Қирғизистонда иш ҳақидан қарздорлик 1,05 млн долларга етди
Иш ҳақи эса ўсишда давом этмоқда. 2026-йилнинг январь–май ойларида ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 593 доллар бўлди.
© Foto: novosti.kgҚирғизистонда иш берувчиларнинг ходимлар олдидаги иш ҳақи бўйича қарзи 2026-йил 1-июнь ҳолатига 91,9 млн сомга (1,05 млн доллар) етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,2 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Энг катта қарз Чўй вилояти ҳиссасига тўғри келади — 47,2 млн сом (салкам 540 минг доллар) ёки умумий қарзнинг 51,3 фоизи. Шунингдек, Жалолобод вилоятида 25,1 млн сом (287 минг доллар), Боткен вилоятида 13,6 млн сом (салкам 156 минг доллар) ва Иссиқкўл вилоятида 3,5 млн сом (40 минг доллар) иш ҳақи қарзи мавжуд.
Шу билан бирга, мамлакатда расмий ҳисоб-китобларга кўра, иш ҳақи ўсишда давом этмоқда. 2026-йилнинг январь–май ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 51 минг 888 сомни (тахминан 593 доллар) ташкил қилди. Ўзбекистонда эса ўртача ойлик иш ҳақи яқинда 7 миллион сўмдан ошди.
Қирғизистонда ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга, инфляция ҳисобга олинганда эса 13,1 фоизга ошган. Нодавлат секторида ишловчиларнинг ўртача ойлиги 65 минг 584 сом (749 доллар), бюджет ташкилотларида эса 41 минг 661 сом (476 доллар) бўлиб, фарқ 1,6 бараварни ташкил этган.
Энг катта иш ҳақи ўсиши санъат ва кўнгилочар соҳаси (42,9 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (38,2 фоиз) ҳамда таълим соҳасида (34,6 фоиз) қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик Бишкек шаҳрида — 64 минг 294 сом (735 доллар), энг пасти эса Ўш вилоятида — 34 минг 688 сомни (396 доллар) ташкил қилди. Барча ҳудудларда иш ҳақи ўтган йилга нисбатан ошган бўлса-да, энг юқори ўсиш суръати Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон 2025-йилда ЙОИИда валюта бозори энг тез ўсган мамлакат бўлганди.





