Қирғизистон банкларига криптовалюта савдосига рухсат берилиши мумкин

Bugun 17:152 daqiqa

Қирғизистонда банклар ва молия ташкилотларига криптовалюталарни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Қирғизистон банкларига криптовалюта савдосига рухсат берилиши мумкин © Envato Elements

Қирғизистон ҳукумати виртуал активлар бозорини легаллаштириш ва уни анъанавий молия тизимига интеграция қилишни мақсад қилган янги қонун ташаббусини илгари сурмоқда. «24.kg» нашри хабар беришича, ҳужжат «Виртуал активлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасида қайси ташкилотларга рухсат берилади

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, банклар, нобанк молия-кредит ташкилотлари ҳамда Қирғизистон Миллий банки назоратидаги бошқа юридик шахсларга криптовалюталар билан боғлиқ операцияларни амалга оширишга расман рухсат берилади. Улар криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш хизматларини таклиф қилиши мумкин бўлади.

Жорий тартиб қандай?

Ҳозирги тартибга кўра, мазкур ташкилотларга фақат виртуал активларни сақлаш, ўтказиш ва бошқариш билан боғлиқ айрим хизматларни кўрсатишга рухсат этилган. Криптовалюталарни тўғридан-тўғри сотиб олиш ёки айирбошлаш операциялари эса ҳозирча тақиқланган.

Ҳукумат фикрича, янги қоидалар виртуал активлар айланмасини кенгайтириш, операциялар шаффофлигини ошириш ва криптовалюталарни расмий молия тизимига яқинлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, ташаббус солиқ тушумлари кўпайиши, хорижий инвестициялар жалб қилиниши ва финтех соҳасида янги иш ўринлари яратилишига туртки бериши мумкин.

Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги йилларда Қирғизистонда фуқаролар ва бизнес вакилларининг криптовалюталарга қизиқиши сезиларли даражада ошган. Расмийлар банк хизматларини кенгайтириш виртуал активлар бозорини тартибга солиш ва уни қонуний майдонга олиб чиқишга ёрдам беришини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid