Швейцария қайтарадиган 252,5 млн долларлик активлар, Трампни ҳайратга солган ўзбек айвонлари ва депутатлар тасдиқлаган 12 йиллик таълим — 25 ноябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Швейцария Гулнора Каримованинг 252,5 млн долларлик активларини Ўзбекистонга қайтаради
24 ноябрь куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги — 252,5 миллион долларлик қисмини «Ишонч — 2030» траст жамғармаси орқали қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичига оид ҳужжат Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг мамлакатдаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг доимий координатори Сабине Мал томонидан имзоланди. Маблағлар икки асосий йўналишга — соғлиқни сақлаш (болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдамни такомиллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, онкологик касалликларни даволаш ва шифокорлар малакасини ошириш) ҳамда таълим (янги мактаблар қуриш, рақамли технологияларни жорий этиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш) соҳаларига йўналтирилиб, асосий эътибор қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламларига қаратилади.
Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур жамғарма стратегиясининг биринчи босқичида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион доллар ажратилган эди. Лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан мониторинг жараёнларида БМТ ва Жаҳон банки иштирок этади, бу эса эҳтимолий коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йилда қарийб 131 миллион доллар, 2025 йил февралида эса яна 182 миллион долларни қайтариш бўйича келишувлар имзоланиб, жамғарма орқали аҳоли манфаатларига йўналтирилиши белгиланган маблағлар 313 миллион долларни ташкил этган эди.
«Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал» — Трамп Шавкат Мирзиёевга совға учун миннатдорлик билдирди
АҚШ президенти Дональд Трамп «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқи номидан совға қилинган айвонлар учун миннатдорлик билдирди. Трамп ўтган ҳафта Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергум иштирокида ўтган очилиш маросими вақтида «Marine One» вертолётида ҳудуд узра парвоз қилганини таъкидлаб, айвонларни «ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал» дея эътироф этди. У, шунингдек, бир неча ой давомида оилаларидан узоқда, мураккаб об-ҳаво шароитида 200 йиллик тоғ ёнғоғи ёғочидан ушбу иншоотларни бунёд этган ўзбекистонлик моҳир ҳунармандларнинг маҳоратини алоҳида қайд этди.
АҚШ президенти мазкур совғани шахсий мулки сифатида олиб қолмай, Америка халқига тақдим этишга қарор қилганини билдирди. Вашингтондаги Тидал Басин сув ҳавзаси бўйида, Томас Жефферсон ва Жорж Вашингтон ёдгорликлари манзараси очиладиган жойда қад ростлаган ушбу айвонлар бир йилдан сўнг Миллий қаҳрамонлар боғи очилгач, турмуш қуриш таклифлари, дипломатик қабуллар, сакура гуллари фестивалидаги фотосессиялар ва кундалик ташрифлар учун пойтахтнинг энг машҳур масканларидан бирига айланиши кутилмоқда. Пости якунида Трамп Ўзбекистон элчихонаси ҳамда АҚШ Миллий боғлар хизматига ҳам миннатдорлик изҳор этди.
Уй олмоқчи бўлганлар учун янги хизмат ишга тушди
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қурилиш объектлари ҳақидаги очиқ маълумотларни кўриш хизмати ишга туширилди. У кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, маданият, санъат ва туризм объектлари, шунингдек, қуриб битказилган бинолар ҳамда 30 дан ортиқ йўналишдаги объектларни қамраб олади. Порталда объектнинг номи, манзили, тоифаси, фойдаланишга топшириш муддати, қаватлар ва хонадонлар сони, умумий майдони, лойиҳа қиймати ҳамда қурилишга буюртма берган, лойиҳани тайёрлаган ва қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотлар ҳақида маълумотлар кўрсатилади.
Бундан ташқари, портал орқали архитектура-шаҳарсозлик кенгаши хулосаси, экспертиза хулосаси ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун берилган рухсатномани юклаб олиш мумкин. Мазкур хизмат айниқса қурилиш тугамасидан туриб хонадон учун пул тўлайдиган харидорларга қўл келади: улар тўлов қилишдан олдин қурилишга ким масъул экани, ишларни бошлашга рухсат берилгани ва уй қачон фойдаланишга топширилиши режалаштирилганини олдиндан текшира олади.
Тошкент ва Андижон ҳокимликлари бюджетдан умумий ҳисобда 3,27 млрд сўм ишлатади
Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, вилоят бюджетининг иккинчи чорак даромадлар режаси ортиғи билан бажарилган қисмидан 2,1 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағ Нурафшон шаҳридаги «Nurafshon Biznes City» ҳудудида жойлашган Янги Ўзбекистон боғини ободонлаштириш — суғориш тизимини ишга тушириш, майсалар ва турли хил кўчатлар экиш, «брусчатка» ётқизиш ҳамда кўл атрофига панжара ўрнатиш ишларига сарфланади. Маблағ «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасига берилиб, унинг мақсадли сарфланиши Давлат молиявий назорати инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан назорат қилинади.
Андижон вилояти ҳокимининг қарори билан эса вилоят бюджетининг 2026 йилги захира жамғармасидан 1 миллиард 170,4 миллион сўм йўналтирилади. Мазкур пуллар вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига берилиб, туманлардаги ер майдонларини ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш учун зарур лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга сарфланади. Қарорга мувофиқ, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси 2026 йилги харажатлар режасига тегишли ўзгартириш киритади, вилоят Ғазначилик хизмати бошқармаси эса маблағларни белгиланган тартибда молиялаштиради.
Депутатлар Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиш бўйича қонунни қабул қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгиловчи қонун қабул қилинди. Янги тартибга кўра, 6 ёшли болалар учун бир йиллик мажбурий тайёрлов ҳисобига умумий ўрта таълим муддати 11 йилдан 12 йилга узайтирилади (бунда 12-синф ташкил этилмайди) ва ҳар бир боланинг ушбу тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади. Таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда хорижда ўқиш учун қулай шароит яратишга қаратилган мазкур ўзгариш доирасида 6 ёшли болаларнинг тайёрлов билан қамровини ҳозирги 98 фоиздан 2027 йилда 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тайёрлов гуруҳлари давлат боғчалари ва мактабларида (шунингдек, боғча ва мактаб мавжуд бўлмаган чекка ҳудудлардаги ижтимоий объектларда) бепул ташкил этилади, шу билан бирга, нодавлат таълим ташкилотларида ҳам очилишига рухсат берилади. Тўлиқ қамровга эришиш учун қўшимча 800 та гуруҳ ва қарийб 20 мингта янги ўрин яратилиб, тегишли харажатлар 2027 йилги давлат бюджетида назарда тутилади, амалдаги қонунчиликдаги мактабгача ёш (7 ёшгача) нормаси эса ўзгаришсиз қолади. Депутатлар янги тизимни жорий этишга таълим муассасаларини тайёрлаш учун камида олти ой вақт кераклигини таъкидлаган бўлиб, қонун Сенатда кўриб чиқилганидан сўнг имзолаш учун президентга юборилади.





