Стартаплар ривожланиши Ўзбекистонга нега керак? Экологик ва иқтисодий сабаблар
Vaqt.uz колумнисти сув танқислиги ва стартаплар ўртасидаги боғлиқликни тушунтиради.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонликлар ҳар куни жўмракни очади, сув оқади. Чой дамлайди, идиш ювади, боғни суғоради. Кўпчиликнинг хаёлига «яна ўн йилдан кейин шу сувнинг чорак қисми етишмай қолиши мумкин» деган фикр деярли келмайди. Чунки сув аҳоли учун ҳаводек оддий неъмат. Аслида эса рақамлар бутунлай бошқа манзарани чизяпти.
Илмий прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув танқислиги юзага келиши мумкин. Бу — бугунги истеъмолнинг қарийб чорак қисми. «Ўзсувтаъминот» раҳбарияти Сенат мажлисида таъкидлаганидек, айнан шу танқислик туфайли Ўзбекистон дунёдаги энг сув танқис 33 давлат қаторидан жой олиши хавфи мавжуд. Бир авлод ичида жон бошига тўғри келадиган сув миқдори 3 048 куб метрдан 1 589 куб метргача, яъни деярли икки баробарга камайди. Амударё ва Сирдарё оқими эса сўнгги эллик йилда 20 фоизга қисқарди.
Вазиятни янада мураккаблаштирадиган жиҳат шундаки, бугун ўзбекистонликлар фойдаланаётган сувнинг атиги 20 фоизи мамлакат ҳудудида шаклланади. Қолган 80 фоизи қўшни давлатлар ҳудудидаги тоғ музликларидан оқиб келади. Марказий Осиёнинг «сув минораси» саналган Тян-Шан музликлари сўнгги 50 йилда ўз массасининг 27 фоизини йўқотди. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб қолган музликларнинг ҳам қарийб ярми эриб кетиши мумкин. Бу энди фақат экологик муаммо эмас, балки иқтисодий масала ҳамдир.
Ўзбекистонда сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Жаҳонда бу кўрсаткич ўртача 65 фоизни ташкил этади. Демак, ўзбек иқтисодиётининг таянчи бўлиб келган пахта, буғдой ва деҳқончилик айнан сув танқислигидан энг кўп зарар кўрадиган соҳалар ҳисобланади.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мамлакат ҳар йили сув танқислиги сабаб қарийб 5 миллиард доллар йўқотяпти. Жаҳон банки эса вазият ўзгармаса, 2035 йилга бориб сув етишмовчилиги ялпи ички маҳсулотни 11 фоизга қисқартириши мумкинлигини урғулаяпти.
Шу ерда асосий савол туғилади: агар сувга боғлиқ тармоқлар тобора кўпроқ босим остида қолаётган бўлса, келажак иқтисодиётининг таянчи нима бўлади?
Жавоблардан бири — билим ва технологияга асосланган иқтисодиёт. Технологик компаниялар, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспорти табиий ресурсларга деярли боғлиқ эмас. Бир килограмм пахта ёки бир тонна буғдой етиштириш учун минглаб литр сув керак бўлса, дастурчининг экспорт қилган коди ёки стартап яратган рақамли маҳсулоти учун бундай ресурс талаб этилмайди. Айнан шу сабабли дунёнинг кўплаб давлатлари сингари Ўзбекистон ҳам технологик компаниялар ва стартапларни фаол қўллаб-қувватлаяпти. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди.
2025 йилда Ўзбекистон стартапларига киритилган инвестициялар 329 миллион долларга етиб, бир йил аввалгига нисбатан 522 фоизга ошди. Стартаплар сони 400 тадан 750 тага кўпайди, экотизимнинг 2020–2025 йиллардаги умумий қиймати эса 3,9 миллиард долларга баҳоланди. IT Park резидентлари сони 2 800 тадан ошди, уларнинг 730 дан ортиғи хорижий компаниялардир. Мамлакатнинг узоқ муддатли мақсади эса 5 миллиард долларлик IT хизматлари экспортига эришиш ва соҳада 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратишдан иборат.
Тошкентдаги бир дастурчи АҚШдаги компания учун код ёзаётганида, у нафақат экспорт тушумини оширяпти. У, маълум маънода, иқлим ўзгаришлари шароитида мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини ҳам мустаҳкамлаяпти. Чунки сув камайиши мумкин, музликлар эриши мумкин, қишлоқ хўжалиги олдидаги хатарлар ортиши мумкин, аммо ўша вақтгача билим ва технология экспортига таянган иқтисодиёт шаклланса, мамлакат табиий ресурсларга қарамликни сезиларли даражада камайтиради.
Энди Ўзбекистон нега стартаплар ва технологияларга бу қадар катта эътибор қаратаётганини энди янада яхшироқ тушуниш мумкин. Гап фақат «инновация» ёки «рақамли иқтисодиёт» деган чиройли ибораларда эмас. Гап келажакда жўмракдан сув камроқ оқадиган бўлса ҳам, иқтисодиётдан имконият ва фаровонлик оқими тўхтаб қолмаслигидадир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Амударёдаги сув сатҳи сезиларли даражада пасайгани ва унинг сабаби нималиги ҳақида ёзган эдик. Бундан ташқари, Water Stress by Country 2026 ҳисоботи Ўзбекистонни сув танқислиги юқори бўлган давлатлар қаторига киритди.





