Logo

Тошкент ҳавоси нега айнан куз-қиш мавсумида кўпроқ ифлосланади?

Bugun 19:232 daqiqa

Иқлим ўзгариши бўйича мутахассислар пойтахтдаги ҳаво сифати биргина омилга боғлиқ эмаслигини айтди.

Тошкент ҳавоси нега айнан куз-қиш мавсумида кўпроқ ифлосланади?

Тошкентда совуқ мавсумда шамол сустлашиши, айрим пайтларда эса ҳарорат инверсияси юзага келиши натижасида зарарли моддалар ерга яқин қатламларда тўпланиб қолади. Пойтахт тоғолди ҳудудда жойлашгани сабабли ҳаво алмашинувида шамол йўналиши ва тезлиги муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти профессори Бахтиёр Холматжонов айтди.

Унинг айтишича, вазиятни ёғингарчиликнинг камлиги ҳам мураккаблаштирмоқда. Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Саттаров фикрига кўра, 26-октябр ҳолатига пойтахтда 3,9 мм ёғингарчилик қайд этилган. Бу 23,7 ммлик меъёрдан қарийб олти баробар кам. Қолаверса, сўнгги ўн йилда совуқ даврдаги шамолсиз, кам шамолли ва ёғингарчиликсиз шароитлар аввалги иқлимий даврга нисбатан 57 фоизга кўпайган.

Сунъий йўлдош кузатувлари ҳам бу жараённи ўрганишга ёрдам бермоқда. 25–26-октябр кунлари Тошкент ва унга туташ ҳудудлар, қисман Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларини йирик чанг массалари қамраб олган. Таққослаш учун, 4–5-октябрда ёмғир ёққан пайтда ҳаво сифати индекси (AQI) 51–66 бўлган. Кейинчалик эса ифлосланиш кўрсаткичлари ошган.

Шу билан бирга, куз-қиш ойларида иситиш тизимлари ва инсон фаолияти билан боғлиқ бошқа манбалардан чиқадиган моддалар ҳам кўпаяди. Уларнинг ҳаво сифатига таъсири об-ҳавога қараб ўзгариб туради.

Қайси омилнинг улуши кўпроқ?

Буни аниқлаш учун президент фармони билан ташкил этилган Ихтисослаштирилган ҳаво лабораторияси маркази Тошкентнинг барча туманларидан намуналар олиб, тадқиқотлар ўтказмоқда. Марказ раҳбари Зикрилла Алимовнинг билдиришича, замонавий ускуналар ёрдамида ифлослантирувчи моддаларнинг келиб чиқиш манбалари ўрганиляпти. Ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш кўзда тутилган.

Ушбу мутахассисларнинг айтишича, пойтахтдаги ҳаво сифати биргина омилга боғлиқ эмас. Табиий шароитлар билан бирга инсон фаолиятининг таъсирини ҳам аниқ ўрганиш муаммога илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент ҳавоси нега айнан куз-қиш мавсумида кўпроқ ифлосланади? | Vaqt.uz