Россияда солиқ ислоҳоти сабабли кичик бизнеснинг учдан бири ёпилиши мумкин

23.10.2025 | 12:312 daqiqa

Янги солиқ ислоҳоти Россияда 700 мингдан ортиқ тадбиркорга таъсир қилиши кутилмоқда. Ишбилармонлар бизнесни ёпиш ёки «хуфиёна ишлаш»га мажбур бўлишини айтишмоқда.

Россияда солиқ ислоҳоти сабабли кичик бизнеснинг учдан бири ёпилиши мумкин

Россияда 2026 йилдан амалга оширилиши режалаштирилаётган янги солиқ ислоҳоти мамлакатдаги кичик тадбиркорликни жиддий қийин аҳволга солиши мумкин. Ислоҳот доирасида йиллик даромади 10 млн рублдан ошган микробизнес субъектлари қўшимча қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга мажбур бўлади.

«Бу кичик бизнес учун ҳақиқий шок», — деди «Опора России» уюшмаси раҳбари Сергей Борисов. Унинг сўзларига кўра, микробизнес учун янгиликлар салбий оқибатларга олиб келади, чунки кўплаб тадбиркорлар қўшимча харажатларни кўтара олмайди. Ушбу тузилма бошқа бизнес уюшмалари билан биргаликда парламент раҳбарларига ислоҳотни тўхтатиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Тадбиркорлик уюшмалари ҳисобича, солиқ юки ошиши 700 мингга яқин бизнесга таъсир қилади. 11 минг тадбиркор орасида ўтказилган сўровда ҳар учинчи иштирокчи бизнесини ёпиш ниятида эканини айтган, 30 фоизи эса «хуфиёна ишлаш» ёки солиқни камайтириш схемаларидан фойдаланиш режасини билдирган.

Москва марказидаги дўкон эгаси Сергей Пахомов шундай деди: «Бизнинг харажатлар кескин ошади. Бир неча йил “соддалаштирилган” тизимда ишлаб келдик, энди эса бундай юкни кўтара оламизми, билмаймиз».

Солиқ ислоҳоти кичик бизнес учун илк оғир синов эмас. 2025 йилда ҳам «соддалаштирилган» тизимдаги корхоналар учун ҚҚСдан озод қилиш чегараси 250 млн рублдан 60 млн рублга туширилган эди. Бу йилги ўзгаришлар эса яна 10 млн чегарасини киритмоқда.

РФ Молия вазирлиги вакиллари бу қарорни «анча мувозанатли» деб атаётган бўлса-да, иқтисодчилар бундай чоралар иқтисодиётда рецессия ва «хуфиёна ишлаш» ҳодисаларини кучайтиради, деб ҳисоблайди. Инвестбанкир Евгений Коганнинг таъкидлашича, «қоидалар ҳар йили ўзгармоқда. Тадбиркорлар фақат тирик қолиш ҳақида ўйлаяпти, ривожланиш ҳақида эмас».

Иқтисодчи Софья Донец буни «тирик одамлар устида ўтказилаётган эксперимент» деб атади. Унинг фикрича, режалаштирилган солиқ тушумлари тадбиркорлик фаолияти қисқариши сабабли амалда камаяди.

Қишлоқ ҳудудларда эса аллақачон озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар ёпила бошлаган. Кичик бизнес вакиллари ҳукуматни катта корпорацияларга эмас, кичик тадбиркорларга солиқ юкини юклашда айбламоқда.

Teglar

Mavzuga oid