«Шу нарсанинг хатолигини теримизда ҳис қилишимиз шартми?» — ўсимлик ёғини тамғалаш харажатлари ва истеъмолчилар хавотири
Ўзбекистонда ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш таклиф қилинмоқда. Vaqt.uz иқтисодчиларнинг бу ташаббусга муносабати, Россия тажрибаси ва жамоатчилик фикрларини ўрганди. Мутахассислар янги талабнинг иқтисодий асослари, тамғалаш харажатлари ва маҳсулот нархига таъсири юзасидан қандай фикрда?

Ўзбекистонда аҳолининг асосий кундалик истеъмол маҳсулотларидан бири бўлган ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш таклиф этилмоқда. Ташаббус ноқонуний маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш ва савдони рақамлаштиришга қаратилган. Бироқ янги талаблар ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар учун қўшимча харажатларни ҳам юзага келтириши мумкин. Сувни тамғалаш тажрибаси фонида эса савол туғилади: янги талаб истеъмолчини ҳимоя қиладими ёки тамғалаш сабабли ўсимлик ёғи аҳоли ва бизнесга қимматроққа тушадими?
Тамғалаш тизими
Ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш таклифи Ўзбекистонда ушбу тизимни янги маҳсулот турига кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи бўлади. Аввал тамаки ва спиртли ичимликлардан бошланган тизим кейинчалик дори-дармон, маиший техника ва яхна ичимликларни, жумладан, ичимлик сувини ҳам қамраб олди. Бироқ ичимликларни тамғалаш жараёнида ишлаб чиқарувчиларнинг эътирозлари ҳам кузатилган. Энди шунга ўхшаш талаб кундалик истеъмолда муҳим ўрин тутадиган ўсимлик ёғига нисбатан ҳам таклиф қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси 2026-йил 10-октябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама 24-октябргача давом этиши белгиланган. Ҳужжат маъқулланса, ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш 2027-йил 1-июлдан бошланиши мумкин. Ташаббус Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ноқонуний импорт, ишлаб чиқариш ва савдо ҳолатларининг олдини олиш ҳамда маҳсулот айланмасини рақамли кузатишга қаратилган.
Лойиҳага кўра, рақамли код ўсимлик ёғининг ички ёки ташқи истеъмол қадоқларига ёпиштириладиган штрих-кодли стикер орқали қўлланади. Ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, улгуржи ва чакана савдо корхоналари «Асл белгиси» миллий ахборот тизимига уланиши керак бўлади. Тизим орқали маҳсулотнинг муомалага киритилиши, айланмаси ва муомаладан чиқарилиши кузатиб борилади. Тамғаланиши шарт бўлган ёғни тегишли кодсиз сотиш савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланиб, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Лойиҳада тайёргарлик ишлари учун ҳам муддатлар белгиланган. Хусусан, «CRPT Turon» оператори Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2027-йил 1-январгача тизимда рўйхатдан ўтган ва шартнома тузган ишлаб чиқарувчилар ҳамда импортчиларга буюртмаларни бошқариш станцияларини етказиб бериши кўзда тутилган. Шу санадан бошлаб алоҳида маҳсулот ёки қути кодларини ягона транспорт қадоқ коди билан бирлаштириш — агрегация тизимини жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Талаблар бажарилишини назорат қилиш эса солиқ органлари зиммасига юкланиши режалаштирилган.
Экспертлар нима дейди?
Ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш таклифи иқтисодий жиҳатдан қанчалик асосланган ва унинг харажатлари кимнинг зиммасига тушади? Иқтисодчи Отабек Бакиров лойиҳа юзасидан ўз эътирозларини билдириб, аввал унинг иқтисодий самараси ва истеъмолчилар учун эҳтимолий оқибатларини баҳолаш зарурлигини таъкидламоқда.
«Афсуски, тор манфаатлар яна устун келмоқда» — Отабек Бакиров
Бакировнинг ёзишича, бизнес ва истеъмолчиларга зиён етказиш орқали пул ишлашдан иборат «бузуқ модел» кенгайишда давом этиши мумкин. Унинг таъкидлашича, агар мораторий эълон қилинмаса, бу жараён тўхтамайди.
«Афсуски, тор манфаатлар яна устун келмоқда», — деб ёзади у.
Бакиров ўсимлик ёғи ва пахта ёғи кам ҳамда ўрта даромадли аҳоли истеъмолида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Унинг ёзишича, бу маҳсулотлар нархи йил бошидан бери ошиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодчи жаҳон бозорида ўсимлик ёғи нархи сўнгги бир йил ичида 18,3 фоизга кўтарилганини қайд этади.
Отабек Бакиров Россияда ўсимлик ёғини тамғалаш жуда қимматга тушиши, харажатлар ҳатто янги завод қуриш қийматига яқинлашиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни ҳам келтиради. Унинг фикрича, бундай талабни жорий этишдан олдин иқтисодий оқибатларни ҳисоблаш, харажатлар бизнес ва истеъмолчиларга қандай тақсимланишини баҳолаш зарур.
Kun.uz’га берган интервюсида Бакиров ўсимлик ёғини мажбурий тамғалаш ташаббусининг иқтисодий асослари етарлича очиб берилмаганини айтди. Унинг таъкидлашича, бозорда қанча контрафакт маҳсулот борлиги ва яширин иқтисодиёт улуши ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган.
«Иқтисодий асослантириш берилмади. Ўзи бозорда қанча буларнинг баҳолашларига кўра контрафакт бор ёки ўша яширин иқтисодиёт критерияларига мос тушадиган ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш бор? Бирор бир маълумот йўқ», — деди иқтисодчи.
Бакировнинг фикрича, тамғалашни жорий этишдан кутилаётган иқтисодий самара ҳам, бизнес ва истеъмолчилар зиммасига тушадиган қўшимча харажатлар ҳам ҳисоб-китоб билан асосланмаган.
«Биз шунча харажат қиламиз, бизнесимиз, савдойимиз, истеъмолчиларимиз бўйнига шунча харажат юкланади, бундан иқтисодий шунча самара оламиз деган ҳисоб-китоблар берилмади», — дея таъкидлади у.
Иқтисодчи янги маҳсулотларни мажбурий тамғалаш рўйхатига киритишдан олдин мустақил экспертлар иштирокида баҳолаш ўтказиш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, аввал амалдаги тизимнинг натижалари, нархларга таъсири ва истеъмолчилар зиммасига тушган харажатлар ўрганилиши керак.
«Биз аввал билишимиз керак, қаерларда хато кетди, қаерларда ютқаздик, қаерларда нарх ошишига олиб келди бу масала? Бу хулосани олишимиз керак-да, хатоларимизни тан олишимиз керак. Кейин кейинги қадамларимизни босишимиз керак», — деди Бакиров.
У мустақил таҳлил натижалари очиқланмагунча янги маҳсулотларни тамғалаш рўйхатига киритишни тўхтатиб туриш ва мораторий жорий этиш керак, деб ҳисоблайди.
«Тамғалаш харажатлари кичик ишлаб чиқарувчиларга оғирроқ тушади» — Мурод Муҳаммаджонов
Солиқчи Мурод Муҳаммаджонов ҳам Kun.uz’га берган интервюсида ўсимлик ёғини мажбурий тамғалашдан олдин амалдаги тизимнинг натижаларини, ишлаб чиқариш ва логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳамда харажатларнинг бизнес ва истеъмолчиларга таъсирини ўрганиш кераклигини таъкидлади.
Муҳаммаджоновнинг айтишича, тамғалаш тизими ишлаб чиқариш жараёнида ҳам муаммоларни юзага келтириши мумкин. Жумладан, линияни тўхтатиш ва қайта ишга тушириш зарурати ускуналарнинг эскиришига, ишлаб чиқариш жараёнининг узилишига олиб келади.
«Тизимнинг ўзи ҳали тўғри ечим топмасдан туриб, уни кенгайтирадиган яна қўшимча товар киритиляпти», — деди мутахассис.
У логистика жараёнида ҳам ечимини кутаётган масалалар борлигини таъкидлади. Хусусан, маҳсулотларни паллет, блок ёки дона кўринишида тамғалаш билан боғлиқ қийинчиликлар, шунингдек, тамғалаш кодларининг такрорланиши каби ҳолатлар тизим самарадорлигига таъсир қилмоқда.
Муҳаммаджоновнинг фикрича, тамғалаш харажатлари барча ишлаб чиқарувчиларга бир хил таъсир кўрсатмайди. Йирик корхоналар қўшимча харажатларни катта ишлаб чиқариш ҳажми ҳисобига тақсимлаши мумкин. Кичик корхоналарда эса бир бирлик маҳсулотга тўғри келадиган харажат анча юқори бўлади.
«Кунига 100 тонна ишлаб чиқарадиган учун бу 100 сўмга айланса, кунига 10 тонна ишлаб чиқарадиганга у 1000 сўмга айланади», — дея мисол келтирди мутахассис.
Мутахассиснинг тушунтиришича, тамғалаш харажатини фақат маҳсулотнинг умумий нархига нисбатан баҳолаш етарли эмас. Унинг корхона фойдасига таъсирини ҳам ҳисобга олиш керак.
«Лекин корхонанинг фойдасига қанчалик таъсир қилади? Сиз 10%. Ўзи 700 сўм фойда топаётган эди, энди 10% фойдаси камайди», — деди Муҳаммаджонов.
Унинг фикрича, қўшимча харажатлар корхона фойдасини қисқартириши мумкин. Ишлаб чиқарувчи бу харажатни маҳсулот нархига қўшса, юк истеъмолчига тушади. Харажатни нархга қўша олмаган тақдирда эса корхонанинг янги технологияларни жорий этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва ривожланиш имкониятлари чекланиши мумкин.
«Аҳолига тушадиган бўлса, бу унинг харид қобилиятини пасайишига олиб келади», — дея таъкидлади мутахассис.
Муҳаммаджонов тамғалаш тизимидан бутунлай воз кечиш кераклигини айтмайди. Унинг фикрича, асосий масала — янги талабни айни пайтда жорий этиш зарурати ва унинг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш.
«Айтмоқчи, масалан, буткул билан керак эмас. Лекин ҳозир керакми, йўқми деган масалани ўрганиш керак», — деди у.
Россия тажрибаси: тамғалаш харажатлари 1,8 млрд рублга баҳоланган
Россияда ўсимлик ёғини мажбурий тамғалашнинг озиқ-овқат ёғлари саноатига таъсири ҳам муҳокама қилинган. «Интерфакс»нинг 2023-йил 26-сентябрдаги хабарига кўра, «OleoScope» агентлиги соҳа вакиллари ўртасида ўтказган сўров натижаларига асосланиб, тамғалашни жорий этишнинг биринчи йилидаги харажатларни 1,8 млрд рублга баҳолаган. Кейинги йилларда эса тизимга хизмат кўрсатиш учун йилига 1 млрд рублдан ортиқ маблағ талаб этилиши мумкинлиги айтилган.
«OleoScope» таҳлилчиси Кирилл Лозовойнинг маълум қилишича, тамғалашни жорий этиш учун ёғ-мой корхоналарининг катта қисми ишлаб чиқариш линияларини қайта жиҳозлашига тўғри келади. Масалан, соатига қарийб 5 мингта шиша ишлаб чиқарадиган линияни тамғалаш ускунаси билан жиҳозлаш 6 млн рублдан ортиқ туриши мумкин.
Бундан ташқари, ҳар бир маҳсулот бирлиги учун рақамли код харажатлари ҳам сезиларли бўлиши қайд этилган. Лозовойнинг ҳисоб-китобига кўра, битта код 50 копейка турадиган бўлса, йилига 1,3 млрд дона маҳсулот ишлаб чиқарадиган бутун тармоқ учун бу харажат 650 млн рублга етади.
Таҳлилчи тамғалаш ишлаб чиқариш таннархини оширишини ҳам таъкидлаган. Унинг баҳолашича, бир литрли кунгабоқар ёғи шишасини тамғалаш харажати 70 копейкани, яъни маҳсулотни ишлаб чиқариш харажатларининг қарийб 1 фоизини ташкил этади. Ёғ-мой маҳсулотларини мамлакатдаги уй хўжаликларининг қарийб 95 фоизи истеъмол қилиши ва соҳада рентабеллик нисбатан пастлигини ҳисобга олиб, бу харажатлар келгусида улгуржи нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин.
Лозовой, шунингдек, Россияда ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулотларининг кузатувчанлиги юқори эканини таъкидлаб, мажбурий тамғалашнинг мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганиш зарурлигини билдирган. У «Роскачество» томонидан ўтказилган бир нечта текширувларда кунгабоқар ёғининг сохталаштирилгани аниқланмагани, аксинча, ўрганилган маҳсулотларнинг 70 фоизи юқори сифатли товарлар деб топилганини қайд этган.
Аҳоли фикри: кўпчилик мажбурий тамғалаш нархларни оширишидан хавотирда
Ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш бўйича қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Маълумотларга кўра, лойиҳани 3 минг 59 киши кўрган, 217 киши унга қарши, икки киши эса тарафдор эканини билдирган. Лойиҳа юзасидан жами 83 та изоҳ қолдирилган.
Изоҳларда асосий эътибор янги талабнинг ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар зиммасига туширадиган харажатлари, маҳсулот нархига таъсири ҳамда тамғалашнинг қанчалик зарурлигига қаратилган.
«Бу яширин солиқ вазифасини бажаради»
Жамоатчилик муҳокамасида изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун қўшимча харажатларни юзага келтиришини таъкидлади. Унинг фикрича, бу харажатлар маҳсулот таннархини ва якуний нархини ошириши мумкин.
«Ўсимлик ёғини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимининг жорий этилиши — бу бозордаги контрабанда ва сифатсиз маҳсулотларга қарши курашишда самарали воситадир. Бироқ, иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, бу тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун яширин солиқ (квазисолиқ) вазифасини ўтайди. Ҳар бир шиша ёғ учун код сотиб олиш, ишлаб чиқариш линияларига қимматбаҳо ускуналар ўрнатиш ва янги ходимларни ёллаш харажатлари охир-оқибат маҳсулот таннархининг ошишига ва нархларнинг кўтарилишига олиб келади. Бу ҳолат, айниқса, кичик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ва арзон флаконланган (пахта ёки кунгабоқар) ёғ сегментига салбий таъсир кўрсатади.
Ғарб давлатларида иқтисодий юкни камайтириш учун бундай маркировка ҳар бир дона шишага эмас, балки фақат йирик партиялар ва қутиларга (бепул кодлар ёрдамида) қўлланилади. Донабай эмас, балки партияларни кузатишга эътибор қаратиш ва бепул қилиш керак! Ҳар бир донани мажбурий маркировкалаш бу контрабанда маҳсулотларига қўлланилади. Ўсимлик ёғи бу контрабанда маҳсулоти эмас, бу энг кўп истеъмол товарларидан бири! Мен қаршиман! Бу нархларнинг ўсишига олиб келади!» — деб ёзган фойдаланувчи.
«Шу нарсанинг хатолигини теримизда ҳис қилишимиз шартми?»
Навбатдаги изоҳларнинг яна бирида ичимлик сувини тамғалаш тажрибаси мисол қилиб келтирилиб, нархлар ошганига қарамай, бошқа сезиларли ўзгаришлар кузатилмагани таъкидланган. Шу сабабли аҳолининг асосий истеъмол маҳсулотларидан бири бўлган ўсимлик ёғини тамғалаш янада салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
«Мен бу лойиҳага қаршиман! Ичимлик сувлари маркировкаланганда фақат нарх қимматлаганини ва бошқа умуман ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаганини ҳисобга олса, аҳолининг асосий истеъмоли ҳисобланган ўсимлик ёғини маркировкалаш бундан ҳам ёмонроқ бўлади. Қолаверса, айнан шу тажриба кўплаб давлатларда фақат ва фақат ёмон натижа кўрсатганлигини ҳисобга олсак, нега биз жаҳон тажрибасидан андаза олмаяпмиз? Шу нарсанинг хатолигини теримизда ҳис қилишимиз шартми?» — дейилади изоҳда.
«Маркировкалаш Трампнинг тариф сиёсатидан ҳам баттар бўлиши мумкин»
Жамоатчилик муҳокамасида қолдирилган изоҳлардан бирида ўсимлик ёғини мажбурий тамғалаш лойиҳаси АҚШ президенти Доналд Трампнинг тариф сиёсати билан қиёсланган. Фойдаланувчи таклиф этилаётган талабнинг иқтисодий оқибатлари АҚШ бюджетига тарифлар етказган зарардан ҳам оғирроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, лойиҳага қатъий қарши эканини билдирган.
«Трампнинг АҚШ бюджетига тарифлар қанча зарар олиб келган бўлса, таклиф қилинган маркировкалаш балки бундан ҳам баттар. Бир ўзбек ватандоши сифатида бунақа ёмон лойиҳага мутлақо қаршиман», — дейилади изоҳда.
«Ёғ нархи ошса, унинг харажатини бутун халқ тўлайди»
Жамоатчилик муҳокамасида қолдирилган изоҳлардан бирида мажбурий тамғалаш тизими танқид қилиниб, ундан ким манфаат кўриши ва харажатларни ким қоплаши ҳақида савол қўйилган.
«Буни ўша маркировка қиладиган компаниядан бошқа одамга фойдаси бор, холос. Ва ўша учун ўйлаб топилган лойиҳа. Ёғнинг нархи ошиб, ошган қисмини бутун халқ тўлайди. Камбағалликни қисқартириш вазирлиги қаёққа қараяпти? Ўзи сувлар ва бошқа нарсаларни ҳам маркировка қилиш маркировка қилаётган компанияни бойитиш мақсадида ўйлаб топилган», — дейилади изоҳда.
Ўсимлик ёғини мажбурий рақамли тамғалаш ташаббуси атрофидаги мунозаралар бир муҳим саволни кун тартибига чиқармоқда: тизимни жорий этишдан олинадиган иқтисодий самара уни амалга ошириш харажатларини оқлайдими? Россия тажрибасида ҳам тамғалашнинг ишлаб чиқариш таннархи ва маҳсулот нархига таъсири юзасидан хавотирлар билдирилган, Ўзбекистонда эса экспертлар ва фуқаролар қўшимча харажатлар охир-оқибат истеъмолчилар зиммасига тушиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу боис лойиҳани амалга оширишдан олдин ноқонуний маҳсулотлар айланмаси кўламини аниқлаш, кутилаётган натижаларни иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асослаш ва харажатларнинг ишлаб чиқарувчилар ҳамда аҳолига таъсирини баҳолаш муҳим. Акс ҳолда, ноқонуний савдога қарши курашиш учун жорий этилаётган механизмнинг харажатини қонуний ишлаб чиқарувчи ва оддий харидор тўлашига тўғри келиши мумкин.
Teglar






