаги дирекция»га ўтказиб беришга йўналтирилган.
Бу маблағ ажратилиши юзасидан дастлабки қарор (282-10-0-Ф/26-сонли фармойиш) Тошкент вилояти ҳокими томонидан 11-август куни қабул қилинган бўлиб, туман ҳокимлиги айнан шу ҳужжат ижросини таъминлаган.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ҳудуднинг узумчилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш ва Паркент туманининг этнотуризм салоҳиятини янада оширишдир.
Икки кун давом этадиган фестивалда республиканинг турли ҳудудларидан келган фермерлар, этнотуризм вакиллари ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирок этмоқда. Тадбир дастуридан нафақат маданий-кўнгилочар чиқишлар, балки соҳа мутахассислари учун амалий учрашувлар ҳам ўрин олган. Хусусан, сайл доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси, узумчиликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форумлар ҳамда миллий фолклор жамоалари иштирокидаги шоу-дастурлар бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хивадаги «Қовун сайли» фестивали Гиннес рекордлари китобига киритилганди.





