Logo

Самарқандда Россияга ишлашга кетувчилар учун тест маркази очилади

Bugun 15:552 daqiqa

Самарқанд вилоятида Россияда меҳнат қилишни режалаштираётган фуқаролар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш маркази ташкил этилади.

Самарқандда Россияга ишлашга кетувчилар учун тест маркази очилади

11 июн куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Санкт-Петербургга амалий ташриф доирасида шаҳар ва Ленинград области ҳукумати, ташқи алоқалар, меҳнат ва аҳолини бандлик билан таъминлаш соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Учрашувларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» халқаро савдо марказининг қўшма инвестиция ва логистика лойиҳаларини амалга оширишдаги имкониятларини алоҳида қайд этди.

Ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Халқаро меҳнат миграциясига кўмаклашиш ассоциацияси билан Самарқанд вилоятида тест марказини очиш бўйича келишувга эришилди. Марказда Россияда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган рус тили, тарих ва қонунчилик бўйича синовлар ўтказилади.

Шунингдек, Санкт-Петербургдаги «Бронка Групп» ва «Южний» миграция марказлари раҳбарияти Ўзбекистон билан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Музокаралар якунида ушбу марказларнинг қабул қилиш қувватини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда ватандошларга ахборот кўмагини кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш

Томонлар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Санкт-Петербург ва Ленинград области инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари ҳамда Халқаро адвокатлар коллегияси билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва тезкор ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга келишиб олинди.

Делегация Ленинград областидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига ҳам ташриф буюриб, у ердаги ўзбекистонликларнинг шароитлари билан танишди. Марказ раҳбарияти билан ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва фуқароларни Ватанга қайтариш ишларини соддалаштириш чоралари келишиб олинди.

Teglar

Mavzuga oid