Telegram-кураторлар топшириғи билан ҳаракат қилган наркокурерлар ушланди
Таиланд – Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйича олиб кирилган гиёҳвандлик воситалари тезкор тузилмалар томонидан мусодара қилинди.

Таиланддан Ўзбекистонга 13 кгдан зиёд наркотик моддаларнинг олиб кирилишига чек қўйилди. Бу хақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қўмитанинг «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари ва «Тошкент халқаро аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
«5 сентябр куни Таиланддан учиб келган 51 ёшли Ўзбекистон фуқароси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Унга тегишли багажлар кўздан кечирилганида, 3 та вино шишаси ҳамда қадоқланган зираворлар ўрами ичидаги моддалар божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
Шундан сўнг мазкур моддалар Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясида экспертизадан ўтказилди. Натижада идишлар ичидаги тўқ жигарранг рангли ва ўткир ҳидли модда таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган, Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган наркотик восита — «гашиш мойи» экани аниқланди», - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, унинг умумий оғирлиги 7 килограмм 580 граммни ташкил қилган. Тезкор суриштирувлар давомида ушбу шахс Telegram ижтимоий тармоғидаги «Абсолют» номи остида фаолият юритувчи «куратор» кўрсатмасига кўра, 1800 доллар эвазига мазкур наркотик моддаларни мамлакат ҳудудига олиб кириб, Самарқанд шаҳрига етказиб бериши лозим бўлгани маълум бўлган.
Шундан сўнг тезкор тадбир Самарқанд шаҳрида давом эттирилиб, наркотик воситаларни қабул қилиб олаётган 47 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинган. Унинг яшаш манзили холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ердан ҳам вино шишалари, идиш ювиш гели қутиси ва шприсларга жойланган ҳолда сақланган «гашиш мойи», шунингдек, истеъмол қилинганда сархуш ҳолатни келтириб чиқарувчи қуритилган қўзиқоринлар борлиги аниқланган.
Ушбу икки турдаги наркотик моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 5,5 килограммни ташкил қилди. Ушбу шахс Telegramда «Right Ktrel» аккаунтидаги кураторнинг топшириғи асосида манзил ҳавола тарзида кейинчалик ушбу наркотик моддаларни тарқатиши лозим бўлган.
Шундай қилиб, кўп босқичли тезкор тадбир натижасида жами 13 килограмм 80 грамм «гашиш мойи»нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
«Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу миқдордаги наркотик восита қарийб 200 минг нафар инсонни гиёҳвандлик домига тортишга етарли бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра ушлаб қолинган мазкур наркотик моддаларнинг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчига етиб борганунига қадар 1,7 миллион доллардан ҳам ошиб кетиши мумкин эди», - дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.





