«Аравасини торта олмаётган» ҳокимларнинг лавозимга лойиқлиги бугуноқ кўриб чиқилади

Нурафшон шаҳар ҳокимининг тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига қаердан бу маълумот президент даражасигача етиб борганини қидириш билан овора экани танқид қилинди.

«Аравасини торта олмаётган» ҳокимларнинг лавозимга лойиқлиги бугуноқ кўриб чиқилади © Президент матбуот хизмати

Бугун, 24-апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида айрим раҳбарлар тадбиркорнинг масаласини ҳал қилиши ўрнига ўзини четга олаётгани, муаммо республика даражасига чиқса, айбини беркитиш учун ўзини оқлаб юргани танқид қилинди.

Масалан, Нурафшон шаҳар ҳокими бюрократия сабабли икки йилдан бери қурилишни бошлай олмаган тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига қаердан бу маълумот Президент даражасигача етиб борганини қидириш билан овора экани қайд этилди.

Шунингдек, Ғузор, Нарпай, Урганч, Янгийўл, Чиноз (Салихов) туманлари ҳокимлари тадбиркорлик инфратузилмаси учун берилган тайёр пулга ҳалигача лойиҳа бошламагани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бизнес инфратузилмасини яхшилаш учун ушбу туманларга бу йил республикадан қўшимча 262 миллиард сўм берилган.

Тегишли вилоятлар ҳокимларига номи айтилган туман ҳокимлари «аравасини торта олмаётган бўлса», бугуннинг ўзида лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид