Президентдан ҳокимларга огоҳлантириш, Наманган ҳокимининг суди ва «Credit House» иши бўйича қамалганлар — 24-апрел дайжести

Kecha 22:384 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Президентдан ҳокимларга огоҳлантириш, Наманган ҳокимининг суди ва «Credit House» иши бўйича қамалганлар — 24-апрел дайжести

Умумий тартибли колониядан уй қамоғигача: «Credit house» иши бўйича ҳукм ўқилди

«Credit house» ва «In Fin Stroy Invest» компаниялари билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд жараёни якунига етди. 1766 нафар фуқарони алдаб, 450 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган 9 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди. Иш қарийб 4 ой давомида кўриб чиқилган.

Суд қарорига кўра, асосий айбдорларга 8 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бир нафар судланувчига жарима қўлланди, яна айримларига 6,5 йиллик жазо берилиб, у 3 йиллик синов муддати билан шартли ҳисобланди.

Шунингдек, суд етказилган зарарни қоплашни белгилади. Жами 450 млрд сўмлик зарарнинг 300 млрд сўмдан ортиғи айбдорлар томонидан қопланган бўлиб, қолган қисми жабрланувчилар фойдасига ундирилади.

Ўзбекистонда солиқ тушумлари 54 фоизга кўпайди

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда тадбиркорлик фаоллиги барқарор ўсиб, солиқ тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоизга ошди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, бу иқтисодий фаолликнинг сезиларли жонланганини кўрсатади. Шу билан бирга, жисмоний шахслар даромад солиғи 15,2 фоизга, мол-мулк солиғи 10,7 фоизга ва ер солиғи 33,8 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Навоий, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қайд этилди. Божхона тўловлари 19,5 фоизга кўпайиб, айниқса Навоий (77,6 фоиз) ва Наманган (64,2 фоиз) вилоятларида юқори ўсиш кузатилди. Шунингдек, Фарғона, Самарқанд ва Қорақалпоғистонда ҳам барқарор ижобий динамика сақланди.

Ташқи иқтисодий фаолиятда экспорт ҳажми 30 фоизга ошган бўлса, банк секторида кредитлаш 9,1 фоизга кўпайди. Март ойида 22 443 та янги корхона рўйхатдан ўтказилиб, биржа битимлари ҳажми ҳам 20,8 фоизга ўсди.

Собиқ ҳоким иши режалаштирилган сценарийми?

2026 йил 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича судда Наманган шаҳри собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаев устидан суд жараёни бошланди. У 60 минг АҚШ доллари пора олишда айбланмоқда. Иш бўйича жами 6 нафар судланувчи иштирок этмоқда: уларнинг 3 нафари қамоққа олинган, қолганларига эса енгилроқ эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Терговга кўра, Отахўжаев тадбиркор билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг доллар талаб қилган ва эвазига шаҳар марказидаги ер участкасидан фойдаланиб, кўп қаватли уй қуришга рухсат беришни ваъда қилган. Шу билан бирга, ҳимоя томони айбловларни рад этиб, у ҳибс вақтида бошқа ҳудудда хизмат учрашувида бўлганини билдирмоқда.

Иш дастлаб Наманганда кўрилиши керак эди, аммо ҳимоя томони суд холислигига шубҳа билдириб, уни бошқа ҳудудга кўчиришни талаб қилди ва натижада иш Ўзбекистон туманига ўтказилди. Шунингдек, ишдаги асосий баҳсли жиҳатлардан бири — «жабрланувчи»нинг аввал ҳам бир нечта жиноят ишларида иштирок этгани бўлиб, ҳимоя бу ҳолатни алоҳида текширмоқда.

«Аравасини торта олмаётган» ҳокимларнинг лавозимга лойиқлиги бугуноқ кўриб чиқилади

24 апрел куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев айрим ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари фаолиятини кескин танқид қилди. Хусусан, электр энергиясидаги йўқотишлар юқори бўлган 44 та тумандаги масъуллар ишдан олиниши белгиланди, саноат режасини бажара олмаган 13 та туман ҳокимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши айтилди.

Йиғилишда тадбиркорлар муаммоларига бефарқлик ҳам танқид қилинди. Нурафшон шаҳар ҳокими икки йилдан бери қурилишни бошлай олмаган тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига масаланинг қаердан президент даражасига чиққанини ўрганиш билан овора бўлгани қайд этилди. Шунингдек, Ғузор, Нарпай, Урганч, Янгийўл ва Чиноз туманларида тадбиркорлик инфратузилмаси учун ажратилган маблағларга қарамасдан лойиҳалар бошланмагани таъкидланди.

Президент тегишли раҳбарларга «аравасини торта олмаётган» ҳокимларнинг лавозимга лойиқлигини зудлик билан қайта кўриб чиқишни топширди. Шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш, экспорт ва саноат кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда корхоналар фаоллигини кучайтириш бўйича қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Гиёҳванд моддалар, уй машмашаси ва ноқонуний тинтув: Санжар Каримов суди бўлиб ўтди

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида блогер Санжар Каримов («Реал Санжик») иши бўйича навбатдаги мажлис ўтди. У уйидан топилган гиёҳванд моддалар отасига тегишли бўлганини, уни шифокор тавсияси билан истеъмол қилганини айтди ва моддаларни сотиб олмаганини таъкидлади. Каримов ўз айбини қисман тан олиб, уларни тарқатиш нияти бўлмаганини билдирди.

Судда ҳимоя томони тинтув жараёнида қонунбузарликлар бўлганини маълум қилди: рухсат берилган битта хонанинг ўрнига тўртта хона текширилгани, айрим моддалар рухсат берилмаган жойдан топилгани айтилди. Шунингдек, баённомада кўрсатилмаган ходимлар иштирок этгани ва холислар сони талабга жавоб бермагани қайд этилди, бу ҳолатлар тергов қонунийлигига шубҳа уйғотмоқда.

Иш доирасида уй билан боғлиқ можаро ҳам кўриб чиқилди. Каримов уй учун пул тўланганини, уни эгаларига қайтаришга тайёрлигини билдирди. Судя нотариусни жалб қилган ҳолда уйни қайта расмийлаштириш масаласини кўриб чиқишга қарор қилди, шунингдек, суд ҳужжатларини нотўғри талқин қилган шахс залдан чиқарилди ва кейинги мажлис 27 апрелга қолдирилди.

Teglar

Mavzuga oid