Logo

Тилла ва валюталарни болалардан фойдаланиб ноқонуний олиб чиқишга уринганлар ушланди

Bugun 14:451 daqiqa

Улардан бири гўдак боласининг таглигига 2 дона олтин қуймани, яна бири эса 14 ёшли қизининг кийимларига 40 минг долларни яширгани фош бўлди.

Тилла ва валюталарни болалардан фойдаланиб ноқонуний олиб чиқишга уринганлар ушланди © Bojxona qo’mitasi Raisining matbuot kotibi

Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг «Навоий» чегара божхона пости орқали Ўзбекистондан чиқиб кетаётган аёллардан бири гўдак фарзандининг таглиги орасига салкам 200 грамм оғирликдаги 2 дона олтин қуймани яширганча олиб чиқишга урингани фош бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қайд этилишича, аёлнинг ёнидан ҳам божхона назоратига тақдим қилинмаган 70 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари борлиги аниқланган. Мамлакатдан яширинча олиб чиқишда тўхтатилган тиллаларнинг жами қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 450 миллион сўмни ташкил қилган.

Яна бир ҳолатда республикадан чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси ўзининг 14 ёшли қизидан фойдаланиб, унинг эгнидаги кийимлари остида 40 минг долларни яшириб олиб чиқмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди.

Маълумот учун, жисмоний шахслар томонидан 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистондан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишга рухсат этилади. Мазкур меъёр норезидент шахсларга ҳам бирдек тааллуқлидир.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтин нархи ўсиши Ўзбекистон бюджетга 70 триллион сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтириши ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid