Logo

Қодиров футболчиларни танқид қилди, Ўзбекистоннинг икки қишлоғи Қирғизистон таркибига ўтди, иш ҳақи ва стипендиялар оширилади — ҳафта дайжести

Bugun 20:316 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.

Саида Мирзиёева Андижон вилояти раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди

Якунланаётган ҳафтада Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Андижон вилояти раҳбарияти ҳамда туман ҳокимлари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказди. Унда ҳудудлардаги долзарб муаммоларни республика, вилоят ва маҳалла даражасида ҳал этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларнинг ижросини қатъий назорат қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири 1980-йилларда қурилган магистрал сув тармоғини реконструкция қилиш бўлди. Минглаб аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларни ичимлик суви билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ушбу инфратузилмани янгилашни ортиқча кечиктириб бўлмаслиги таъкидланди. Бу эса ҳудудларда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган ишларга устувор аҳамият берилаётганини кўрсатади.
 
Адиз Бобоевга огоҳлантириш юборилди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг олий таълим муассасаларига шаҳар кўчаларини бириктириш ҳақидаги ташаббуси жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳоким талабалар ва ўқитувчилар кўчалардаги муаммоларни кузатиб, улар юзасидан таклифлар бериб боришини таклиф қилди.
Бу ташаббус ижтимоий тармоқларда мажбурий меҳнатга қайтиш ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Ҳуқуқ фаоллари ва юристлар бундай амалиёт ихтиёрийликдан чиқса, қонунчиликка зид бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳокимлик эса гап талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб қилиш эмас, балки мутахассисларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланиш ҳақида кетаётганини билдириб, ташаббус фақат тавсия хусусиятига эга эканини маълум қилди.

Vaqt.uz суриштирувидан сўнг бу масалага Давлат меҳнат инспекцияси ҳам муносабат билдирди. Инспекция Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга расмий огоҳлантириш юбориб, педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид эканини эслатди.
 
Сентябрдан иш ҳақи ва стипендиялар 7 фоизга оширилади

Эштдингизми? Ойлик ошар экан. Бу ҳафта кўпчилик кутган қарорлардан бири эълон қилинди. Президент фармонига асосан, 1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 сентябрдан эса иш ҳақи ҳамда талабалар стипендиялари 7 фоизга оширилади.

Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдори ҳам қайта кўриб чиқилди. Фармонга асосан, ёшга доир энг кам пенсия 983 минг сўм, ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори эса 1 миллион 83 минг сўм этиб белгиланди. Болали оилаларга тўланадиган нафақалар ҳам янги миқдорларда ҳисобланади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 360 минг сўмга, базавий ҳисоблаш миқдори эса 440 минг сўмга етказилади. Шу билан бирга, пенсияларни ҳисоблашнинг базавий миқдори ҳам оширилади.
 
“Равшан Золотой” номи Интерпол қидируви рўйхатидан олиб ташланди

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўровига асосан Интерпол орқали қидирувга берилган “Равшан Золотой” номи билан танилган  Равшан Муҳитдиновнинг номи халқаро ташкилот базасидаги рўйхатдан олиб ташлангани маълум бўлди.

Равшан Муҳитдинов жорий йил апрель ойида Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди. Унинг номи Интерпол сайтидаги “қидирувдаги шахслар” бўлимида эълон қилинган бўлиб, кейинчалик у шубҳали тарзда ушбу рўйхатдан йўқолиб қолгани қайд этилмоқда.

Ҳозирча қидирув маълумотларининг нима сабабдан олиб ташлангани расман изоҳланмаган. Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам бу қарорнинг ҳуқуқий асослари ва иш бўйича терговнинг ҳозирги босқичи ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтиш керак, Интерпол орқали бериладиган “қизил билдиришнома”ларни бекор қилиш ёки тизимдан олиб ташлаш маълум ҳуқуқий тартиб-таомиллар асосида амалга оширилади ва бунда сўровчи давлатнинг мурожаати ёки халқаро ташкилотнинг мустақил баҳолаши асос бўлиши мумкин.
 
Алишер Қодиров футболчиларни кескин танқид қилди

Ўтаётган ҳафтада Ўзбекистон футболи учун катта аҳамиятга эга бўлган воқеа - миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионати доирасидаги ўйини жамоатчилик эътибор марказида бўлди. Португалияга қарши кечган учрашувда терма жамоа 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради ва бу натижа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқларда турли фикрлар билдирилди. Айрим фойдаланувчилар мағлубиятга қарамасдан футболчиларни қўллаб-қувватлаб, шунча йиллик тажрибага эга кучли жамоага қарши илк бор бундай даражада рақобат қилишнинг ўзи ҳам муҳим натижа эканини таъкидлашди.

Шу билан бирга, танқидий фикрлар ҳам билдирилиб, жамоа таркиби ва тайёргарлигига оид муҳокамалар кучайди.
Шу вазият ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров миллий терма жамоа ва айрим футболчиларни кескин танқид қилди. У жамоадаги “хизмат кўрсатган” футболчилар ўрнига келажакда самара берадиган ёш таркибга имконият бериш кераклигини таъкидлади.

Қодировнинг фикрича, жамоада айрим позицияларда жиддий бўшлиқлар бор, айниқса дарвозабон масаласи алоҳида эътибор талаб қилади. У бош мураббий Фабио Каннаваро атрофида келажак саралаш босқичларига мос рақобатбардош таркиб шакллантириш зарурлигини ҳам қайд этди.

Шу билан бирга, у футболчиларга мурожаат қилиб, босим ва танқидлардан қатъи назар, майдонда ғурур билан ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади ҳамда жамоанинг Осиёдаги энг кучли термалар қаторида эмаслигини айтди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро эса Португалияга қарши учрашувдан кейин жамоаси билан фахрланишини айтди.

Шуни ҳам таькидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Жаҳон чемпионатининг дастлабки ўйинида энг тезкор футболчилардан бири бўлди.
 
Бўстонлиқдаги каналдан ёш болаларнинг жасади чиқди

Якунланаётган ҳафтада Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида юз берган фожиали ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди.

Бўзсув каналида 10 ва 8 ёшли икки нафар вояга етмаган бола эҳтиётсизлик оқибатида сувга тушиб кетиб, оқиб кетгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қидирув-қутқарув ишлари давомида дастлаб 21 июнь куни ғаввос-қутқарувчилар томонидан бир нафар боланинг жасади топилган. Иккинчи болани излаш ишлари узлуксиз давом эттирилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 22 июнь куни соат 16:50 да олиб борилган қидирувлар натижасида иккинчи боланинг жасади ҳам сувдан топилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур воқеа сув ҳавзалари, хусусан каналлар атрофида болалар хавфсизлиги масаласи қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
 
Ўзбекистоннинг икки қишлоғи Қирғизистон таркибига ўтди

Бу ҳафта Ўзбекистоннинг икки қишлоғи Қирғизистон таркибига ўтгани маьлум бўлди ва Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара масалаларига оид муҳим келишувлар жамоатчилик эътиборига тушди. Давлат чегарасини демаркация қилиш жараёни доирасида ҳудудларни тенг қиймат асосида алмашиш амалга оширилди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятига қарашли бўлган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари Қирғизистон таркибига ўтказилди. Бу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, жумладан қарийб 2,5 минг нафар этник қирғизлар, тегишли рўйхатдан ўтказиш ишлари якунланганидан сўнг Қирғизистон фуқаролигини олиши кутилмоқда.

Ўзбекистон томони эса бу қишлоқлар эвазига чегара ҳудудидан тенг қийматдаги ер участкаларини қабул қилди.
Шунингдек, транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Сай ва Таян қишлоқлари ўртасида янги автомобиль йўли қуриш учун ҳам ер алмашинуви амалга оширилгани қайд этилди.

Бу лойиҳа орқали айрим туманлар ўртасидаги масофа бир неча баробар қисқариши кутилмоқда.
Мутасаддилар чегара ва ҳудудлар билан боғлиқ бу каби масалалар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва амалий манфаатлар асосида ҳал этилаётганини таъкидлашди.

Таькидлаш керакки, бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди. Аммо, Ўзбекистон томони эса ҳозирга қадар ушбу масала юзасидан расмий ва батафсил муносабат билдирганича йўқ.
 
Олтин нархи 7 ойдан бери илк бор 4 минг доллардан пастлади

Якунланаётган ҳафтада жаҳон молия бозорларида олтин нархи кескин пасайиш тенденциясини намоён қилди ва 7 ойдан бери илк бор бир унция учун 4 минг долларлик психологик чегарадан пастлади.

Бозор маълумотларига кўра, доллар курсининг мустаҳкамланиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкалари яна оширилиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар олтинга бўлган босимни кучайтирган.

Натижада спот олтин нархи бир кунда бир неча фоизгача арзонлаб, сўнгги етти ойдаги энг паст даражалардан бирига тушди.
Таҳлилчилар бу ҳолатни инвесторларнинг капитални даромад келтирувчи молиявий инструментларга қайта тақсимлаши билан изоҳламоқда. Чунки юқори фоиз ставкалари шароитида олтин каби даромад келтирмайдиган активларнинг жозибадорлиги пасаяди.

Шу билан бирга, пасайишга қарамасдан, олтин нархи йил бошида кузатилган кескин ўсишдан кейин ҳали ҳам юқори диапазонда сақланиб турибди. Бироқ экспертлар жаҳон иқтисодий сиёсатдаги ўзгаришлар олтин бозоридаги тебранишларни давом эттириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 53

Barchasi

Mavzuga oid