Қозоғистон уруш сабаб келган россияликларни оммавий депортация қилмоқчи — ҳуқуқ ҳимоячилари
Қозоғистон Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин россияликлар фаол йўл олган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик яшаш учун бериладиган рухсатномалар (РВП) сохталаштирилгани бўйича йирик жиноят ишини тергов қилмоқда. Бу иш уруш сабаб мамлакатга келган кўплаб россияликларнинг депортация қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россиядан кетганларга ёрдам бераётган ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб «Слово защите» лойиҳаси хабар берди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, иш бўйича «чақирув ёшидаги ўнлаб россияли эркаклар» гувоҳлик қилмоқда. «Слово защите» суҳбатдошларининг айтишича, тергов 2026-йил феврал охирида бошланган, терговчилар «бир вақтнинг ўзида 3-4 кишини сўроқ қилмоқда».
Қаттиқлашган миграция сиёсати
Бир йилгача Қозоғистонда қолиш имконини берувчи РВПни расмийлаштириш учун расмий иш жойи ва рўйхатдан ўтиш (прописка) талаб этилади. «Слово защите»нинг ёзишича, Қозоғистон маълум муддат давомида «сохта РВП» бозорига хотиржам муносабатда бўлган, бироқ вақт ўтиши билан миграция сиёсати қаттиқлашган.
«РВП иши билан миграция полицияси эмас, балки Миллий хавфсизлик қўмитаси бошқармаси шуғулланаётганини ҳисобга олсак, гап Россия билан келишилган рўйхатлар бўйича оммавий депортацияга тайёргарлик ҳақида кетаётган бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди «Слово защите».
Ҳуқуқ ҳимоячилари қалбаки РВП бўйича жиноят ишида тилга олинган барча шахсларга ҳозирча мустақил равишда чиқиб кетиш имкони бор экан, шошилинч тарзда Қозоғистонни тарк этишни тавсия қилмоқда, акс ҳолда улар Россияга депортация қилиниши мумкин.
Қозоғистон Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлагани ва мобилизация эълон қилинганидан кейин россияликлар фаол йўл олган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳозир Қозоғистонда уруш сабаб кетган ўнлаб минг россияликлар яшамоќда. 2026-йилда ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистондан россияликларни депортация қилиш ҳолатлари, жумладан, Россияда сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган ёки дезертирликда айбланаётганларни чиқариб юбориш кескин ошганини қайд этди.