Саида Мирзиёева Истанбулдаги мактаб ва университетга борди
Администрация раҳбари ушбу муассасаларнинг ўқитиш услублари, ёндашувлари ўзида катта қизиқиш уйғотганини айтди.
© Saida Mirziyoyevaning ijtimoiy tarmoqdagi sahifasiПрезидент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Истанбул шаҳрида жойлашган Ибн Халдун университети ва «Енидоғу» мактабига борди. Унга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўғли Нажмиддин Билол Эрдўған ҳамроҳлик қилган.
Мирзиёеванинг ёзишича, ушбу муассасаларнинг ўқитиш услублари, ёндашувлари унда катта қизиқиш уйғотган.
«Бу ерда таълим сифатига, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва уларда мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган», — дейди у.
Администрация бошлиғи таълим соҳаси — Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муҳим қирраларидан бири эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ёшларнинг ўқиб-ўрганиши, дунёқараши ўсиши ҳамда бир-бирини янада яқиндан танишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Вашингтонда Америка президенти Дональд Трамп билан учрашганди.





