Тошкент вилоятида адвокат 10 минг доллар билан ушланди
Тошкент вилоятида 10 минг доллар эвазига суд ҳукмини ўзгартириб беришни ваъда қилган адвокат қўлга олинди
© Foto: DxxДавлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик бюроси адвокати қўлга олинди.
Маълум қилинишича, у маҳаллий фуқарога нисбатан суд томонидан тайинланган 2 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзининг суд тизимидаги танишлари орқали енгиллаштириб беришни ваъда қилган.
Адвокат ушбу хизмат эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган ва пулни олиш жараёнида ашёвий далиллар билан қўлга тушган
Тергов жараёни
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Учтепа туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг Тергов бўлими томонидан Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга қўлланилган қамоққа эҳтиёт чорасини танишлари орқали уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириб бериш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган адвокатлик бюроси адвокати ҳамда адвокатлик ҳайъати адвокати қўлга олинган эди.
Огоҳлантириш
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда бефарқ бўлмасликка чақирди.
Хусусан, бундай ҳолатлар ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкинлиги таъкидланди.





