Logo

Шавкат Мирзиёев: «Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак»

Президент тадбиркорлар учун барча турдаги молиявий жарималар миқдори ўртача 2 баробарга камайтирилишини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев: «Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак» © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун барча турдаги молиявий жарималар миқдори ўртача 2 баробарга камайтирилади. Бу ҳақда 18-август куни Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Айрим идораларда жаримадан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши «текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди» деган нотўғри ёндашувни келтириб чиқараётгани танқид қилинди.

«Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак», – деди Мирзиёев.

Шу билан бирга, давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг закалат пулини қайтариш автоматлаштирилади. 

«Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси»

2027-йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда «Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси» жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.

Бундан ташқари, «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.

Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.

Teglar

Mavzuga oid