Logo

Қатарни бой қилган амир: Шайх Ҳамад мамлакат иқтисодиётини қандай барпо этган эди?

Bugun 09:006 daqiqa

74 ёшида вафот этган Қатарнинг «ота амири» шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний ўзининг 18 йиллик бошқаруви даврида Яқин Шарқдаги кичик бир давлатни глобал иқтисодий қудратга айлантирди.

Қатарни бой қилган амир: Шайх Ҳамад мамлакат иқтисодиётини қандай барпо этган эди?

Қатарнинг «ота амири» шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний 74 ёшида оламдан ўтди.

Ўзининг 18 йиллик бошқаруви даврида шайх Ҳамад энергия ресурсларига бой ушбу мамлакатнинг ички ва глобал майдондаги ўрнини бутунлай янги босқичга олиб чиқди.

1995 йилда у ҳокимиятга келганида, Қатар иқтисодиётининг ҳажми чекланган ва асосан нефтга қарам бўлиб, «Шимолий кон» ҳудудидаги улкан газ захиралари эндигина ўзлаштирила бошланган эди.

Қарийб йигирма йил ичида Қатар суюлтирилган табиий газ (СТГ) бўйича дунёдаги энг йирик экспортчига, энг йирик суверен бойлик фондларидан бирининг эгасига, шунингдек, аҳоли жон бошига даромад кўрсаткичи энг юқори бўлган давлатлардан бирига айланди.

«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, бундай ўзгаришлар шунчаки энергия ресурслари нархининг ошиши ортидан юзага келган нефт ёки газ буми эмасди. Бу мамлакат иқтисодий моделининг тубдан янгиланиши бўлиб, табиий ресурслардан олинган даромадни ишлаб чиқариш активлари, молиявий институтлар, инфратузилма ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтириш стратегиясига асосланган эди.

Қайд этиш жоизки, иқтисодий бурилиш шайх Ҳамаднинг ҳокимиятга келиши билангина бошланмаган. Унгача, яъни 1989 йилда у Қатарнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатини ишлаб чиқишга масъул бўлган Олий режалаштириш кенгаши раиси этиб тайинланганди. Бу эса унга давлат раҳбари бўлгунига қадар ҳам ривожланиш дастурларини тайёрлаш жараёнини бевосита назорат қилиш имконини берган.

Газ Қатар иқтисодиётини ўзгартирди

Дунёдаги энг йирик табиий газ кони — «Шимолий кон»нинг ўзлаштирилиши Қатар иқтисодиётидаги туб бурилишларнинг чинакам ибтидоси бўлди.

1990-йилларнинг иккинчи ярмида сармояларни жадаллаштириш ва газни суюлтириш лойиҳаларини кенгайтириш бўйича қабул қилинган қарор мамлакатнинг энергия бозоридаги ўрнини ўзгартириб, уни глобал етакчилик сари бошлаб борди.

Қатар 1996 йилда суюлтирилган табиий газнинг (СТГ) дастлабки партиясини экспорт қилган бўлса, орадан 15 йил ўтар-ўтмас ушбу маҳсулотни етказиб берувчи дунёдаги энг йирик давлатга айланди.

«QatarEnergy» ва Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2010 йилга келиб ишлаб чиқариш қуввати йилига 77 миллион тоннага етган.

Ушбу жадал ўсишнинг таъсири фақатгина даромадларнинг кўпайиши билан чекланиб қолмади, балки Қатарнинг глобал энергетика хавфсизлигидаги, айниқса, Осиё ва Европа иқтисодиёти учун стратегик ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.

Қатар Амири девони маълумотлари энергетика соҳасида юз берган ўзгаришлар кўламини яққол кўрсатади: шайх Ҳамад бошқаруви даврида углеводородлар секторининг қўшилган қиймати 11 миллиард Қатар риёлидан (тахминан 3 миллиард доллар) 403 миллиард риёлга (тахминан 110,4 миллиард доллар) ўсди.

Мислсиз иқтисодий ўсиш

Газ саноатидаги юксалиш Қатарнинг иқтисодий кўрсаткичларида бевосита намоён бўлди — мамлакат XXI асрнинг бошларида дунёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бирига айланди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, шайх Ҳамад даврида Қатар иқтисодиёти йигирма баробардан зиёдга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 1995 йилдаги тахминан 8 миллиард доллардан 2013 йилда қарийб 199 миллиард долларгача кўтарилган.

Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) маълумотларига кўра, иқтисодиёт ўша даврда дунёдаги энг юқори ўсиш суръатларини қайд этган: суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши ортидан реал ўсиш 2006 йилда 18 фоизни, 2011 йилда эса 26,2 фоизни ташкил қилган.

Газ бумидан сармоя экспортигача

Иқтисодий ўзгаришлар фақатгина ишлаб чиқариш ҳажми ёки даромадларнинг ортиши билан чекланиб қолмади, балки бойликни бошқариш тизимини ҳам қамраб олди.

Молиявий даромадларни бошқариш тизимини яратиш доирасида Қатар 2001 йилда шайх Ҳамад раислигида Иқтисодий масалалар ва инвестициялар бўйича Олий кенгашни ташкил этди.

Қатар Амири девони маълумотларига кўра, кенгаш зиммасига «Қатарнинг молиявий захираларини ривожлантириш ва даромад манбаларини диверсификация қилиш мақсадида» ички ва ташқи инвестицияларни турли соҳаларга йўналтириш вазифаси юклатилган эди.

Тўрт йил ўтгач, нефт ва газ экспортидан тушаётган ортиқча молиявий маблағларни бошқариш мақсадида Қатар Инвестиция бошқармаси (QIA) ташкил этилди.

Шайх Ҳамад табиий ресурслардан ташқари барқарор даромад манбаларини яратиш мақсадида энергетикадан тушадиган маблағларнинг бир қисмини узоқ муддатли сармояларга йўналтириш сиёсатини амалга оширди.

QIA қисқа вақт ичида дунёдаги энг йирик суверен бойлик фондларидан бирига айланди. Бошқарма 2010 йилда «Barclays» ва «Volkswagen» каби йирик компанияларнинг, шунингдек, Буюк Британияда жойлашган «Harrods» универмагининг акцияларини сотиб олди.

Қатарнинг инвестиция сиёсати деярли барча қитъаларни қамраб оладиган даражада кенгайди — футбол клубларидан тортиб, глобал иқтисодий институтлар ва Лондондаги «Shard» осмонўпар биносигача сармоялар киритилди.

Суверен бойлик фондлари институти маълумотларига кўра, ҳозирда мазкур бошқарманинг активлари 500 миллиард доллардан ортиққа баҳоланмоқда. Бу эса уни дунёдаги энг йирик давлат инвесторларидан бирига айлантиради.

1

Қатар фуқароларининг ўсиб бораётган турмуш даражаси

Иқтисодий ўсиш аҳоли фаровонлиги кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топди.

Жаҳон банки ва Халқаро Валюта Фонди маълумотларига кўра, шайх Ҳамад даврида Қатар аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланди.

Харид қобилияти паритети бўйича бу кўрсаткич 90 000 доллардан ошди. Шунингдек, уй-жой, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига харажатлар кўпайтирилди ҳамда ишсизлик даражаси кескин пасайиб, энг қуйи кўрсаткичларга тушди.

Экспертларнинг фикрича, даромадларнинг бундай ошиши фақатгина энергия ресурслари нархининг кўтарилиши билан эмас, балки давлат сармояларининг кенгайиши ҳамда энергетика ва инфратузилма лойиҳалари доирасида янги иш ўринлари яратилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Инсон капиталига киритилган сармоялар

Энергетика соҳасидаги сармоялар билан бир қаторда, Қатар билимга асосланган иқтисодиётни барпо этиш йўлидан борди.

Шайх Ҳамад ҳокимиятга келганидан сўнг қабул қилган илк муҳим қарорлардан бири — 1995 йил август ойида таълим, илмий тадқиқотлар ва инновацияларга сармоя киритишнинг асосий воситаси сифатида Таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш бўйича Қатар фондини ташкил этиш бўлди.

Кейинчалик мамлакатга Жоржтаун , Техас A&M ҳамда Карнеги Меллон каби нуфузли халқаро университетлар жалб қилинди.

Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли сонининг ўсишига мослашиш мақсадида «Hamad Medical Corporation» ташкилотининг ривожлантирилиши, шунингдек, янги шифохоналар ва ихтисослаштирилган марказларнинг очилиши ҳисобига соғлиқни сақлаш тизими ҳам сезиларли даражада кенгайди.

Шу билан бирга, мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан очиқлиги ва унинг минтақадаги молиявий ҳамда савдо маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш сиёсати тобора кенгайиб бораётган пойтахт Доҳани халқаро иқтисодий ва инвестициявий анжуманлар ўтказиладиган ўта муҳим марказга айлантирди.

Жаҳон чемпионати ва келажак иқтисодиёти

Шайх Ҳамад даврида газдан тушган даромадлар фақатгина Қатар бюджетини молиялаштиришга эмас, балки улкан инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритишга ҳам йўналтирилди.

Ўша даврда Ҳамад халқаро аэропорти, Ҳамад порти, Лусаил шаҳри ва замонавий автомобил йўллари каби лойиҳалар ишга туширилди. Шунингдек, кейинчалик Доҳа метросининг барпо этилишига асос бўлган улкан қурилишлар бошланди.

Мазкур бунёдкорлик ишлари Доҳани Кўрфаздаги кичик бир шаҳардан глобал урбанизация марказига айлантиришга хизмат қилди ва 2022 йилда Қатарнинг араб ва Яқин Шарқ давлатлари орасида биринчи бўлиб ФИФА Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши учун зарур пойдевор яратди.

2

Мамлакат ушбу йирик футбол мусобақасини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритгач, инфратузилма ва қурилиш соҳасида чинакам юксалиш кузатилди. Ҳукумат инфратузилма, жумладан, йўллар, стадионлар, темир йўл тармоқлари, шунингдек, янги аэропорт ва порт қурилишига 200 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилишини кўзда тутувчи улкан харажатлар режасини тасдиқлади.

2008 йилда давлат келажак авлодларнинг барқарор фаровонлигини таъминлаш мақсадида билимга асосланган иқтисодиётни барпо этишга қаратилган «Қатар Миллий Нигоҳи — 2030» (Qatar National Vision 2030) стратегик режасини қабул қилди.

Ҳозирга қадар иқтисодий сиёсатни белгиловчи асосий дастур бўлиб хизмат қилаётган ушбу концепция шайх Ҳамад даврида бошланган — табиий бойликларни барқарор ривожланиш пойдеворига айлантириш тамойилини ўзида мужассам этган.

Агар газ саноатининг ривожланиши Қатардаги иқтисодий ўзгаришларнинг бошланиш нуқтаси бўлган бўлса, шайх Ҳамаднинг энг ёрқин мероси — энергетикадан олинадиган улкан даромадларни узоқ муддатли тараққиёт воситасига айлантира олганидадир. 

Teglar

Mavzuga oid

Қатарни бой қилган амир: Шайх Ҳамад мамлакат иқтисодиётини қандай барпо этган эди? | Vaqt.uz